Бунёдкорлик, ободлик ва фаровонлик
  • 24 Февраль 2016

Бунёдкорлик, ободлик ва фаровонлик

Кўклам — уйғониш, янгиланиш фасли. Унинг тафти нафақат табиат, балки кўнгилларга ҳам ғайрату шижоат бахш этади. Дилларда жилваланган гўзаллик эса ҳаётимиз файзига файз қўшиши, шубҳасиз. Буни айни кунларда шаҳару қишлоқларимизда олиб борилаётган улкан бунёдкорлик ишлари мисолида ҳам кўриш мумкин. 

Дарҳақиқат, бир пайтлар мамлакатимизга ташриф буюрган сайёҳлар, асосан, Самарқанд, Бухоро, Хива каби қадимий шаҳарларимизни томоша қилиб, улардаги осориатиқалар, бетакрор обидалар қаршисида ҳайратга тушган бўлса, эндиликда Тошкент, Андижон, Фарғона, Марғилон, Қўқон, Наманган, Қарши, Шаҳрисабз, Урганч, Навоий, Термиз каби ўнлаб кентларимиз ҳам маҳаллий ва чет эллик меҳмонлар билан гавжум.

Муҳими, истиқлол шарофати билан чекка ва олис ҳудудларимиз ҳам тобора обод қиёфа касб этаётир. Айниқса, Юртбошимиз ташаббуси билан қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар асосида барпо қилинаётган минглаб тураржойлар, тиббиёт, таълим ва спорт иншоотлари ҳудудлар кўркига кўрк қўшиш баробарида, халқимиз турмуш тарзи, дунёқарашида ҳам янгиланишларга сабаб бўлаётир. Қувонарлиси, бундай яратувчанлик ишлари қизғин давом эттирилмоқда. 

Жумладан, Президентимизнинг “2015 — 2019 йилларда Гулистон шаҳрида дренаж тизимини янада такомиллаштириш, мелиоратив ҳолатини яхшилаш ва ер ости сув сатҳини камайтириш, муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш дастурини ишлаб чиқиш тўғрисида”ги Фармойиши ҳамда “2015 — 2019 йиллар даврида ижтимоий, транспорт ва муҳандислик инфратузилмасини ривожлантириш билан комплекс ҳолда ерларнинг мелиоратив ҳолатини янада яхшилаш ва сизот сувлар сатҳини пасайтириш, Гулистон шаҳрини архитектуравий-режали қуришни тубдан янгилаш чора-тадбирлари дастурини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги вазифалар тўғрисида”ги қарорига биноан, ҳозирги кунда Сирдарё вилояти марказида ана шундай истиқболли лойиҳалар амалга оширилаяпти.

Шу боис бугун Гулистоннинг қай гўшасига қадам қўйманг, қурилиш-ободончилик жараёнига дуч келасиз. Хусусан, шаҳардан оқиб ўтувчи “Дўстлик” канали ўзани бетон билан қоплангач, сизот сувлар сатҳи кескин пасайди. Бинобарин, ёпиқ ва очиқ коллекторларни тозалаш, тик дренаж қудуқлар тизимини такомиллаштириш борасидаги юмушлар ҳам намунали йўлга қўйилган. Қолаверса, 10 та кўча кенгайтирилмоқда. Умумий майдони 55 гектардан иборат янги деҳқон ва буюм бозорининг асосий иншоотлари ҳам кундан-кунга бўй чўзаяпти. Буларнинг бари ҳадемай Гулистоннинг ўз номига монанд шаҳарга айланишидан далолат беради. “Шоирлар боғи”, деб аталувчи хиёбон ва унга яқин ҳудудда эса бир неча мусиқали фавворалар қурилиши бошлаб юборилди. Янгидан қад ростлаган ўнлаб кўп қаватли бинолар ўз эгаларига топширилди.

— Оила аъзоларимнинг қувончи чексиз, — дейди Абдусамат Азимов. — Чунки яқинда ўзимиз орзу қилгандек шинам ва кўркам хонадонга кўчиб ўтдик. Буни аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтириш йўлидаги катта эътибор ва ғамхўрлик меваси, деб биламан.

Тураржой қурилишида иштирок этаётган “Али” хусусий корхонаси раҳбари Темур Зуннуновнинг айтишича, мазкур биноларни бунёд этишда пеноблоклардан ҳам фойдаланилмоқда. Ҳар жиҳатдан қулай бундай ашёлар корхонанинг ўзида тайёрланаяпти. Жамоа ҳозиргача иккита кўп қаватли уйни қуриб битказди. Юқоридаги дастурга мувофиқ, пухта меъморий ечимга эга ана шундай тураржойлар сони яқин истиқболда 100 тадан ортиши кўзда тутилган.

— Ҳудудимиздаги ўзгаришлар нафақат Гулистон, балки бутун воҳа аҳлини қувонтирмоқда, — дейди “Нуроний” жамғармаси Сирдарё вилояти бўлими раиси Ўтбосар Абдиев. — Айниқса, отахон ва онахонларнинг мамнунлигини айтмайсизми?! Қай бирининг сўзига қулоқ тутманг, собиқ тузум даврида бунёд этилган темир-бетон қоришмасидан иборат диққинафас уйлар билан ҳозирги муҳташам бинолар ўртасида еру осмонча фарқ борлигини таъкидлашади. Тинч-осойишта ҳаётимизга шукроналар айтиб, халқимизнинг яратувчанлик меҳнатига барака тилашади.

Ҳақиқатан ҳам, тинчлик — бебаҳо неъмат. Ободлик эса фаровонлик мезонидир. Бугун хонадонларимиздаги қут-барака, оилаларимиздаги бахт-саодат тимсолида бунинг аҳамиятини янада теран англаб етаяпмиз. 

Аҳмадали ШЕРНАЗАРОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Ҳасан ПАЙДОЕВ олган сурат.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn