Корпоратив бошқарув: Замонавий тенденциялар, халқаро стандартлар
  • 24 Февраль 2016

Корпоратив бошқарув: Замонавий тенденциялар, халқаро стандартлар

Кеча пойтахтимизда “Корпоратив бошқарув кодекси — корпоратив бошқарув стандартларини жорий этишнинг самарали воситаси” мавзуида халқаро конференция бўлиб ўтди.

Мамлакатимизда Корпоратив бошқарув кодексининг қабул қилиниши муносабати билан ташкил этилган мазкур анжуманда Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Халқаро молия корпорацияси, БМТнинг Тараққиёт дастури, Европа менежмент ва технологиялар мактаби каби нуфузли халқаро ташкилотлар вакиллари, дипломатик миссия раҳбарлари, чет эллик экспертлар, вазирлик ва идоралар, акциядорлик компаниялари ҳамда қўшма корхоналарнинг раҳбарлари қатнашди. 

Халқаро тадбир жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози ҳамон давом этаётган шароитда Ўзбекистон иқтисодиётининг барқарор ривожланиши ва рақобатдошлигини таъминлашнинг муҳим омилларидан бири ҳисобланган тармоқларда бошқарувнинг бозор тамойилларини жорий қилиш, қулай ишбилармонлик ҳамда инвестиция муҳитини шакллантириш борасида кўрилаётган изчил чора-тадбирларнинг беқиёс натижалари билан халқаро ҳамжамият ва хорижлик экспертларни яқиндан таништириш, корпоратив бошқарув соҳасида илғор давлатлар тажрибасини ўрганишга бағишлангани билан ғоятда аҳамиятлидир.

Юртимизда иқтисодиётнинг мутлақо янги тармоқларига асос солиш, айниқса, уларни бошқариш услубларини замонавийлаштириш, яъни халқаро бизнес юритиш тартиб-тамойилларини жорий этишга алоҳида эътибор берилмоқда. Президентимиз мамлакатимизни 2015 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2016 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги маърузасида бу ҳақда тўхталиб, жумладан, шундай деди: “...корпоратив бошқарув тизимидаги принцип ва ёндашувларни тубдан ўзгартиришимиз унинг ҳақиқий бозор хусусиятларига эга бўлишини таъминлаш ва консерватив қарашлардан халос бўлишида катта ҳисса бўлди”.

Дарҳақиқат, бугунги кунда республикамиздаги деярли барча йирик корхоналар акциядорлик жамиятларига айлантирилиб, корпоратив бошқарув усуллари жорий этилаётган хўжалик юритувчи субъектлар сони кун сайин кўпаймоқда. Бу иқтисодиётимиз жадал суръатларда ривожланиши, саноат салоҳияти ошиши, юқори технологияли тармоқларнинг ўзлаштирилиши, бошқача айтганда, мамлакатимиз рақобатдошлиги таъминланишига хизмат қилаяпти. Бунда Корпоратив бошқарув илмий-таълим маркази очилиб, Германияда жойлашган Европа менежмент ва технологиялар мактабининг фаол иштирокида акциядорлик жамиятларининг раҳбар ходим ҳамда мутахассисларини тизимли асосда тайёрлаш, малакасини оширишни ташкил қилиш, уларнинг замонавий корпоратив бошқарув усулларини ўзлаштиришига яқиндан кўмак берилаётгани муҳим омил бўлаётир.

Корпоратив бошқарув кодекси қабул қилингани эса тизимдаги ислоҳотларнинг мантиқий давомидир. Ҳозиргача дунёда корпоратив бошқарув бўйича 100 дан ортиқ ҳужжатлар қабул қилинган. Уларнинг дастлабкиси 2003 йилда кучга кирган бўлиб, ўтган давр мобайнида кўплаб тузатиш ва ўзгартишлар киритилди. Юртимизда бундай ҳужжат ривожланган давлатлар тажрибаси ўрганилган ҳолда, пишиқ-пухта ишлаб чиқилгани, халқаро андозаларга тўла жавоб бериши билан ажралиб туради. Натижада у акциядорлик жамиятлари бошқарувида шаффофликни таъминлаш, инвестициявий жозибадорликни оширишда ҳал қилувчи аҳамият касб этмоқда.

Ўтган йили иқтисодиётимизга 3 миллиард 300 миллион АҚШ долларидан зиёд хорижий инвестициялар жалб қилингани, шунинг 73 фоизи тўғридан-тўғри чет эл инвестициялари эканлиги бунинг яққол тасдиғидир. 

Халқаро конференция очилишида сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт вазири Г. Саидова, Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Д. Ҳидоятов, Жаҳон банкининг мамлакатимиздаги ваколатхонаси раҳбари вазифасини вақтинчалик бажарувчи Н. Колибашкина ва бошқалар Ўзбекистонда акциядорлик жамиятларининг устав капиталидаги давлат активлари ҳамда улушларини қисқартириш орқали давлатнинг иқтисодиётдаги иштирокини камайтириш, йирик корхоналарга хорижий инвесторлар ҳамда менежерларни жалб қилиш, уларда корпоратив бошқарув тизимини татбиқ этиш бўйича олиб борилаётган кенг кўламли ишлар юксак натижалар бераётганини алоҳида таъкидладилар.           

Чиндан ҳам, юртимизда давлат активларини хусусийлаштириш, уларни, энг аввало, чет эллик инвесторларга сотиш борасида ўзига хос тизим яратилган. Бунинг самараси ўлароқ, ўтган йилнинг ўзида 506 та мулк комплекси инвестиция киритиш шарти билан “ноль” қийматида сотилди. Янги мулкдорлар ўз зиммаларига қарийб 1 триллион сўм ва 40 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритиш, 22 мингга яқин янги иш ўрни яратиш мажбуриятини олишгани диққатга сазовор. 

Бундан ташқари, 245 та паст рентабелли ва фаолият кўрсатмаётган ташкилот тўлиқ тугатилган бўлса, фойдаланилмаётган ҳамда қурилиши тугалланмаган 353 та давлат мулки объекти бузилди. Бунинг ҳисобига бўшаган 120 гектар ер майдонининг қарийб 80 гектари тадбиркорларга берилгани замонавий ишлаб чиқариш корхоналари ҳамда хизматлар кўрсатиш объектлари бунёд этилишига мустаҳкам пойдевор яратди. 

Иқтисодиётимизга тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш, акциядорлик жамиятлари фаолияти самарадорлигини тубдан оширишда давлатимиз раҳбарининг 2015 йил 24 апрелдаги “Акциядорлик жамиятларида замонавий корпоратив бошқарув услубларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони дастуриламал бўлмоқда. Ушбу ҳужжатда халқаро тажрибани чуқур таҳлил қилиш асосида замонавий корпоратив бошқарув услубларини қўллаш, чет эл капитали иштирокида акциядорлик жамиятларига асос солиш, эски бўлинмалар ва лавозимлар ўрнига халқаро стандартлар ҳамда бозор иқтисодиёти талабларига мосларини ташкил қилиш, ходимлар фаолияти назоратида миноритар акциядорлар ролини ошириш юзасидан кўплаб чора-тадбирлар белгилаб берилган эди. Натижада ўтган вақт мобайнида акциядорлик жамиятларининг янги намунавий тузилмаси ишлаб чиқилиб, тасдиқланди. Шу тариқа ҳаётга татбиқ қилинган Лавозим ва касбларнинг янги классификаторига бозор иқтисодиёти талабларига мос келадиган 566 янги тоифа киритилди. Шулар асосида раҳбарлар таркиби аттестациядан ўтказилгач, бўшаб қолган лавозимларга пухта билимга эга, замонавий менежмент ва маркетинг усулларини амалда қўллай оладиган малакали ёш мутахассислар тайинланган.

— Ўзбекистонда иқтисодиётни эркинлаштириш, унда давлат улушини камайтириш борасида улкан муваффақиятлар қўлга киритилаяпти, — дейди Германиянинг “Indecon consulting” компанияси вакили Ханс-Йоахим Шрамм. — Бу кейинги йилларда таркибий ўзгаришлар изчил давом эттирилиб, замонавий бошқарув тартиб-таомиллари жорий қилинаётгани билан боғлиқ. Натижада биргина ўтган йили савдога қўйилган 319 та объектнинг 102 таси янги мулкдорларга сотилган бўлса, яна 378 та акциядорлик жамиятининг давлат улуши чет эллик стратегик инвесторларга сотиш учун очиқ савдога қўйилибди.

Бу жуда яхши кўрсаткич, албатта. 

Юртингизда яқинда қабул қилинган Корпоратив бошқарув кодекси билан атрофлича танишиб чиқдим ва у жаҳон стандартларига тўлиқ мос келишига амин бўлдим. Ишонч билан айтаманки, ушбу ҳужжат бошқарув соҳасидаги ишларни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқади. 

Дунё иқтисодчилари корпоратив бошқарувга рақобатдошлик таъминланишида ҳал қилувчи куч сифатида баҳо беришади. Бу бежиз эмас, албатта. Чунки мазкур ибора “гуруҳ аъзолари ўртасидаги интерактив мулоқот” деган маънони англатади.

Бу бошқарув самарадорлигини ошириш учун барча иштирокчи ўртасида фаол мулоқотни йўлга қўйиш, миноритар акциядорлар салмоғини ошириш орқали мулкни ижтимоийлаштириш, бошқача айтганда, корхона бошқарувига унинг фаолиятидан у ёки бу даражада манфаатдор бўлган ҳар бир шахсни жалб этиш, деганидир. 

Анжуманда бошқарувнинг мазкур усули ташкилий шакллари ва замонавий услубларини жорий қилиш, соҳа ходимларини халқаро талабларга мос равишда тайёрлаш ва улар малакасини юксалтириш каби вазифалар тўғрисида батафсил маълумот берилди. 

— Бугунги тадбир Корпоратив бошқарув кодексининг мазмун-моҳияти билан яқиндан танишиш, хориж тажрибасини ўрганиш учун айни муддао бўлди, — дейди “Дори-дармон” акциядорлик компанияси бошқаруви раисининг ўринбосари Саидвали Насритдинов. — Масалан, ҳозирги кунда компаниямиз тизимидаги 8 та акциядорлик жамиятида корпоратив бошқарув тамойиллари жорий қилинмоқда. Бунинг ҳисобига, бошқарувда шаффофлик таъминланиб, тизимнинг инвестициявий жозибадорлигига эришилаяпти. Шуларни ҳисобга олиб, келгусида компания тасарруфидаги бошқа субъектларда ҳам ушбу усулни жорий этиш режалаштирилмоқда. Бунда Германия давлатида бўлиб, малака ошириб қайтганимиз,  бугунги анжуманда олган билимларимиз қўл келади. 

Халқаро конференция доирасида ўтказилган семинарда долзарб мавзуларда маърузалар тингланиб, корпоратив бошқарувни такомиллаштиришнинг замонавий тенденциялари, акциядорлар ва жамият жамоаси манфаатлари уйғунлигига эришган ҳолда, бошқариш самарадорлигини ошириш, мазкур жабҳадаги халқаро стандарт ҳамда меъёрларни жорий қилишни жадаллаштириш, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш каби масалалар муҳокама этилди. 

Буларнинг барчаси юртимизда кечаётган хусусийлаштириш жараёнини жадаллаштириш, иқтисодиёт тармоқларига жалб қилинаётган тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни кўпайтириш, акциядорлик жамиятлари бошқаруви самарадорлигини тубдан яхшилаш, стратегик инвесторлар учун уларнинг очиқлиги ва жозибадорлигини таъминлаш, замонавий корпоратив бошқарув услубларини жорий қилишда янги уфқларни очиши, шубҳасиз. Пировардида мамлакатимиз иқтисодий қудрати ошиб, аҳолининг ҳаёт даражаси янада  юксалиб бораверади.

Саид РАҲМОНОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn