Пенсия таъминоти тизимини такомиллаштириш истиқболлари
  • 24 Февраль 2016

Пенсия таъминоти тизимини такомиллаштириш истиқболлари

Олий Мажлис Сенати Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитасининг мажлиси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг пенсия тўловларини ҳисоблаб чиқаришнинг ягона тартиби жорий этилиши билан боғлиқ жараёнга оид ахбороти тингланди.

Сенаторлар, тегишли вазирлик ва идоралар масъул ходимлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган мажлисда мустақиллик йилларида пенсионерларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, ёши улуғ инсонларнинг ҳурматини жойига қўйиш, фахрийларимизнинг руҳини, кўнглини кўтариш, улар учун қўшимча қулайликлар яратиш йўлида тизимли чора-тадбирлар амалга оширилаётгани таъкидланди. Хусусан, кекса авлод вакиллари саломатлигини тиклашга эътибор кучайтирилиб, уларнинг вақтларини мазмунли ўтказиш учун шарт-шароитлар яратиш ҳамда пенсия миқдорини муттасил ошириб бориш чоралари кўрилаётир. 

Хонадонларимизнинг файзи бўлган нуронийларимизни моддий қўллаб-қувватлаш мақсадида ўтган йилнинг ўзида 2 миллион 750 минг нафар отахон ва онахонларимизнинг пенсия миқдори 20 фоиздан зиёд кўпайтирилиб, уларга давлат бюджети ҳисобидан 12 триллион 888 миллиард сўм пенсия тўлангани ҳамда ўз вақтида ва узлуксиз етказиб берилганини алоҳида қайд этиш жоиз. Бугунги кунда давлатимиз пенсияга ажратадиган маблағнинг миқдори дунёдаги камдан-кам мамлакатлар қаторида ўртача ойликнинг 41 фоизидан зиёдини ташкил этиши, айниқса, диққатга сазовордир.

Қўмита мажлисида пенсия тўловларини ҳисоблаб чиқаришнинг ягона тартиби жорий этилиши борасида муайян ишлар амалга оширилгани кўрсатиб ўтилди. “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ ҳамда пенсия таъминоти тизимининг ташкилий тузилмасини янада такомиллаштириш, пенсиялар ва ижтимоий нафақаларни бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасидан ўз вақтида молиялаштириш ҳамда уларни тўлиқ ҳажмда тўлаш, шунингдек, республика фуқароларининг пенсия таъминотига йўналтириладиган маблағлардан мақсадли фойдаланилиши устидан назоратни кучайтириш бўйича 2009 йил 30 декабрда Президентимизнинг “Фуқароларнинг пенсия таъминоти тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони  қабул қилинди.

Мазкур ҳужжат пенсия таъминоти тизимининг ташкилий тузилмасини янада такомиллаштириш, бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасидан пенсиялар ва ижтимоий нафақаларнинг тўлиқ ҳажмда тўланишини ўз вақтида молиялаштириш ва амалга ошириш ҳамда пенсия таъминотига йўналтирилган маблағлардан мақсадли фойдаланиш устидан назоратни кучайтиришда дастуриламал бўлмоқда. 

Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлашнинг норматив-ҳуқуқий базасини янада мустаҳкамлаш бўйича тегишли низомлар тасдиқланди. Ушбу низомлар пенсиялар тайинлаш, қайта ҳисоблаб чиқиш ва тўлаш, марказлаштирилган назорат механизмини белгилаш ҳамда шакллантиришда муҳим аҳамият касб этаётир. Натижада 2012 йилда мамлакатимизда маълумотларнинг ягона электрон базаси яратилиб, “Пенсия” дастури ишлаб чиқилди ҳамда амалиётга  йўналтирилди. Мазкур дастур самарасида пенсия тўловларини ҳисоблаб чиқаришнинг ягона тартибига ўтилди ҳамда фуқароларнинг пенсия таъминоти тизимида сифат ўзгаришларига эришилди.

Шу билан бирга, Ҳукумат қарорига мувофиқ, 2015 — 2017 йилларда пенсия таъминотининг ягона идоралараро интеграциялаштирилган ахборот тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тасдиқланди. Ушбу тизим пенсиялар ва ижтимоий нафақаларни тайинлашнинг энг қулай тизимини яратишга, маълумотномалар ва тасдиқловчи ҳужжатларни қоғоз шаклида олишни истисно этишга, қолаверса, пенсиялар ва нафақаларни тўлаш учун маблағларни ўз вақтида молиялаштиришни таъминлашга хизмат қилади. Бу, айниқса, юртимизда изчил жорий этилаётган “Электрон ҳукумат” тизими тамойиллари билан узвий боғлиқдир.

— Ёши улуғ инсонларни эъзозлаш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, фуқаролар кексайганда, меҳнатга бўлган лаёқатини тўлиқ ёки қисман йўқотганда, шунингдек, боқувчисидан маҳрум бўлганда ижтимоий таъминот олишга доир конституциявий ҳуқуқини рўёбга чиқариш давлатимиз ижтимоий сиёсатининг асосий йўналишларидан ҳисобланади, — дейди Олий Мажлис Сенати аъзоси Э. Рўзметов. — Бугунги кунда мамлакатимизда фуқароларнинг пенсия таъминоти самарадорлиги оширилиб, ўз вақтида ва тўлиқ молиялаштириб борилмоқда. Шуни алоҳида қайд этиш керакки, қўмитамиз вазирлик ахборотини эшитишга тайёргарлик кўриш жараёнида масалани жойларда чуқур ва атрофлича ўрганиб чиқди, бу тадбирда соҳа экспертлари, жамоат ташкилотлари вакиллари салоҳиятидан унумли фойдаланди. Бу эса ушбу масала бўйича тадбирнинг амалий ва ҳаётий таклифларга бой бўлишида, одамларимизни ўйлантираётган масалаларга асосли ечим топишда муҳим аҳамият касб этди. 

Ахборотни муҳокама қилиш чоғида сенаторлар томонидан аҳолининг пенсия таъминоти тизими анча такомиллаштирилгани, пенсия тўловлари ўз вақтида тайинланаётгани, маблағлардан мақсадли фойдаланилаётгани ҳамда пенсияларни тайинлашда ортиқча бюрократик тўсиқларга барҳам берилаётгани қайд этилди. 

Ўз навбатида, аҳолидан келиб тушаётган аризалар ва таклифларни чуқур таҳлил қилиш, илғор халқаро тажрибани ўрганиш, фуқароларнинг меҳнат стажи ва ойлик иш ҳақи тўғрисида маълумотлар электрон базасини яратиш асосида уларнинг пенсия таъминоти тизимини янада ривожлантиришга қаратилган таклиф ва тавсиялар билдирилди. Пенсия тўловларини ҳисоблаб чиқаришнинг ягона тартибини тўлиқ жорий қилишда йўл қўйилаётган камчилик ва нуқсонларни аниқлаш, уларни бартараф этиш мақсадида бу борадаги ишлар самарадорлигини ошириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Муҳокама якунларига кўра, тегишли қарор қабул қилинди.

Қобил ХИДИРОВ.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn