Маърифий тарғибот
  • 10 Февраль 2016

Маърифий тарғибот

Инсон маънавий камолоти, хусусан, ёш авлод таълим-тарбиясида тасвирий тарғиботнинг аҳамияти беқиёс. Зеро, кўз орқали кўрилган воқеа-ҳодисалар ва манзаралар хотирада узоқ вақт сақланиб қолади, онгу шууримизга кучли таъсир ўтказади.

Қалбимиздан чуқур жой эгаллайди. Истиқлол йилларида ушбу йўналишда жуда кўп амалий ишлар рўёбга чиқарилди. Айниқса, бу жабҳада “Тасвирий ойина” ижодий уюшмасининг алоҳида ўрни бор.
Бугунги кунда кўча ва хиёбонлар, корхона, ташкилот ҳамда муассасаларни безаб турган шиорлар, Ватан манзаралари, янгилик ҳамда воқеаларни акс эттирган йирик ҳажмдаги матнли суратларни кўрганимизда, қалбимизда эзгу туйғу жўш уради. Айниқса, миллий анъана ҳамда қадриятларимизни эъзозлаш, меҳр-оқибат, бунёдкорлик ва яратувчиликка чорловчи бундай воситалар ҳар бир юртдошимизни хайрли мақсадлар сари руҳлантиради. Юксак марраларни забт этишга ундайди. Шу маънода, “Тасвирий ойина” ижодий уюшмасининг моддий-техника имкониятлари тобора кенгайиб бораётгани қувонарлидир. Буни уюшманинг Наманган вилояти бўлими фаолияти мисолида ҳам кузатиш мумкин.
Жумладан, ҳудуддаги қишлоқ ва маҳаллаларга ўрнатилаётган кўргазмали тарғибот воситалари аҳоли маънавий-маърифий савиясини юксалтиришга хизмат қилаётир. Бунда турли плакат ва панноларни тезкорлик билан тайёрлаш учун бўлим қошидаги замонавий босма ускунасидан фойдаланилаётгани қўл келмоқда. Ваҳолонки, илгари ушбу юмушлар қўлда бажарилгани туфайли шиорларни ёзиш, суратлар чизиш ва сайқал бериш ишлари билан безакчи рассом шуғулланиб, ҳар бир буюртмани уддалаш муддати чўзилиб кетарди. Эндиликда эса техника зиммасига юклатилган вазифа компьютерлаштирилган усулда амалга оширилади. Яъни ўртача ўлчамдаги буюртма узоғи билан бир-икки соат ичида тўлиқ бажарилади.
— Пойтахтдан гуллар шаҳрига меҳмон бўлиб келган кишининг нигоҳи даставвал ҳудудга кираверишда ўрнатилган йирик паннога тушади, — дейди бўлим бошқаруви раисининг ўринбосари Абдулвоҳид Раҳмонов. — Унга бежирим ҳарфлар билан Юртбошимизнинг “Пок ниятли Наманган аҳлининг меҳнат шижоатига мен доимо чуқур ҳурмат билан қарайман”, деган сўзлари ёзиб қўйилган. Дизайнерларимиз томонидан юксак дид билан яратилган бундай  кўргазмали воситаларни шаҳарнинг ҳар бир даҳаси, қолаверса, туман марказларида ҳам кўплаб учратасиз. Биргина жорий йилнинг ўтган даврида бўлимимиз томонидан мингдан ортиқ шиор, панно ва плакатлар тайёрланиб, жойларга ўрнатилди.
Маълумки, кўргазмали тарғибот воситаси ижодий иш намунасидир. Бу эса унинг муаллифидан доимий изланишни талаб этади. Малакали дизайнер Элёр Иминов — шундай иқтидорли мутахассислардан бири. У ҳозир тажрибали фотоижодкорлар билан ҳамкорликда иш олиб бориб, қатор муваффақиятларга эришмоқда. Масалан, Элёрнинг кейинги пайтларда шаҳар кўчалари бўйлаб ўрнатилган долзарб мавзудаги кўргазмали воситалари, Мустақиллик ва Наврўз байрамлари ўтказиладиган ҳудудлардаги иншоотларни безатиш бўйича амалга оширган ишлари вилоят маркази ҳуснига ҳусн қўшди.
Дарвоқе, ижодий уюшма, мана, ўн етти йилдирки, бир қатор ҳамкорлар билан биргаликда истиқлол байрамига бағишлаб, “Энг улуғ, энг азиз” кўрик-танловини ташкил этиш ва ўтказишга бошчилик қилиб келаётир. Унинг 2015 йилги вилоят босқичида 110 нафар ижодкор ўзининг 700 дан зиёд иши билан қатнашди. Танловда ғолиб чиққан бадиий ижод усталари, матбуотчилар, тележурналист ва киночилар сафида дизайнер Э. Иминов ҳам бор.
— Тарғибот воситаларини танлаш, безаш, жойлаштириш ўта масъулиятли юмуш, — дейди у. — Бу борада вилоятимиз анча илғор. Ҳудуддаги ижобий тажрибалар оммалаштиришга арзийди. Сўзимиз тасдиғига кўча ҳамда хиёбонларимиз, лицей ва коллежларимизда гувоҳ бўлишингиз мумкин.
Дарҳақиқат, “Тавсирий ойина” ижодкорлари доимий изланишда. Зотан, астойдил қилинган меҳнат самараси шаҳару қишлоқлар кун сайин чирой очиб, одамлар маънавияти янада юксалиб бораётганида яққол намоён бўлади.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn