Демократик ислоҳотларнинг муҳим мезони
  • 26 Февраль 2016

Демократик ислоҳотларнинг муҳим мезони

Пойтахтимизда Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институтининг “Ўзбекистонда фуқаролик жамияти ривожланишининг сифат ва миқдор ўзгаришлари” мавзуидаги йиллик ҳисобот конференцияси бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари, давлат ва жамоат ташкилотлари, етакчи илмий тадқиқот ва таълим муассасалари, мамлакатимизда аккредитациядан ўтган хорижий ва халқаро ташкилотлар, дипломатик корпус вакиллари ҳамда журналистлар иштирок этди.

Конференцияда мамлакатимизни демократик янгилаш, модернизация қилиш жараёнлари тобора чуқурлашаётгани, ислоҳотларнинг “ўзбек модели”га кўра, кучли давлатдан кучли фуқаролик жамиятига ўтиш тамойили йилдан-йилга жадал суръат ҳамда самарадорлик касб этаётгани алоҳида таъкидланди. 

Дарҳақиқат, ҳуқуқий демократик давлат ва кучли фуқаролик жамиятини  барпо этиш миллий тараққиётимизнинг негизи ҳисобланади. Барча жабҳадаги ўзгариш ва янгиланишларнинг пировард мақсади шунга йўналтирилган бўлиб, бу, ўз навбатида, инсон манфаатлари  устуворлигига, жамиятда демократик қадриятларнинг қарор топишига хизмат қилмоқда. 

Ўтган давр мобайнида юртимизда фуқаролик институтларининг роли ва аҳамиятини кучайтиришга, фуқароларнинг энг муҳим социал-иқтисодий муаммоларини ҳал этишга қаратилган 200 дан ортиқ қонун ҳужжатлари қабул қилинди. Айниқса, Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясига биноан амалиётга татбиқ этилган “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги (янги таҳрирда), “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги, “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги, “Экологик назорат тўғрисида”ги қонунлар ҳамда бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар маҳалла институти, сиёсий партиялар, нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари такомиллашувида муҳим асос бўлмоқда.

Ўз навбатида, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти томонидан нодавлат секторнинг ривожланиш тенденцияларини ўрганиш мақсадида қатор тадбирлар ташкил этилаяпти. Шу ўринда айтиш керакки, мамлакатда кечаётган ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий жараёнларни, фуқароларнинг ҳуқуқий маданияти юксалишини таҳлил қилиш ва баҳолаш, ижтимоий-иқтисодий янгиланишда фуқаролик жамияти институтларининг роли ва аҳамиятини кучайтириш бўйича аниқ ҳамда пухта тавсиялар ишлаб чиқиш, кўппартиявийлик тизимини ривожлантиришда фаол иштирок этиш сингари вазифаларни изчил бажариб келаётган ушбу нодавлат тузилма олиб бораётган мониторинг натижаларини демократик ислоҳотларнинг ўзига хос ифодаси, дейиш мумкин.

Тадбирда қайд этилганидек, 2015 йилда институт ва унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан фуқаролик жамияти ривожланишининг турли жиҳатларига бағишланган икки мингдан зиёд тадбирлар ўтказилди.  Бундан ташқари, БМТ Тараққиёт дастури, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси, Ф. Эберт номидаги фонд  ва бошқа хорижий ҳамда миллий шериклар билан ҳамкорликда фуқаролик жамияти шаклланиши соҳасида, жумладан, ишлаб чиқилаётган қонун лойиҳалари бўйича тараққий этган давлатлар тажрибасини ўрганиш саъй-ҳаракатларининг салмоғи ҳам ортди. 

— Мамлакатимизда фуқаролик жамиятининг ривожланиши бир-бирини тўлдирувчи икки йўналишда давом этмоқда, — дейди ФЖШМҚМИ директори ўолибжон Абдукаримов. — Аввало, ҳар томонлама чуқур ўйланган, мустаҳкам ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитларнинг яратилиши натижасида давлат ва жамият ўртасида воситачи сифатида иштирок этувчи, аҳоли турли қатламининг манфаатларини ҳимоя қилишга кўмаклашувчи нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, касаба уюшмалари ва сиёсий партиялар ҳамда оммавий ахборот воситаларининг мавқеи, роли тобора ошиб бормоқда.

Шу билан бирга, аҳолимизда фаол фуқаролик позицияси шаклланаётгани,  юрт тараққиётига дахлдорлик ҳисси ортаётгани фуқаролик жамиятининг равнақ топишида асосий омил бўлаётир. Институтимиз ва бошқа экспертлар жамоаси томонидан ўтказилган тадқиқотлар ҳамда ижтимоий сўровлар шуни кўрсатмоқдаки, фуқароларимизда ўз конституциявий ҳуқуқ ва мажбуриятларини тўлиқ англаган ҳолда, кенг кўламли ислоҳотларда муносиб иштирок этиш кайфияти кучайиб бормоқда. Бу айни муддаодир.

Иштирокчилар 2015 йилнинг январь ойидан кучга кирган “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги Қонун давлат органларининг нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан ўзаро ҳамкорлигини янги босқичга олиб чиққанини таъкидладилар. Ушбу ҳужжат доирасида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари ҳузурида ижтимоий шериклик бўйича жамоат комиссиялари тузилди. Бу эса нодавлат тузилмаларнинг янада эркин ва самарали фаолият юритиши учун қўшимча ташкилий-ҳуқуқий шароитларни яратишда жойлардаги вакиллик ҳамда ижро ҳокимияти органларининг масъулиятини оширишга туртки беради.

Албатта, ННТ, ОАВ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари давлат томонидан ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани алоҳида эътиборга моликдир. Сўнгги саккиз йил мобайнида уларнинг ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳа ва дастурларини рўёбга чиқариши учун давлат бюджетидан 47,7 миллиард сўм маблағ йўналтирилди. Бундай кўмак туфайли Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан ўтказилаётган грант танловларида қатнашган ННТ сони сезиларли даражада ошиб бормоқда. Умуман олганда, мамлакатимизда ННТ сафи тобора кенгаяётгани, бунга ҳамоҳанг равишда уларнинг фаолиятидаги сифат кўрсаткичлари ҳам юксалаётгани диққатга сазовордир. 2016 йилнинг 1 январь ҳолатига кўра, нодавлат нотижорат ташкилотлари сони 8 минг 417 тага етди. Ҳолбуки, 1991 йилнинг бошида бу рақам атиги 95 тани ташкил этган, холос.

— Нодавлат нотижорат ташкилотлари таълим-тарбия, соғлиқни сақлаш, экология, аёллар ҳамда ёшлар манфаатини ҳимоя қилиш, ёши улуғ инсонлар, ногиронлар ва бошқа эҳтиёжманд қатлам вакилларини қўллаб-қувватлаш, тадбиркорлик ва фермерликни ривожлантириш, меҳнат бозорида барқарорликка эришиш  бўйича муҳим дастурлар ижросини таъминлашга кенг жалб этилмоқда, — дейди Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси кенгаши раиси Абдумажид Каримов. 

Конференцияда, шунингдек, мамлакатимизда оммавий ахборот воситалари жадал ривожланаётгани, уларни янада рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаш, ОАВнинг иқтисодий мустақиллиги ҳамда эркинлигини таъминлаш бўйича самарали давлат сиёсати амалга оширилаётгани  эътироф этилди. Мустақил ОАВнинг жамоатчилик назорати тизимидаги роли  кўриб чиқилди ва ижобий баҳоланди. 

2014 йилда қабул қилинган “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Қонун давлат бошқарувини демократлаштириш механизмини такомиллаштириб, фуқароларнинг ижтимоий фаоллигини, хусусан, ахборот излаш, олиш ва тарқатиш билан боғлиқ конституциявий ҳуқуқларини  таъминлашда дастуриламал бўлаётгани  қайд этилди.

Конференция доирасида давлат ҳокимияти ва бошқарувини демократлаштириш жараёнида сиёсий партияларнинг тутган ўрни ҳам кўриб чиқилди. Маърузачилар юртимиздаги сиёсий партиялар фаолиятининг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳамда бир қатор қонунларда белгиланган ҳуқуқий асослари тўғрисида фикр юритишди. Мамлакатимизда кўппартиявийлик тизими ва сиёсий плюрализмни ривожлантириш учун кенг шароит яратилгани айтиб ўтилди. 

Жамиятимизни ислоҳ этиш ва демократлаштириш, мамлакатимизни модернизация қилиш жараёнида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига алоҳида ўрин ажратилган. Мустақиллик йилларида маҳалла жаҳон ҳамжамияти томонидан фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлайдиган адолатли институт сифатида тан олинган ноёб тузилмага айланди. Бугунги кунда маҳалла институтининг  давлат ва жамият ҳаётида нуфузи ошиб бораётгани демократик  ислоҳотларнинг халқчиллигидан далолат беради.

Ҳозирги вақтда юртимизда фуқаролар йиғинлари илгари маҳаллий ҳокимият органлари ваколатига кирган ўттиздан ортиқ вазифаларни бажариб, аҳолини аниқ манзилли ижтимоий муҳофаза қилиш, фуқароларнинг манфаатлари ҳимоясини таъминлашга оид кўплаб масалаларда ташаббускор бўлмоқда.

Маҳаллаларда жамоатчилик назорати давлат ҳокимияти органлари ҳамда муайян корхона ва ташкилотлар раҳбарларининг ҳисоботларини эшитиш тарзида ҳам йўлга қўйилган. Ўтган йили Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги туман (шаҳар) ҳокимларининг маҳаллаларда 7 минг 600 мартадан ортиқ ҳисоботлари эшитилди. Шунингдек, ҳудудлардаги бандликка кўмаклашиш марказлари, тиббиёт бирлашмалари, халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлимларининг,  коммунал хизмат кўрсатиш, ободонлаштириш масалалари билан шуғулланувчи корхона ҳамда ташкилотлар раҳбарларининг ҳам ҳисоботлари тингланди.

Конференция иштирокчилари жамоатчилик назоратининг яна бир шакли бўлган фуқаролар мурожаати институти ҳам ривожланиб бораётганини, “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонун фуқароларнинг мурожаатлари бўйича давлат органлари масъулиятини оширишга замин яратганини таъкидладилар.

Қизғин, амалий руҳда ўтган муҳокамалар давомида фуқаролик жамиятини ривожлантириш борасида мавжуд имкониятлардан кенг фойдаланиш зарурлигига аҳамият қаратилди. 

Конференция якунида жамоатчилик назоратини амалга оширишда нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини такомиллаштириш, сўз ҳамда ахборот эркинлигини таъминлашда ОАВнинг ролини кучайтириш, сиёсий партияларнинг фаолиятини янада яхшилаш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилди ва қабул қилинди.

 

Сўз — конференция иштирокчиларига

Сунь ЛИЦЗЕ, Хитой Халқ Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси: 

— Ўзбекистонда фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг давлат ва жамият ишларини бошқариш, аҳолининг ижтимоий-иқтисодий фаоллигини ошириш, одамларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини таъминлаш борасидаги роли ва аҳамиятини кучайтириш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Мамлакат раҳбарияти томонидан мустақиллик йилларида амалга оширилаётган ислоҳотлар туфайли айни дамда нафақат давлат, балки нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ривожланмоқда, улар таълимни, жисмоний тарбия ҳамда спортни тараққий эттириш, экологик барқарорликни таъминлаш, аҳоли саломатлигини асраш, фуқароларга ижтимоий хизматлар ва юридик ёрдам кўрсатиш билан боғлиқ масалаларда фаол иштирок этаяпти.

Кристофер АЛЛАН, Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллигининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси: 

— Ўзбекистон тараққиётида Мамлакатда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясининг аҳамияти жуда катта. Юртингиз тарихан қисқа даврда жамият ҳаётини демократлаштириш борасида улкан ютуқларни қўлга киритди. Фуқаролик институтларининг давлат ва жамият ишларида ҳар томонлама иштирок этиши фуқаролик жамиятини барпо қилишнинг энг муҳим омилларидан бири ҳисобланади.

Криста ПИККАТ, ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари:

— Анжуман Ўзбекистонда фуқаролик жамиятини ривожлантиришнинг бугунги ҳолати ва истиқболларини муҳокама қилиш имкониятини яратиб берди. Бугун ҳар бир фуқаро ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини чуқур англаб етиши, вакиллик органлари ҳамда турли бирлашмалар орқали давлат ва жамият ишларини бошқаришда фаол қатнашиши жуда муҳимдир. Анжуманда гувоҳ бўлганимиздек, Ўзбекистонда ушбу йўналишда муҳим чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бу саъй-ҳаракатлар натижалари Ўзбекистоннинг демократик принципларга содиқлигидан далолат беради. ЮНЕСКО Ўзбекистонда рўёбга чиқарилаётган ислоҳотларни алоҳида эътироф этган ҳолда, мамлакатингизда нодавлат секторни ривожлантиришга ўз ҳиссасини қўшишга тайёрлигини алоҳида айтишни истардим.

Саодат ТУРСУНБАЕВА, “Шарқ аёли” халқаро хайрия фонди раиси:

— Фуқаролик жамияти ривожидаги сифат ўзгаришлари ҳақида сўз борганда, бу борада ННТ алоҳида ўрин тутаётганини таъкидлаш жоиз.  Хусусан, бизнинг ташкилот инновацион ғояларни амалиётга татбиқ этишга ҳаракат қилади. Мисол учун, Олий Мажлис ҳузуридаги Жамоат фонди кўмагида “Буюк Ипак йўлидаги Ўзбекистон” оммавий интернет-ресурсини ташкил қилдик. Фаолиятимизга доир бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин.

Фарида МАҲКАМОВА,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn