Вафо ва садоқат тараннуми
  • 01 Март 2016

Вафо ва садоқат тараннуми

Истиқлол барча соҳалар қатори миллий адабиётимиз, муаззам шеъриятимиз ривожида ҳам янги бир юксалишни бошлаб берди.

Буни нафақат ижод аҳли, балки адабиёт мухлислари ҳам юрак-юракдан ҳис этади. Ўзбекистон халқ шоири Зулфиянинг ижодий тақдири бунинг ёрқин мисолидир. Ватан ва миллат, меҳр ва муҳаббат туйғуларини ўзига хос бадиий услубда, баланд пардаларда куйлаган шоира Президентимиз Ислом Каримов таъбири билан айтганда, маънавий жасорат тимсолига, вафо ва садоқат рамзига айланди.
Шоира ижодининг мавзу кўлами анчайин кенг, образ ва тимсоллар олами беҳад бой. Унинг мероси, таҳлили, айниқса, тонг тимсолига айрича меҳр қўйганини, орзу-умидлари ва нафис туйғуларини, изтироблари ҳамда армонларини  ушбу тимсол замирига маҳорат билан жойлай билганини кўрсатади. “Муҳаббат тонги кулганда”, “Биз тонгни севган-чун”, “Саҳар мен билан...”, “Менинг тонгим”, “Тонгда сўз қудуғин тубига чўкиб...”, “Тонг”, “О, эртам, энг гўзал афсонам”... Сарлавҳаларнинг ўзиёқ шоиранинг тонгни қанчалар қадрлагани исботидир. Унингча, тонг — тиниқлик ва ёруғлик рамзи. Бу тиниқлик наинки оламга, кўнгилларга ҳам сафо бахш этади.
Биз тонгни севган-чун, соф кўкимизга
Уфқдан ўтолмас зулмат дудлари —
дея образли фикр юритади шоира.
Шеърларида изҳор этилганидек, тун ўтиб, чорбоғдан саҳарги туман кўтарилар экан, шоира чироқ сўндириб, отаётган тонгни кутди. Ёрқин тонгга етишар экан, тундан омон чиққан жонини нур сийлаганидан қувонди. Шомнинг устидан ял-ял кулган ҳар саҳар унга халқининг юрагига сафар қилмоқ имконини берди.
Ижодкорнинг маҳорати шундаки, бошқалар ҳам бир хил кузатиш имконига эга бўлган ҳодисада у ўзгаларнинг хаёлига келмайдиган қонуниятларни пайқай олади. Ўзи ҳис этган туйғуни ўзгаларнинг шуурига келиши қийин бўлган оҳорли шаклда ифодалай билади. Табиат ва жамият тонгидаги ажиб мутаносибликни тажассум этган мана бу мисралар ушбу фикрни тасдиқлайди:
Менинг тонгим қалбимда отар,
Ўйдан, кўздан ҳайдаб уйқуни.
Ўйдан, кўздан зулматнинг ҳайдалиши, қалбларда тонг отиши — барча мутафаккирлар шуни орзу қилиб келмаганми?! Қалбида тонг отган одам — мудроқ фикрлардан, ғафлат уйқусидан халос бўлган, оламга кўнгил кўзи билан қарай оладиган, фақат зоҳирни эмас, моҳиятни ҳам англашга қурби етадиган одам. Бундай кишиларнинг кўпайиши — жамиятнинг бахти. Ана шундай теран ҳақиқатларни мужассам этгани жиҳатидан ҳам юқоридаги шеър алоҳида эътиборга молик.
Ўтаётган вақтни, умрни қадрлаш тўғрисида жуда кўп асарлар битилган. Бу ҳақда ёзмаган шоиру адибни топиш амримаҳол. Ана шу кўҳна мавзуда қалам тебратар экан, Зулфияхоним тамомила янгича йўлдан боради. Ўзигача бўлган бирорта ҳам ижодкорни такрорламайди, мавзуга ўзгача ракурсда ёндашади, ўзгача миқёсда фикр юритади:
Тундан юлган тонгим:
Гоҳ бир шеър,
Гоҳ ўқилган бир китоб бўлур,
Гоҳ умрнинг ўтган беҳосил
Саҳфасига бўм-бўш боб бўлур.
Тундан юлинган тонг... бир шеър ёхуд бир китоб мутолаасига бағишланиши — вақтнинг исроф қилинмаганидан далолат. Агар тонг умрнинг беҳосил ўтган саҳифасига бўм-бўш боб бўлса-чи? Бундан Яратганнинг ўзи асрасин. Шоира ана шундай теран, таъсирчан, оҳорли фикрларни шеърга солади. Ўқувчининг руҳида, қалбида, шуурида огоҳлик ҳиссини уйғотади.
Тонгнинг зидди — тун. Бир шеърида шоира тунни севмай қўйганини айтади. Чунки у бир сирни туйган: ҳар тун умридан бир кунни узиб кетади. Модомики, ҳушёр тортмаса, тома-тома кўл бўлгани сингари умрни буткул маҳв этиши ҳеч гап эмас. Унинг тонгни севиши сабаби шунда.
Дарҳақиқат, бешафқат вақт синовидан ўтиб, халқимизнинг қалб мулкига айланган Зулфияхоним асарларини мутолаа қилар экан, ўқувчи ўзини бамисоли нурафшон тонг қаршисида тургандек ҳис этади. Кўнгиллар унинг нафис сеҳридан, гўзал латофатидан ўзгача файз туйғусини туяди. Бу тонг барча элпарвар ижодкорлар сингари Зулфияхоним ҳам интиқиб кутган, суюб қаршилаган, жонбахш эпкинларидан кўнгли тоғ қадар юксалган Истиқлол тонгидир. Бу тонг насими шоира қалбидан чуқур жой олди, кўнглига ҳаловат берди. Зеро, у назмга ихтиёр, эркинлик ато этди, миллий шеърият равнақига замин яратди:
Ҳуррият, келдингми, наҳотки, келдинг?!
Пинҳона соғиндим, пинҳона кутдим.
Ёмғирга бағрини тутган саҳродек
Сенинг насимингга қалбимни тутдим.
Ишонч билан айтиш мумкинки, шоира ижоди бундан кейин ҳам истиқлол ва истиқбол тонги янглиғ вафо ва садоқат, меҳр ва муҳаббат нурлари билан кўнгилларга ёруғлик бағишлайверади.

Нурбой ЖАББОРОВ,
Ўзбекистон Миллий университети профессори.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn