Тадбиркорликка йўналтирилаётган сармоялар
  • 27 Февраль 2016

Тадбиркорликка йўналтирилаётган сармоялар

ишлаб чиқаришни ривожлантириш ва аҳоли фаровонлигини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда

Бугун мамлакатимизнинг қайси бир гўшасига борманг, улкан бунёдкорлик ишлари устидан чиқасиз, ижтимоий-иқтисодий соҳаларда кузатилаётган барқарор ривожланиш суръатларига гувоҳ бўласиз. Буларнинг барчаси, аввало, мустақил Ватанимизда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталик туфайлидир. Иқтисодий тараққиётимизнинг ҳал қилувчи кучи сифатида намоён бўлаётган кичик бизнес ҳамда хусусий тадбиркорлик соҳасида эришилаётган натижалар алоҳида таҳсинга лойиқ. Зеро, саноатни ривожлантириш, ички бозорни сифатли маҳсулот ва хизматлар билан тўлдириш, аҳоли бандлигини таъминлашда уларнинг ўрни ниҳоятда катта.

Таъкидлаш керакки, хусусий секторнинг жадал суръатларда тараққий топишида истиқлол йилларида соҳанинг ташкилий-ҳуқуқий асоси яратилиб, тадбиркорларнинг ташаббуслари молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватланаётгани муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда. Бу жараёнда Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банкининг Самарқанд вилояти бўлими жамоаси ҳам фаол қатнашиб, иқтисодиётимизнинг саноат, реал сектор корхоналари, қишлоқ хўжалиги, оилавий бизнес ҳамда хусусий тадбиркорлик каби етакчи тармоқларини ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш билан боғлиқ лойиҳалар ижросида молиявий мададкор, яқин кўмакчига айланган.

Дарҳақиқат, бўлим томонидан 2015 йилда тизимни янада мустаҳкамлаш, капиталлашув даражасини ошириш мақсадида нақд пул маблағларининг банкдан ташқари айланмасини қисқартириш, аҳоли ва хўжалик юритувчи субъектларнинг бўш маблағларини омонатларга жалб этиш, пластик карточкалар орқали ҳисоб-китоб қилиш тизимини ривожлантириш бўйича кўрилган изчил чора-тадбирлар молиявий барқарорликни таъминлаб, инвестициявий фаолликнинг ошишида асосий омил бўлди. Бу, ўз навбатида, аҳолининг банк тизимига ишончини янада мустаҳкамламоқда.

— Ҳозирги пайтда бўлимимиз ҳамда унинг филиаллари орқали 8 минг 643 та юридик ва 126 минг 975 та жисмоний шахсга хизмат кўрсатиб келинмоқда, — дейди “Ўзмиллийбанк” Самарқанд вилояти бўлими бошқарувчиси Олтибой Турсунов. — 

2016 йилнинг 1 январь ҳолатига кўра, кредит қўйилмалари 358,6 миллиард сўмни ташкил этиб, шунинг 97 фоизи узоқ муддатли кредитлар улушига тўғри келди. Сармояларнинг асосий қисми Президентимиз ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорларига мувофиқ, ҳудуд саноат салоҳиятини юксалтириш, янги қувватларни ишга тушириш, мавжудларини эса техник ва технологик жиҳатдан модернизациялашга йўналтирилаяпти. Пировардида ички бозорга юқори сифатли маҳсулотлар етказиб берилиши баробарида, экспортда қўшимча қийматга эга товарлар улуши тобора ортмоқда.

Таъкидлаш ўринлики, кичик бизнес субъектлари, хусусий тадбиркорлик, деҳқон ҳамда фермер хўжаликларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш банк бўлими -фаолиятининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Ўтган йили ушбу соҳалар равнақи учун барча манба ҳисобидан 181,3 миллиард сўм миқдорида кредитлар ажратилгани, бунинг эвазига жами 3 минг 160 та иш ўрни яратилгани қувонарлидир.

Банк сармоялари мақсадли сарфланиб, нечоғли юқори самара бераётганини унинг мижозлари қўлга киритаётган юксак натижалар ҳам яққол тасдиқлайди.

Саъдулло ШОДИЕВ, “Zamon textile export” МЧЖ раҳбари:

— Юртимизда тадбиркорлик қилиш истагидаги кишиларнинг мустақил бизнес -фаолиятини йўлга қўйиб олиши учун барча шарт-шароит яратиб берилган. Айниқса, тижорат банклари томонидан кўрсатилаётган молиявий хизматлар алоҳида эътирофга лойиқ. Масалан, бизнинг пойабзал маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган корхонамиз фаолият бошлашида “Ўзмиллийбанк”нинг Самарқанд вилояти бўлими яқиндан кўмаклашди. Яъни унинг Амалиёт бошқармаси томонидан Хитой давлат тараққиёт банкининг кредит линияси орқали ажратилган 3,5 миллион АҚШ доллари миқдорида узоқ муддатли кредит йўналтирилди.

Айни пайтда корхонамизда 40 нафар киши меҳнат қилмоқда. Уларнинг ғайрат--шижоати билан ўтган йили 2,8 миллион жуфт оёқ кийим ишлаб чиқарилиб, буюртмачиларга етказиб берилди.

Келажакда бизнес фаолиятимизни кенгайтириш, маҳсулотлар турини кўпайтиришни мақсад қилганмиз. Бунда яна мазкур банкнинг молиявий ёрдамига суянамиз.

Ҳамза АМИНОВ, “Maroqand sifat” МЧЖ раҳбари:

— Кейинги йилларда нафақат марказий ҳудудларда, балки чекка қишлоқларда ҳам замонавий спорт мажмуалари, стадионлар бунёд этилиб, фойдаланишга топширилаяпти. Уларнинг қурилишида бизнинг корхонамизда ишлаб чиқарилаётган сунъий майса, ковролин (тўшаладиган материал)дан фойдаланилаётгани жамоамизга ғурур бағишлайди.

Маҳаллий хом ашёдан импорт ўрнини босувчи маҳсулот тайёрлашни йўлга қўйишимизда Миллий банкнинг Самарқанд вилояти бўлими Амалиёт бошқармаси томонидан ажратилган 4 миллион 12 минг АҚШ долларилик имтиёзли кредит айни муддао бўлди. Бу маблағнинг асосий қисми хориждан замонавий технологик линия олиб келишга сарфланди.

Бугунги кунда 210 киши меҳнат қилаётган корхонамиз тўлиқ қувватда ишлаяпти. Яъни йилига 1800 тонна маҳсулот тайёрланиб, буюртмачиларга ўз вақтида етказиб берилмоқда.

Дилдора АСЛИДДИНОВА, ёш тадбиркор:

— Ўтган йили коллежни битириш арафасида қандолатчилик фаолиятини йўлга қўйиш бўйича бизнес-режа тузиб, уни молиялаштириш учун Миллий банкнинг Самарқанд вилояти бўлимига топширган эдим. Банк мутахассислари ташаббусимизни қўллаб-қувватлаб, 18 миллион сўмлик имтиёзли кредит ажратишди. Шу тариқа кичик корхонамиз ташкил топди.

Айни пайтда бу ерда ўзим билан бирга, яна 5 нафар тенгдошим меҳнат қилаяпти. Ўтган қисқа вақт ичида 

8 миллион сўмлик маҳсулотларимизни харидорларга етказиб беришга эришдик. Бу бизни янада ғайрат-шижоат билан ишлашга ундаяпти.

Содиқ СУЮНОВ, “Asia fiber” МЧЖ раҳбари:

— Корхонамизда полиэстер тола ишлаб чиқариш йўлга қўйилган бўлиб, унга нафақат ички бозор, балки хорижда ҳам талаб катта. Шу боис 20 кишилик аҳил жамоамиз маҳсулот ҳажмини кўпайтириш пайидан бўлаяпти. Натижада ўтган йили 

4517 тонна экспортбоп товар ишлаб чиқарилиб, унинг 

5,5 миллиард сўмлиги маҳаллий, 1,39 миллион АҚШ долларилик қисми эса хорижлик буюртмачиларга етказиб берилди.

Қўлга киритилаётган ушбу муваффақиятларда “Ўзмиллийбанк” Самарқанд вилояти бўлимининг кўмаги катта. Сабаби, корхонамизни ташкил этиш, уни зарур ускуна ва -дастгоҳлар билан жиҳозлашда мазкур молия муассасасининг 3,57 миллион АҚШ долларилик узоқ муддатли кредитидан унумли фойдаландик.

Айни пайтда хориждан қўшимча технологик линияларни келтириш, иш ўринларини кўпайтириш чораларини кўраяпмиз. Албатта, ушбу саъй-ҳаракатларда ҳам банк бизга энг яқин кўмакчи бўлишига ишонамиз.

* * *

Шу ўринда айтиш жоизки, вилоятда экспортчи корхоналар сафи йил сайин -кенгаймоқда. Бунда Миллий банк ҳузуридаги Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси вилоят филиалининг ҳиссаси, айниқса, катта бўлаяпти. Чунки улар ишбилармонларга ташқи бозорларга чиқишлари учун ташкилий, ҳуқуқий ҳамда молиявий хизматлар кўрсатиб келмоқда. Пировардида 2015 йил давомида 32 та тадбиркорлик субъекти томонидан 188,5 миллион АҚШ долларилик экспорт шартномалари имзоланиб, улар доирасида 116,3 миллион долларлик ташқи савдо амалиётлари бажарилди.

Умуман олганда, бир йил давомида 242 та тадбиркорлик субъектига хориж бозорларини ўрганиш, чет эллик ҳамкорлар топиш, халқаро кўргазмаларда қатнашиш, сертификатлар олиш ва божхона расмийлаштирувини амалга оширишида яқиндан ёрдам берилди.

“Ўзмиллийбанк” Самарқанд вилояти бўлими мижозлари томонидан бажарилган экспорт амалиётлари бўйича валюта миқдори таҳлил қилинганда, шу йилнинг 

20 февралига қадар 14 миллион 122 минг АҚШ долларидан ортиқ маблағ тушгани маълум бўлди. Бундай натижага эришилишида қишлоқ хўжалиги тармоқларини янада ривожлантириш, сифатли маҳсулотлар етиштириш ҳажмини кўпайтириш, фермер хўжаликлари ҳамда агрофирмаларни молиявий қўллаб-қувватлаш бўйича кўрилаётган кенг кўламли чора-тадбирлар муҳим аҳамият касб этди.

Президентимиз ташаббуси билан қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, молиявий хизматлар кўрсатиш сифати ҳамда тезкорлигини юксалтириш бўйича ҳаётга татбиқ қилинаётган ислоҳотлар замирида аҳоли фаровонлигини таъминлаш, турмуш даражасини оширишдек эзгу мақсадлар мужассам. Ташқи иқтисодий фаолият миллий банкининг Самарқанд вилояти бўлими жамоаси буни чуқур ҳис этган ҳолда, юртимиз иқтисодиётининг равнақи йўлида самарали меҳнат қилиб, фаол, ташаббускор, шижоатли тадбиркорларни қўллаб-қувватлаб келмоқда.

Бу борадаги ишлар Соғлом она ва бола йилида янада кенг кўлам касб этиши, соҳага йўналтирилаётган сармоялар ҳажми кўпайтирилиши устувор мақсад қилиб олингани, айниқса, эътиборга моликдир.

Мамадиёр ЗИЁДИНОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn