Таърифи етти иқлимда машҳур
  • 26 Февраль 2016

Таърифи етти иқлимда машҳур

Зардўзлик санъати Бухоронинг “ташриф қоғози”га айланган. Зеро, ҳунармандчиликнинг бу қадимий тури шу ҳудудда ривожланиб, таърифи етти иқлимга кетган. Мен ҳам ушбу касб ортидан барака топдим.

Ҳисоблаб кўрсам, қўлимга игна олиб, оз эмас, кўп эмас, 44 йил зардўзлик корхонасида ишлабман. Тиккан ҳар бир буюмим жуда қадрли. Ахир улар қалб қўри, кўз нури эвазига яратилган. Шу боис қўлимда жилоланган миллий буюмларимиз дунёнинг номдор музейлари, кўргазмалардан ўрин олганини, юртимиздаги маданият кошоналари, музейларда сақланаётганини эсласам, тўлқинланиб кетаман. Ҳаётимдан, касбу коримдан мамнун бўламан. 

Бугун миллий ҳунармандчилик санъати қайта тикланиб, бутун дунёни ўзига мафтун этмоқда. Ишонсангиз, Бухорога зардўзлигу кандакорлик, ёғоч ўймакорлигию каштадўзликнинг сеҳру синоатини ўз кўзим билан кўрай, деб чет элдан атайин келаётганлар бор. Шунинг ўзи инсонга ғурур бағишламайдими?!

1995 йилда Ўзбекистон Қаҳрамони унвонига сазовор бўлдим. Буни миллий ҳунармандчиликка бўлган юксак эътибор,  ўзбек аёлига ғамхўрлик, эъзоз ва эҳтиром, деб биламан.

Ҳозир ёшим анчага бориб қолди. Аммо бир кун ҳам бекор ўтирмайман. Ҳунар ўрганаман, деган ёшлар учун  эшигимиз эртаю кеч очиқ. Сулоламизнинг муносиб давомчилари бўлган беш нафар неварамга зардўзликнинг нозик сир-асрорларини ўргатаяпман. Уларнинг бири-биридан зийрак, уқувли, эпчил эканлигини кўриб, қувончимга қувонч қўшилади. Бу ёшларнинг худди тенгдошлари каби келажаги порлоқ эканига ишонаман. Чунки юртимизда ёш авлод вакилларининг ўз қобилиятини юзага чиқариши учун барча шарт-шароит муҳайё этилган.

Муяссар ТЕМИРОВА,

Ўзбекистон Қаҳрамони.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn