Маҳаллаларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлиги маслаҳатчилардан билим, бой тажриба, ташаббускорлик ва фидойиликни талаб этади
  • 10 Февраль 2016

Маҳаллаларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлиги маслаҳатчилардан билим, бой тажриба, ташаббускорлик ва фидойиликни талаб этади

Мамлакатимизда “Кучли давлатдан — кучли фуқаролик жамияти сари” тамойили асосида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини, қонуний манфаатларини таъминлаш, демократик институтларни ривожлантириш йўлида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Бундай кенг кўламли янгиланиш жараёнида ноёб бошқарув тизими — маҳалланинг ўрни ва нуфузи тобора юксалиб бораётир.
Айниқса, аҳолини аниқ манзилли ижтимоий ҳимоя қилиш, ёшларга оид давлат сиёсатини рўёбга чиқариш, хусусий тадбиркорлик ва оилавий бизнесни равнақ топтиришга кўмаклашиш, жамиятда аҳиллик ҳамда тотувликни мустаҳкамлашда ушбу институтнинг ўрни беқиёс.
Бугунги кунда маҳаллаларда миллий қадриятларни кенг тарғиб қилиш, аҳоли, хусусан, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, жойларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашда диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиларнинг ҳиссаси катта бўлмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2004 йил 25 майда қабул қилинган “Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонига биноан фуқаролар йиғинларида ташкил этилган ушбу лавозимда бой ҳаётий тажрибага ва обрў-эътиборга эга, ҳар тарафлама ибратли аёллар ишлаяпти. Айни пайтда уларнинг сафи саккиз ярим минг нафардан зиёддир.
“Маҳалла” фонди маълумотларига кўра, биргина 2015 йил мобайнида маҳалла маслаҳатчилари томонидан 7 миллионга яқин оилаларнинг ижтимоий-маънавий ҳолати ўрганилган ҳамда уларни мустаҳкамлаш борасида зарур тавсиялар берилган.
Шу билан бирга, жойларда эрта никоҳнинг салбий оқибатлари, оилавий ажралишларнинг олдини олиш, никоҳланувчиларни тиббий кўрикдан ўтказиш бўйича 300 мингга яқин тарғибот тадбирлари ташкил этилган. “Оила — маҳалла — таълим муассасаси” ҳамкорлигини янада яхшилаш орқали ўқувчилар давоматини ва бандлигини таъминлаш, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил қилиш юзасидан ота-оналар ўртасида жами 107 мингдан ортиқ учрашувлар ўтказилган.
Аёнки, маҳалла маслаҳатчиларининг билим ва тажрибасини муттасил ошириб боришига кўмаклашиш уларда фаоллик, ташаббускорлик ҳамда жонбозлик фазилатларини янада юксалтиришга хизмат қилади. Шу мақсадда “Маҳалла” фонди томонидан Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Тошкент ислом университети ҳамда фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича ҳудудий кенгашлар билан ҳамкорликда маҳалла маслаҳатчилари учун ўқув-семинарларининг замонавий ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда ўтказилаётгани диққатга сазовор.
Шу кунларда бўлиб ўтаётган ушбу тадбирлар маслаҳатчиларнинг қонун ҳужжатларида белгиланган ҳамда аҳоли, биринчи навбатда, ёшларнинг турли ёт ғоялар таъсирига тушиб қолмасликларининг олдини олиш борасидаги вазифалари мазмун-моҳиятини уларга етказиш, фуқаролар йиғинларида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, маънавий муҳит барқарорлигини мустаҳкамлаш борасидаги фаоллигини янада ошириш имконини бераётир.
Жиззах вилоятида ўтказилган ўқув-семинарда маҳаллаларда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштиришда маслаҳатчиларнинг ўрни ва роли, йиғинлардаги хотин-қизлар билан ишлаш комиссияларининг ўзаро ҳамкорлигини такомиллаштириш масалалари, халқимизнинг маънавий қадриятлари, маданияти ва урф-одатларига мутлақо зид бўлган, бузғунчи ғоялар тарқалишига йўл қўймаслик ва унинг маънавий-маърифий асослари, баркамол авлодни тарбиялаш каби мавзулар бўйича кенг тушунтиришлар берилди.
Тадбир иштирокчилари эътироф этганидек, ўтган йили маҳалла маслаҳатчилари томонидан вилоятдаги 304 та фуқаролар йиғинида миллий қадриятларимиз, анъана ва урф-одатларимизни асраб-авайлаш, ёшларни она-Ватанга садоқат руҳида камол топтириш борасида 4 мингдан ортиқ маънавий-маърифий тадбирлар ташкил қилинди.
— Қарийб 600 хонадондан иборат маҳалламизда сўнгги уч йил ичида бирорта ҳам ҳуқуқбузарлик ҳолати содир этилмади, — дейди Жиззах туманидаги “Шариллоқ” маҳалла фуқаролар йиғинининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси С. Шойзоқова. — Бизнингча, оилалар билан тизимли равишда иш олиб борганимиз, жамоатчилик асосида фаолият юритувчи комиссиялар билан мустаҳкам алоқа ўрнатганимиз сабабли мана шундай натижага эришдик. Қолаверса, “Оила — маҳалла — таълим муассасаси” ҳамкорлигини кучайтиришга жиддий ёндашаётганимиз, маҳалла ёшларини турли ижодий ва спорт тўгаракларига кенг жалб этаётганимиз айни муддао бўлмоқда.
Ўқув-семинар фаолиятимизда эътибор қаратишимиз зарур бўлган муҳим масалалар, иш услубларимиз бўйича ўзаро фикр, тажриба алмашишга имкон берди. Бундай тадбирлар маслаҳатчиларнинг шиддат билан ривожланаётган замон талабларига  ҳамнафас бўлиб яшашида, ҳаётга, бурчига, маҳалласидаги ролига муносабатини яна бир бор кўнглидан ўтказишида, фаоллигини янада оширишда муҳим аҳамият касб этади.
Самарқанд вилоятида ўтказилган ўқув-семинарда маҳалла маслаҳатчиларининг ўз вазифаларини сидқидилдан бажараётгани қайд этилиб, улар олдида турган долзарб вазифаларга урғу берилди.
Ўтган йили Самарқанд вилоятидаги маҳаллаларда фаолият юритаётган маслаҳатчилар ташаббуси билан “Оилавий қадриятлар”, “Оила ва саломатлик”, “Сиз оила бўсағасидасиз”, “Никоҳ — муқаддас” сингари 23 мингга яқин, оилавий ажралишларнинг олдини олишга қаратилган 25 мингдан зиёд тадбирлар ўтказилди. Шунингдек, оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни ўрганиш натижалари асосида салкам 10 мингга яқин оилалардаги турли низоли ҳолатларга барҳам берилган.
Вилоят марказидаги ва Самарқанд туманидаги маҳалла маслаҳатчилари иштирокида ўтказилган ушбу семинар жараёнида бугунги кунда дунёнинг айрим минтақаларида турли қарама-қаршилик ва можароларнинг кучайиб бораётганлиги, барқарорлик ҳамда хавфсизликка таҳдид солаётган ёт ва бузғунчи ғояларнинг ғаразли мақсади, жамиятимиз ҳаётига турли йўллар билан сингдиришга қаратилган уринишларнинг асл моҳияти ҳамда маҳаллаларда аҳоли, аввало, ёшларнинг маънавий оламини юксалтириш, уларни она-Ватанга юксак муҳаббат, миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш, қалби ва онгида мафкуравий иммунитетни янада кучайтириш борасида маслаҳатчилар томонидан амалга оширилиши зарур бўлган чора-тадбирларнинг аҳамиятига атрофлича тўхталиб ўтилди.
— Аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, уларни турли зарарли таъсирлар, “оммавий маданият” ниқоби остидаги таҳдид ва хатарлардан асраш бевосита биз, маҳалла фаолларига ҳам дахлдордир, — дейди Самарқанд туманидаги “Ўрта Оҳалик” маҳалла фуқаролар йиғинининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси С. Жабборова. — Юртбошимиз ушбу масалага “Она юртимиз бахту иқболи ва буюк келажаги йўлида хизмат қилиш — энг олий саодатдир” номли китобида, Янги йил табригида ҳамда Ватан ҳимоячиларига йўллаган байрам табригида алоҳида эътибор қаратганликлари бугунги кунда фарзандларимизнинг маънавий оламини юксалтириш, уларни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаб, қалби ва онгида мафкуравий иммунитетни янада кучайтириш йўлидаги ишларимизни юқори босқичга кўтаришимиз зарурлигидан далолат беради.
Ушбу масалага “Оила — маҳалла — таълим муассасаси” ҳамкорлиги доирасида барчамиз бирдек эътибор қаратишимиз, маҳаллалардаги маърифат ва маънавият, хотин-қизлар ва ёшлар масалалари бўйича жамоатчилик комиссиялари ишини янада жонлантиришимиз, “Ота-оналар университети” ишини самарали ташкил этишимиз бизнинг олдимизда турган долзарб вазифалардандир.
Ўқув-семинарда билдирилган фикр-мулоҳазалар, иш фаолиятимизнинг самарадорлигини оширишга қаратилган тавсиялар, айниқса, барқарорлик ва хавфсизликка таҳдид солаётган ёт ва бузғунчи ғояларнинг мақсадини, жамиятимиз ҳаётига турли йўллар билан сингдиришга қаратилган уринишларнинг мазмун-моҳиятини англашда ва маънавий-маърифий аҳамиятга эга тарғибот ишларини сифат жиҳатдан юқори босқичга кўтаришда дастуриламал бўлиб хизмат қилади.
— Ўқув-семинарларида маҳалла маслаҳатчилари фаол иштирок этмоқда, — дейди “Маҳалла” фондининг Сирдарё вилояти бўлими бош мутахассиси С. Ўдаева. — Уларнинг фаолияти самарадорлигини янада оширишга қаратилган, моҳияти ва аҳамиятига кўра долзарб маърузалар қизғин савол-жавоб ва баҳс-мунозараларга уланмоқда. Маърузаларда маҳалла маслаҳатчилари кенг билим ва тафаккурга, услубий ва амалий кўникмага эга бўлиши, ҳар қандай масалага ҳозиржавоблик билан қараб, ҳар бир вазиятда оқилона йўл тута билиши учун атрофлича тушунча ҳамда тавсиялар берилмоқда.
Шунингдек, маҳаллалар қошида ташкил этилган “Ота-оналар университети” ота-оналарнинг фарзанд тарбиясига доир ҳуқуқий, маънавий-ахлоқий ва физиологик билимларини оширишда муҳим омил бўлаётгани эътироф этилди. Айнан мазкур йўналиш бўйича ўтган йили вилоятимиздаги мавжуд 283 та фуқаролар йиғинида жами 6 минг 700 га яқин тадбирлар ўтказилган.
Жойларда бўлиб ўтаётган ўқув-семинарлар маслаҳатчиларнинг билимларини, иш фаолияти самарадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Зеро, ҳозирги мураккаб замонда миллий ўзлигимиз, азалий қадриятларимизга ёт ва бегона бўлган турли хуружлар, ёшларимизнинг онги ва қалбини эгаллашга қаратилган ғаразли интилишлардан асраш, оилаларда соғлом турмуш тарзи тамойилларини қарор топтириш маҳалла фаолларига, шу жумладан, маслаҳатчилар зиммасига катта масъулият юклайди, жойлардаги давлат идоралари ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликни янада кучайтириш, тарғибот ишларининг самарадорлигини оширишни талаб этади.
Тошкент вилоятида 985 нафар маслаҳатчи фаолият юритмоқда. Маҳаллаларда осойишталик ва аҳиллик, соғлом маънавий-ахлоқий муҳит барқарорлигини таъминлаш, миллий қадриятларимизни кенг тарғиб қилиш ишларида уларнинг алоҳида ўрни бор. Янгийўл туманида ўтказилган семинарда оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, оила институтини ривожлантириш, ёшлар, жумладан, қизлар тарбияси борасидаги устувор масалалар юзасидан фикр алмашилди.
— Тиббиёт муассасалари вакиллари билан биргаликда оналар ва болалар саломатлигини мустаҳкамлаш, никоҳланувчиларни тиббий кўрикдан ўтказиш билан боғлиқ мавзуларда аҳоли кенг қатламлари ўртасида тушунтириш ишларини олиб бормоқдамиз, — дейди Янгийўл туманидаги “Ватан” маҳалла фуқаролар йиғини маслаҳатчиси М. Шамшарова. — Семинар давомида ана шундай муҳим жараёнларда маслаҳатчилар вазифаси ва масъулияти ҳақида сўз юритилгани ўз фаолиятимизга яна бир бор чуқур разм солиб, танқидий баҳолашимизга ҳамда бундан тўғри хулосалар чиқариб олишимизга туртки берди.
Тадбир давомида маслаҳатчиларнинг таълим муассасалари, “Ота-оналар университетлари”, жамоатчилик комиссиялари, айниқса, яраштириш, вояга етмаганлар, ёшлар ва спорт масалалари, хотин-қизлар билан ишлаш, маърифат ва маънавият масалалари бўйича комиссиялар билан изчил ҳамкорликни йўлга қўйган ҳолда иш олиб бориши лозимлиги юзасидан зарур тушунча ва тавсиялар берилди.
Ўқув-семинарлар республикамизнинг бошқа туман ва шаҳарларида ҳам ўтказилмоқда.

«Халқ сўзи» мухбирлари
хабарлари асосида тайёрланди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn