Қишда ёз неъматлари аҳоли дастурхонига файзу барака киритмоқда
  • 11 Февраль 2016

Қишда ёз неъматлари аҳоли дастурхонига файзу барака киритмоқда

Халқимиз қиш ва эрта баҳорни бежиз “илигузилди” даври демайди. Боиси, бу паллада инсон организмида турли витамин ва микроэлементларга эҳтиёж янада кучаяди. Илгари бундай унсурларга бой мева-сабзавот, кўкату резаворлар қиш охирламай рўзғоримиздан тортилиб қоларди.

Дўконларимиз пештахталарида сабзи, шолғом, пиёздан бўлак маҳсулот бўлмасди.
Бугун-чи? Йилнинг тўрт фаслида ҳам дастурхонимизнинг файзу баракаси беҳисоб. Помидор-бодринг, олма-анор, узуму қулупнай, ҳатто, ўз тупроғимизда етиштирилган цитрус меваларгача бозорларимиз расталарини яшнатиб турибди.
Сир эмас, имконият ва имтиёз эзгу ташаббуслар сари йўл очади. Биргина тадбиркорлик ҳамда фермерликка қаратилаётган эътибор юртдошларимизнинг ҳаётга муносабатини, дунёқарашини тубдан ўзгартириб, янгича ишлаш ва яшашга ундамоқда. Бугун шахсий томорқасида, мўъжазгина иссиқхонасида меҳнат қилиб, ҳам оиласи, ҳам элга нафи тегаётганларнинг ғайрат-шижоатини таъкидлаш ўринлидир.
Бундай фидойи ва ташаббускор инсонлар Навоий вилоятида ҳам анчагина. Кейинги йилларда ҳудудда тармоққа илғор технологияларни жорий этиш ҳаракати қизғин тус олмоқда. Бунда маҳаллий ишбилармонларнинг чет эллик инвестор ва мутахассислар билан тенг шериклик асосидаги ҳамкорлиги айни муддао бўлаётир.
Навоий шаҳридаги “Navoiy — Korea” қўшма корхонаси замонавий технологиялар ёрдамида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришга ихтисослаштирилган. Хусусан, ўтган даврда модернизациялаш тадбирлари натижасида 2,5 гектар ерда гидропоник усулда сабзавот парваришланаяпти. Ўз навбатида, 30 нафарга яқин йигит-қизнинг бандлиги таъминланди. Яқинда жамоа 100 тоннадан ортиқ маҳсулот етказиб бериш юзасидан чет эллик буюртмачилар билан шартнома имзолади.
Шу ўринда корхонада инновацион лойиҳаларни амалиётга самарали татбиқ этиш борасидаги ўзига хос тажриба хусусида тўхталиб ўтиш жоиз. Яқингача гидропоник усулда ўзида намликни сақловчи субтропик маҳсулотлар чиқиндиси ёрдамида ундирилган сабзавотлар эндиликда бу ерда янги технология — базальт толали минерал ваталарда парваришланаётир. Яна бир мисол: помидорнинг “Квалитет” ва “Торре” навлари серҳосил бўлса-да, жуда “инжиқ” ҳисобланади. Улардан ҳосил олишда турли ранглардаги диодли ёритқич ва махсус нур таратувчи лампалардан фойдаланилаётгани қўл келаяпти. Мазкур технология Голландия ва яна бошқа қатор ривожланган давлатларда синовдан муваффақиятли ўтган бўлиб, ҳозир кўплаб қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ана шу усулда парваришланмоқда. Унинг яна бир ўзига хос жиҳати, маҳсулот етиштириш даврида тупроқдан умуман фойдаланилмайди. Ўсимлик базальт тоши толасидан ташкил топган, сувнинг 90, минералларнинг юз фоизини ўзида сақлаб қолувчи махсус идишларда ўстирилади. Кўчатлар 28 турдаги минераллар билан бойитилган сувда томчилатиб суғориш йўли билан парваришланади. Жумладан, таркибидаги темир ва магний моддалари момиқнинг ҳар бир толасини ҳаво билан тўйинтиради. Натижада ўсимликнинг ривожланиши ҳамда ҳосилдорлиги икки баробар ошади.
— Иссиқхонамизда иш жараёни, асосан, компьютерлар ёрдамида бажарилади, — дейди қўшма корхона иш юритувчиси Ҳақназар Халилов. —  Бу эса электр энергияси ва сув сарфини иқтисод қилиб, озиқлантириш юмушларини самарали йўлга қўйиш имконини бермоқда. Қолаверса, ойнаванд майдонларга ўрнатилган махсус пардалар иссиқликни 40-45 фоизгача тежаса, иқлимни назорат этувчи ускуналар ҳароратни меъёрида сақлашга хизмат қилаётир. Яқинда ана шу усулда парваришланган помидор кўчатлари ҳосилга кирди.
Албатта, бугунги куннинг беқиёс имкониятлари одамларни тадбиркорликка, фаолликка ундаяпти. Шу маънода, бозорларимиз мўл-кўл, дастурхонимиз файзли бўлишида қишлоқлардаги омилкор деҳқонларимизнинг муносиб ҳиссаси борлигини эътироф этиш ўринлидир. Чунончи, Кармана туманининг “Жалойир” қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудидаги деярли ҳар бир хонадон бугун ўз иссиқхонасига эга. Икки сотихлик котлован усулида ташкил этилган бундай ерларда турли резаворлар етиштирилмоқда.
Умуман, кейинги йилларда вилоятда 252 гектар майдонда 220 та замонавий иссиқхона ташкил этилиши эвазига 3,7 минг киши доимий иш ўрнига эга бўлди. Бу шунча оиланинг рўзғорига барака кирди, деганидир. Бинобарин, маҳсулотларнинг экспорт қилинаётгани иқтисодиётимиз ривожига муносиб ҳисса бўлиб қўшилаётир.

Азамат ЗАРИПОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn