«Ягона дарча» — кенг имкониятлар маркази 
  • 25 Февраль 2016

«Ягона дарча» — кенг имкониятлар маркази 

Жорий йилнинг 1 январидан эътиборан мамлакатимизнинг барча ҳудудида тадбиркорлик субъектларига “ягона дарча” тамойили асосида Давлат хизматлари кўрсатиш ягона марказлари фаолият бошлади.

Президентимизнинг 2015 йил 15 майдаги “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ, Жиззах вилоятида ташкил этилган шундай муассасалар ишбилармонларга яқиндан кўмак бераяпти. 

Айни пайтда ҳудуддаги 12 туман ва битта шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги “ягона дарча” орқали 16 турда хизмат кўрсатилаётир. Гап шундаки, эндиликда тадбиркорларнинг давлат рўйхатидан ўтиш, муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланиш, ер участкаларига бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказиш, ташқи рекламани жойлаштириш, тураржойни нотураржойга айлантириш каби масалалари ушбу масканларда ҳал этилади. Вилоятда бу каби хизматлардан фойдаланаётган юридик шахслар қарийб 27 минг 100 нафарга етди. Энг асосийси, ўтган қисқа даврда 1000 дан ортиқ тадбиркорлик субъектлари давлат рўйхатидан ўтказилди. 

— Пахтакор тумани ҳокимлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари кўрсатиш ягона марказига мурожаат этиб, тадбиркор бўлиш орзуим бир зумда амалга ошди, — дейди “Ўролов Аҳмад” хусусий корхонаси раҳбари ўайбулла Яҳёев. — Соҳага яратиб берилаётган қулайликлардан миннатдормиз. Илгари корхонани рўйхатдан ўтказиш учун ойлар давомида ўнга яқин идораларга мурожаат қилиб, ҳар бирига кўплаб ҳужжатлар тақдим этардик. Эндиликда бундай ташвишлардан қутулдик. Уларнинг барчаси марказ томонидан автоматлаштирилган тизим орқали 30 дақиқа ичида расмийлаштирилиб берилаяпти. 

Тумандаги “ягона дарча” маркази тажриба (синов) тариқасида 2015 йилнинг октябрь ойида очилган бўлиб, ушбу давр ичида ҳудудда фаолият кўрсатаётган 1157 та тадбиркорлик субъектининг ишончли ҳамкорига айланди. Унинг раҳбари Турсунмурод Қўнғировнинг айтишича, 90 га яқин тадбиркорлик субъектлари давлат рўйхатидан ўтказилиб, шу йилнинг бошидан буён 6 та корхонага 16 турдаги давлат хизмати кўрсатилди. 

Фармонга асосан, бундай марказлар фаолиятини назорат қилиш ва мувофиқлаштириш Адлия вазирлигига юклатилган. Шундан келиб чиққан ҳолда, вилоят адлия бошқармаси томонидан муайян ишлар амалга оширилди. 

— Марказларни ташкил этиш бўйича ҳар бир туманда ишчи гуруҳи, уларга услубий ёрдам бериш ва фаолиятини мувофиқлаштириш мақсадида идоралараро вилоят ишчи гуруҳи шакллантирилгани айни муддао бўлди, — дейди вилоят адлия бошқармаси бошлиғи Эркин Ходжақулов. — Пировардида белгиланган вазифалар тўлиқ, сифатли ва муддатида таъминланиб, аҳоли учун қулай жойда “ягона дарча” марказлари фаолияти йўлга қўйилди. Уларга ташриф буюрган тадбиркорга ахборот бўлими (Call-center)нинг ўзидаёқ давлат хизматларини кўрсатиш тартиби ва муддатлари тўғрисида бепул маълумот берилаяпти. 

Давлат хизматлари кўрсатиш ягона марказлари юксак салоҳиятли, ҳуқуқшунослик, иқтисод, солиқ ва молия соҳаларида етарли малакага эга бўлган, ахборот-коммуникация технологияларини пухта эгаллаган кадрлар билан таъминлангани иш самарадорлигини оширмоқда. 

— Туманимиздаги “ягона дарча” марказига бино ва иншоотларга бўлган ҳуқуқимни давлат рўйхатидан ўтказишни сўраб, мурожаат қилдим, — дейди “Пахтакорагрометаллсервис” хусусий корхонаси раҳбари Холмат Холмуродов. — У белгиланган тартибда қабул қилиниб, расмийлаштирилди ва тегишли давлат хизмати кўрсатувчи идорага юборилди. Натижаси бўйича, албатта, ўз вақтида маълумот тақдим этилиши билдирилди. Бундан жуда мамнунман. Бу мамлакатимизда ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг амалий тасдиғидир.

Тадбиркорлик ҳаракатини ривожлантириш, унинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш юртимизда ҳаётга татбиқ этилаётган ислоҳотларнинг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Чунки ривожланган давлатлар тажрибасидан маълумки, ижтимоий-иқтисодий тараққиётни кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик истиқболисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Шу боис республикамизда мазкур соҳа вакилларининг фаолияти ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда. Давлат хизматлари кўрсатиш ягона марказларининг ташкил этилиши эса бу борадаги саъй-ҳаракатларнинг узвий давомидир. Зотан, бундан кўзланган асосий мақсад соҳада учрайдиган сунъий тўсиқларни бартараф қилиб, тадбиркорларнинг иш бошлашидан тортиб фаолияти давомида зарур бўладиган хизматларни бир жойда кўрсатиш, уларга янада қулайлик яратишдан иборат. 

Тожиддин ҚАМАРОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn