Маҳаллалар фаолияти самарадорлигини оширишнинг муҳим омили
  • 24 Февраль 2016

Маҳаллалар фаолияти самарадорлигини оширишнинг муҳим омили

Мамлакатимизда фуқаролик жамияти институтлари, хусусан, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятининг ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, моддий-техника базасини замон талаблари асосида мустаҳкамлаш ишлари тизимли равишда олиб борилаётгани ушбу ноёб институт ривожида муҳим омил бўлмоқда.

Пойтахтимизда “Маҳалла” фонди республика бошқаруви томонидан ташкил қилинган матбуот анжумани мазкур йўналишда эришилаётган натижалар ҳамда галдаги долзарб вазифаларга бағишланди. 

Қайд этилганидек, бугунги кунда фуқаролар йиғинлари учун янги хизмат биноларини қуриш, мавжудларини таъмирлаш ва уларда ҳар томонлама қулай шароитларни яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Биргина ўтган йили 674 фуқаролар йиғини биноси таъмирдан чиқарилиб, 142 таси қайта реконструкция қилингани, 122 та хизмат биноси янгидан қурилгани бунга яққол мисолдир. Ўз навбатида, 664 фуқаролар йиғини компьютер жамламаси, қарийб икки мингтаси мебель жиҳозлари билан таъминланди.

— Бугунги кунда маҳалла институти ижтимоий-иқтисодий аҳамиятга молик ўттиздан ортиқ вазифаларни самарали амалга ошириб келаяпти, — дейди “Маҳалла” фонди республика бошқаруви раиси ўринбосари Д. Мирзажонова. — Албатта, бу жараёнда маҳаллаларга услубий-амалий кўмаклашиш айни заруратдир. Шу маънода, шаҳар ва туман марказларидаги маҳаллалар билан бир қаторда чекка ҳудудлардаги фуқаролар йиғинларининг фаолиятини ҳам янада такомиллаштириш, айниқса, “Оила — маҳалла — таълим муассасаси” ҳамкорлигини, “Ота-оналар университети”, “Маслаҳат марказлари” ҳамда жамоатчилик комиссиялари ишини самарали ташкил этиш мақсадида қатор чора-тадбирлар амалиётга татбиқ қилинмоқда. 

Тадбирда фуқаролар йиғинларини тегишли услубий адабиётлар билан таъминлаш юзасидан ҳам изчил саъй-ҳаракатлар олиб борилаётгани таъкидланди. Жумладан, ўтган йили “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини тартибга солувчи қонун ҳужжатлари тўплами”, “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги ҳамда “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонунларига шарҳлар тайёрланган. Қолаверса, “Фуқаролар йиғини кенгашини шакллантириш ва фаолияти самарадорлигини ташкил этиш”, “Фуқаролар йиғинининг “Маҳалла посбони” жамоатчилик тузилмаси ишини ташкил этишнинг тартиб-таомиллари (юз саволга юз жавоб)” номли услубий қўлланмалар, фуқаролар йиғинларидаги яраштириш, маърифат ва маънавият масалалари, хотин-қизлар билан ишлаш, жамоатчилик назорати ва истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича комиссиялар учун услубий тавсиялар, “Оилавий-ҳуқуқий муносабатлар” ҳамда “Оилада маънавий-ахлоқий тарбия” номли оммабоп рисолалар тайёрланиб, маҳаллаларга етказиб берилаётир.

Шу билан бирга, ёшларни спортга кенг жалб қилиш, бўш вақтларини мазмунли ташкил этишига кўмаклашиш мақсадида Фонд ҳисобидан маҳаллаларда 318 та болалар майдончаси таъмирланди, 84 таси намунавий лойиҳа асосида қурилиб, фойдаланишга топширилди.

2213 та маҳалла гузари шахмат ва шашка тўпламлари, мебель жиҳозлари, стол тенниси ҳамда 9 турдаги республика ва маҳаллий даврий нашрлар, шунингдек, бадиий адабиётлар билан таъминланди.

Анжуманда “Маҳалла” фонди томонидан Соғлом она ва бола йилида амалга оширилиши режалаштирилган чора-тадбирлар ҳақида батафсил маълумот берилди. 

Раҳим ШЕРҚУЛОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn