Пойтахт учун муносиб такси хизмати
  • 01 Март 2016

Пойтахт учун муносиб такси хизмати

Замонавий шаҳарни таксиларсиз тасаввур қилиш қийин.

Бундай транспорт воситаси қадимги Римдаги икки ғилдиракли аравалар ва Лондондаги усти ёпиқ извошлардан тортиб то “Рено” русумли илк таксомотор ҳамда Нью-Йоркнинг ҳаммага таниш сариқ рангли автомобилларигача бўлган ривожланиш йўлини босиб ўтган. Таксининг афзалликлари аён: у кўзланган манзилга тез ва қулай етказиб қўяди. Бундан ташқари, ушбу хизматдан исталган вақтда фойдаланиш мумкин.
Бугунги кунда такси хизмати даражаси инфратузилмани баҳолаш тамойилларидан бири ҳисобланади. Бинобарин, барча мамлакатда мазкур соҳа давлат томонидан тартибга солиб келинади. Ўзбекистонда ҳам бу борада изчил чора-тадбирлар амалга оширилаётир.
Шундай бўлса-да, шаҳарларимиз кўчаларида айрим ноқонуний киракашлар фаолият юритишда давом этаётир. Яқинда Тошкент шаҳрида хавфсизликни таъминлаш ҳамда транспорт хизматлари кўрсатиш қоидаларига риоя этилиши устидан назоратни кучайтириш мақсадида шаҳар ҳокимлиги махсус департаменти, пойтахт йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси, солиқ органлари ҳамда транспорт компаниялари ходимларидан иборат ишчи гуруҳ томонидан йўловчиларни лиценциясиз ташиш ҳолатларини аниқлаш бўйича рейдлар уюштирилди. Ўн кун давомида 180 дан ортиқ ноқонуний таксичилар фаолияти аниқланди. Мазкур тадбирга масъул бўлганларнинг айтишича, бу жараён яна давом эттирилади. Бунда йўлларда ўрнатилган видеофиксация камералари қўшимча имконият яратиши кутилмоқда.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги Йўловчи транспортининг барча тури ҳаракатини лицензиялаш ва мувофиқлаштириш департаменти бошлиғининг ўринбосари Фарҳод МИРЗАЕВ билан суҳбатимиз тадбирдан кўзланган мақсад, пойтахтимизда такси хизмати фаолиятининг бошқа жиҳатлари хусусида бўлди.
— Шуни рўй-рост айтиш керакки, ноқонуний таксичилар мамлакатимиздаги хусусий тадбиркорликка оид қонун ҳужжатларига зид ҳолда иш юритмоқда. Уларнинг айримлари носоз автомобилларда йўловчилар, яъни сизу биз, яқинларимиз ҳаётини хавф остига қўйган ҳолда ташув хизматларини кўрсатишаяпти.
Ноқонуний такси ҳайдовчилари оддий йўловчи учун бирламчи хавфсизлик кафолатларини таъминламаганлиги учун ҳам лицензияланган (йўналишсиз) ташувчилардан фарқ қилади. Йўналишсиз таксилар ўз фаолиятини амалдаги қонунчиликка биноан олиб боради ва унинг талаблари бузилган тақдирда жавобгарликка тортилади.
Лицензия асосида фаолият юритаётган таксига чиққан йўловчи ўзини хотиржам ҳис қилиши мумкин. Чунки ҳайдовчи гараждан чиқишидан олдин тиббий кўрикдан ўтади. Жумладан, унинг умумий саломатлиги, алкоголь маҳсулотлари истеъмол қилган-қилмагани текширилади. Сўнг шифокор йўл варақасига штамп қўяди. Шу жойга автомобиль транспорти воситаси техник кўрикдан ўтказилгани ҳақида навбатчи механик томонидан белги қўйилади. Машинанинг нафақат созлиги, айни пайтда унинг ташқи кўриниши, санитария ҳолати ҳам текширилади. Бундай иш тутиш хавфсизлик талабларига мувофиқ транспорт хизмати кўрсатишни кафолатлаш имконини беради.
Албатта, йўлдаги эҳтимолий вазиятларни олдиндан айтиб бўлмайди. Аммо ноқонуний киракашлардан фарқли ўлароқ, йўналишсиз таксичилар йўловчи учун жавобгар бўлади. Мижоз машинага ўтиришидан бошлаб, ўз манзилига етгунигача унинг соғлиғи ва ҳаёти 10 минг доллар эквивалентига тенг миқдорда суғурта қилинади. Бу нарсалар багаж ва қимматбаҳо буюмларга ҳам тааллуқлидир. Буюмларнинг йўқолиши ёки уларнинг шикастланиши минг долларгача эквивалент миқдорида суғурта билан қопланишини кўзда тутади.

— Лицензия олиш учун нима қилиш керак ва бунинг ҳайдовчи учун қандай афзал жиҳатлари бор?
— Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 9 мартдаги “Автомобиль транспортида йўловчилар ташиш соҳасидаги тадбиркорлик фаолиятининг алоҳида турларини амалга оширишни тартибга солиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, автомобиль транспортида йўловчиларни шаҳар, шаҳар атрофи, шаҳарлараро, халқаро йўналишларда тижорат асосида ташиш фаолияти фақат юридик шахслар томонидан бажарилади.
Жисмоний шахслар шаҳардаги мавжуд такси паркларига мурожаат қилиши ҳамда улар билан шартнома имзолаши керак бўлади. Шундан сўнг лицензиялаш жараёни бошланади. Ҳукумат қарорига кўра, давлат божи ундирилади. Шаҳарда ҳаракатланадиган тўрт ўриндиқли оддий енгил автомобиль учун йиллик давлат божи тўлови миқдори 75 доллар эквивалентига тенг. Тўлов Марказий банкнинг ўша кундаги курси бўйича миллий валютада амалга оширилади.
Шуни айтиш керакки, лицензия ижарага олинган автомобилларга ҳам берилади. Транспорт воситаси ташқи ва ички маълумотларга эга бўлган ягона танитадиган белгилар билан жиҳозланиши керак. Ташқи белгилар гуруҳига автотранспорт воситасининг тепасига қўйилган тўқ сариқ рангли фонарга “TAXI” танитувчи белгисини ўрнатиш, шахмат тартибида жойлаштирилган қора квадратлардан иборат бўлган композиция ва автотранспорт воситасининг олдинги эшикларидаги “Т” ҳарфлари, автотранспорт воситасининг олдинги эшикларидаги юридик шахс — ташувчининг номи, махсус сериядаги давлат рақами белгиси киради. Тошкент шаҳрида йўналишсиз таксилар сифатида ишлашга “фил суяги” рангидаги автотранспорт воситалари қўйилади. Йўналишсиз таксиларни ички маълумотлар билан таъминлаш қуйидагиларни ўз ичига олади: олд ойнанинг юқоридаги ўнг бурчагига жойлаштирилган яшил рангли ёритиш чироғи, таксометр (ҳисоблагич), радиоалоқа воситаси, автотранспорт воситасининг давлат рақами белгиси, ҳайдовчининг фамилияси, исми, отасининг исми ва фотосурати, иш вақтининг бошланиши ҳамда тугаши, йўлкира қиймати, ташувчининг манзили ва телефон рақами, лицензия ҳамда суғурта ҳақида манбалар акс этган маълумотлар табличкаси.
Керакли атрибутларни харид қилиш харажатлари такси парклари томонидан қопланади, машинани белгиланган рангга бўяш эса автотранспорт воситаси эгаси томонидан амалга оширилади. Лекин кўп ҳолларда ташиш хизматини кўрсатадиган компаниялар ҳайдовчига қулай бўлиши учун ушбу харажатларни ҳам ўз зиммасига олади. Ҳайдовчи эса ҳайдовчилик гувоҳномасида “В” рухсат белгиси мавжуд, 21 ёшга тўлган, камида уч йиллик ҳайдовчилик стажига эга бўлиши лозим. Тегишли талабларга риоя қилинса ҳамда барча ҳужжат бор бўлса, такси паркида ишлаш учун лицензия икки иш кунида берилади.
Ҳайдовчи ўз фаолиятида қонунийликка риоя қилса, бунинг афзалликлари ва устун жиҳатларини яққол англайди. Аввало, лицензиясиз автомобиль транспортида йўловчиларни ташиш билан шуғулланганлиги учун қонун ҳужжатларида белгиланган жарималардан қутилиб қолади. Бу жарималар фуқаролар учун энг кам иш ҳақининг 20 бараваридан 100 бараваригача, мансабдор шахслар учун эса 50 бараваридан 150 бараваригача миқдорда белгиланган. Такси ҳайдовчиси меҳнат қонунчилигига биноан ишга жойлашади. Демак, унга стаж ҳисобланади, ҳақ тўланадиган меҳнат таътили берилади, хаста бўлган ҳолатларда эса маоши касаллик варақаси асосида қопланади. Бундан ташқари, такси парки меҳнат шартномасига мувофиқ автомобилни технологик ишлар режасига киритади. Албатта, техник хизмат кўрсатилади.

— Йўналишсиз такси ва ноқонуний киракашлар ўртасида яна бир фарқ бор. У ҳам бўлса йўлкира ҳақида...
— Албатта, қонуний фаолиятнинг харажатлари ноқонуний киракашлар билан таққослаганда кўпроқ. Бу автомобиль парки бутунлигини таъминлаш, корхона меҳнат жамоасига маош тўлаш, шунингдек, солиқлар, пенсия жамғармасига ўтказмалар ва бошқа харажатлар билан бевосита боғлиқдир. Ноқонуний киракаш юқорида қайд этилганларнинг бирортасига чиқим қилмайди. Боз устига, мавжуд нархларни демпинг усулини қўллаб кескин тушириб юборади, носоғлом рақобат муҳитини яратади. Афсусланарлиси, бундай одамлар келажакда ҳалол фуқароларнинг ҳисобидан пенсия ва бошқа ижтимоий ёрдамларни олишга умид қилади. Улар аксарият йўналишсиз таксилар фойдаланаётган GPS қурилмалар, навигаторларга харажат қилишмайди. Бу техника воситалари мақбул йўналишни танлаш ва янада қулай хизмат кўрсатиш учун жуда ҳам зарурдир. Аксарият такси хизматлари ишга қабул қилишда ҳайдовчиликка номзодларни танлов асосида ёллашга ҳаракат қилади, уларнинг манзилни нечоғли билиши текширилади. Бу борада ноқонуний киракашлар етарлича билим ҳамда кўникмага эга, дея олиш жуда мушкул. Шунинг учун ҳам профессионал ҳайдовчи ўз меҳнати учун бирмунча кўпроқ ҳақ олиши табиий.
Аммо йўналишсиз таксилар учун ҳам қатъий белгиланган ҳақ ўрнатилади. Молия вазирлигининг қарори асосида Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан ҳар бир километр учун энг юқори ҳақ миқдори мунтазам белгилаб борилади. Бугунги кунда, мисол учун, у “эконом-класс” автомобилларида ҳар бир километр учун 500 сўмни, “бизнес-класс” учун 800 сўмни ташкил қилади.
Маълум бир манзил бўйича ҳақ миқдорини диспетчерга буюртма берилаётган пайтдаёқ аниқлаштириб олган маъқул. Рақобат муҳити шаклланган бугунги бозор шароитида бу нарх у даражада қиммат эмас.

Руслан КЕНЖАЕВ суҳбатлашди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn