Ёшларга мададкормиз
  • 26 Февраль 2016

Ёшларга мададкормиз

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик вилоят иқтисодиёти ривожида ҳал қилувчи кучга айланган. Айни пайтда ялпи ҳудудий маҳсулотда уларнинг улуши 67,4, саноатда эса 32,6 фоизни ташкил этаётгани бунинг яққол далилидир.

Аҳолининг тадбиркорлик қобилияти юзага чиқиши, ишбилармонлар сафи йил сайин кўпайишида бизнес юритиш учун яратилган қулай муҳит муҳим аҳамият касб этаяпти. Президентимизнинг 2015 йил 15 майдаги “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони бу борадаги ишларни янги  босқичга олиб чиқди. Пировардида ўтган йилнинг ўзида вилоятимизда 1476 та кичик бизнес субъекти ташкил этилди.

Тадбиркорлик ҳаракати энг чекка туманлардан бири — Пешкуда ҳам кенг қулоч ёймоқда. Яратиб берилган қулай шарт-шароитдан оқилона фойдаланиб, “Ҳамро Раҳмон чорва” кўп тармоқли фермер хўжалигимиз фаолиятини йил сайин кенгайтираяпмиз. 

Гап шундаки, паррандачилик учун зарур ускуналар ишлаб чиқаришни йўлга қўйганмиз. Жўжани саноат усулида парваришлаш учун турли ўлчамдаги катаклар, товуқлар  патини тозаловчи аппаратлар, озуқани майдалаш ва тарқатиш жиҳозлари тайёрланаяпти. Эътиборлиси, бу ускуналарнинг барчасини ўзимиз ихтиро қилганмиз. Улар ихчамлиги, тежамкорлиги, қўл меҳнатини енгиллаштириши билан буюртмачиларга маъқул тушмоқда.

Айни дамда фермер хўжалигимиз ҳам коллеж битирувчиларини тадбиркорликка йўналтиришдек олижаноб ишга ўз ҳиссасини қўшаяпти. Яъни биология фанини чуқур ўзлаштирган коллеж ўқувчилари ҳамда бошловчи тадбиркорларни рағбатлантириб бораяпмиз. Истагимиз кичик бизнес равнақи, эл-юрт ободлигига муносиб ҳисса қўшишдир.

Шерзод РАҲМОНОВ,

халқ  депутатлари Пешку тумани Кенгаши депутати.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn