Истеъдод ва маҳорат танлови
  • 11 Февраль 2016

Истеъдод ва маҳорат танлови

Кеча Ўзбекистон Миллий матбуот марказида журналистика соҳасида “Олтин қалам” XI Миллий мукофоти учун халқаро танловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича ташкилий қўмитанинг йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда тегишли вазирлик ҳамда идоралар, ижодий ва жамоат ташкилотлари, шунингдек, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Президентимиз ташаббуси билан таъсис қилинган, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ҳамда Журналистларни қайта тайёрлаш маркази томонидан Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди, Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси, Миллий телерадиокомпания, Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, “Uzreport” ахборот агентлиги ва Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши ҳамкорлигида ўтказиб келинаётган мазкур танловдан кўзланган асосий мақсад миллий ҳамда халқаро журналистика ютуқларини оммалаштириш, ОАВ ходимларининг фуқаролик позициясини намоён қилиши учун шароит яратиш, журналистларда танқидий фикрлаш ва ижодий фаолиятга янгича ёндашувларни шакллантиришдан иборат.
Телевидение, радио, матбуот ва интернет-журналистика йўналишлари бўйича ўтказиладиган халқаро ижодий кўрикда битта бош миллий мукофот ҳамда ҳар бир номинация бўйича учтадан мукофот ва “Энг яхши матбуот хизмати”, “Энг яхши фоторепортаж” рағбатлантирувчи номинациялари таъсис этилган.
“Олтин қалам” миллий мукофоти халқаро танлови нуфузи йилдан-йилга  ошиб бормоқда. 2006 йилда ўтказилган “Олтин қалам” I Миллий мукофоти учун танловда  136 журналист 1669 ижодий иши билан қатнашган бўлса,  2015 йили ташкил этилган Х Миллий мукофот учун танловда  690 ижодкор 15 мингга яқин материалини тақдим қилди. Шу вақтга қадар танловда 5000 га яқин журналистнинг 70 мингга яқин ижодий иши кўриб чиқилган. Умуман, ўтган ўнта танловда жами 222 журналист ғолиб ва совриндор бўлиб, уларга 1,2 миллиард сўм миқдорида мукофот пуллари берилди.
Йиғилишда “Олтин қалам” XI Миллий мукофоти халқаро танловини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича ташкилий қўмитанинг иш режаси тасдиқланди, ишчи гуруҳи тузилиб, танловга тайёргарлик бўйича қатор масалалар кўриб чиқилди.
Анжуманда Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши ҳамда Мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди ҳам ўз номинациялари билан қатнашишини маълум қилди. Бундан ташқари, “Олтин қалам” Миллий мукофоти доирасида бир қатор халқаро ташкилотларнинг Ўзбекистондаги ваколатхоналари томонидан мукофотлар топширилиши режалаштирилган.
Танлов ғолиблари 3 май — Жаҳон матбуоти эркинлиги куни тақдирланади.

Омонулла ФАЙЗИЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn