Жасур, мард ва садоқатли ўғлонлар юрт тинчлиги ҳамда осойишталигини таъминлашга муносиб ҳисса қўшишни муқаддас бурч, деб билишади
  • 10 Февраль 2016

Жасур, мард ва садоқатли ўғлонлар юрт тинчлиги ҳамда осойишталигини таъминлашга муносиб ҳисса қўшишни муқаддас бурч, деб билишади

Президентимиз Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 24 йиллиги муносабати билан Ватан ҳимоячиларига йўллаган байрам табригида истиқлол йилларида мамлакатимиз мудофаа салоҳиятини мустаҳкамлаш мақсадида амалга оширилган кенг кўламли чора-тадбирлар самаралари ҳақида фикр юритиб, жумладан, шундай дейди:

“Биз чорак аср мобайнида босиб ўтган мураккаб йўлимизга назар ташлар эканмиз, ўз вақтида қабул қилинган ва чуқур ўйланган ислоҳотлар дастурини амалга ошириш натижасида Ўзбекистон бугунги кунда профессионал тайёргарликка эга бўлган, яхши таъминланган, Ватанимиз ва халқимизга садоқатли, мамлакатимизнинг хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигини, чегараларимиз дахлсизлигини таъминлаш бўйича кенг кўламли вазифаларни самарали адо этиш, фуқароларимизнинг тинч ва осойишта ҳаётини ҳимоя қилишга қодир бўлган миллий армиясига эга, деб айтишга барча асосларимиз бор”.
Дарҳақиқат, ўтган давр мобайнида ҳаётга татбиқ этилган ислоҳотлар туфайли Қуролли Кучларимизни ташкил этиш ҳамда бошқаришнинг мутлақо янги тизими вужудга келди, унинг сафини тўлдириш такомиллаштирилди. Хусусан, 2002 йилнинг 29 августида бўлиб ўтган Иккинчи чақириқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг тўққизинчи сессиясида давлатимиз раҳбари “Қандай қилсак, армияда хизмат қилиш том маънодаги нуфузли ишга айланади? Қандай қилсак, ёшларимиз ўртасида армия хизматидан бўйин товлаш эмас, аксинча, унинг сафидан жой олишга интилиш кучаяди? Қандай қилсак, мустақил ҳаётга қадам қўяётган ёш авлоднинг энг муносиб вакиллари армияга танлаб олинадиган бўлади?” деган саволларни ўртага ташлади. Ўшанда фарзандларимизнинг Қуролли Кучларда хизматни ўташ муддатини 18 ойдан 12 ойга, яъни бир йилга келтириш таклиф қилинди. Бунинг аҳамияти, ўзига хос жиҳатлари ҳаётий далиллар асосида батафсил тушунтириб берилди. Шундан сўнг, Иккинчи чақириқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг ўнинчи сессиясида “Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди. Унга мувофиқ, ҳарбий хизмат муддатини 12 ойгача қисқартиришга доир ҳуқуқий асос яратилди.
2008 йил 20 ноябрда Президентимизнинг “Фуқароларнинг Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларида муддатли ҳарбий хизматни ўташ шарт-шароитларини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони эълон қилинди. Унга кўра, 2009 йилдан бошлаб, фуқароларни муддатли ҳарбий хизматга йилига бир марта — февраль-март ойларида чақириш йўлга қўйилди.
Буларнинг барчаси амалда ўз самарасини кўрсатди. Яъни миллий армиямиз сафида хизмат қилиш Ўзбекистон фуқаролари учун нафақат конституциявий бурч, балки чин маънодаги шон-шараф ишига айланди. Бугун улғайиб, камолга етган ҳар бир йигитнинг ўз хоҳиш-иродаси билан ана шу муқаддас вазифани адо этишга интилаётгани қалбимизга алоҳида фахр бағишлайди.
Шу ўринда яна бир диққатга сазовор жиҳатни айтиш жоиз. Бугун ҳарбий хизматга чақирилаётган ёшлар аввалги йиллардаги муддатли ҳарбий хизматчилардан мутлақо фарқ қилади.
Эндиликда мустақиллик йилларида туғилиб вояга етган, мамлакатимиздаги замонавий лицей ва коллежларда таълим-тарбия олган йигитлар армия сафларига кириб келмоқда. Улар ахборот-коммуникация технологияларини, хорижий тилларни пухта билади. Энг асосийси, ҳаёт ҳақида ўзининг мустақил фикри ва қарашига, ахлоқий-маънавий қадриятларига эга. Бундай салоҳиятли ёшлар халқимизнинг ишончи ва таянчидир.
Шу кунларда давлатимиз раҳбарининг 2015 йил 23 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси фуқароларини муддатли ҳарбий хизматга навбатдаги чақируви ҳамда белгиланган хизмат муддатларини ўтаб бўлган ҳарбий хизматчиларни Қуролли Кучлар резервига бўшатиш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида йигитларни муддатли ҳарбий хизматга тантанали кузатишга бағишлаб жойларда ўтказилаётган маросимларда ана шу жиҳатлар алоҳида эътироф этилаяпти. Мазкур тадбирларда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши аъзолари, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, “Нуроний” жамғармаси, Хотин-қизлар қўмитаси, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати вакиллари ҳамда ота-оналар қатнашиб, чақирилувчиларга масъулиятли вазифани адо этишда муваффақият тиламоқдалар.
— Бундай маросимларни кўтаринки руҳда, ёшларнинг ҳам, ота-оналарнинг ҳам узоқ вақт ёдида қоладиган қилиб ўтказиш учун мудофаа ишлари бошқармаси, туман мудофаа ишлари бўлимлари чақирув ва йиғин пунктларида барча шароит яратилган, — дейди Тошкент шаҳар мудофаа ишлари бошқармаси чақирув бўлими бошлиғи, майор Каромат Каипназаров. — Чақирув комиссияларининг ишида ошкоралик ва самарали жамоатчилик назорати ўрнатилган. Ўз навбатида, тиббий комиссия хоналари замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган. Уларда олий тоифали шифокорлар фаолият кўрсатмоқда. Булар армия сафларига ҳар томонлама соғлом, жисмонан етук, дунёқараши кенг, билимли йигитларни танлаб олиш имконини бераётир.
— Ўғлим Нодирбек Абсаломов болалигиданоқ ҳарбий бўлишга қизиқади, — дейди Жиззах вилояти мудофаа ишлари бошқармаси йиғин пунктида ўтказилган маросимда иштирок этиш учун келган ғаллаороллик Насиба Алиқулова. — Мактабда ва коллежда фанларни чуқур ўзлаштирди, спорт унинг доимий ҳамроҳи. Бу мақсади йўлидаги дастлабки қадам — муддатли ҳарбий хизматга бориш учун белгиланган синовлардан аъло даражада ўтишида асқатди. Бугун фарзандимни ҳарбий либосда кўриб, жудаям қувондим. Унинг “Онажон, ўзимга билдирилган ишончни, албатта, оқлайман!” деганида қалбим шундай ифтихорга тўлдики, буни таърифлаш қийин.
— Айни ўйнаб-куладиган ёшлик чоғларим қийинчиликда ўтган бўлса-да, мустақилликка эришгач, шундай обод ва фаровонликда кексалик гаштини сураётганимдан шукроналар айтаман, — дейди Навоий шаҳридан чақирилган Тўймурод Аслоновнинг бобоси Очил Аслонов. — Фарзандларим, невараларим ували-жували, бахтли. Ҳар гал дуога қўл очганда, аввало, юртимиздаги тинчлик ва осойишталик барқарор бўлишини сўраймиз. Жигарбандларимга ҳам ҳамиша эзгу ишлари барорини берсин, деб ниятлар қиламан. Мана, Ватан ҳимоячиси бўлишга бел боғлаган полвон неварамга ҳам омад тилаш мақсадида армияга кузатиш тадбирига келдим. Қаранг, ушбу маросим худди байрамга ўхшайди. Ҳамма хурсанд. Буёғини айтсам, Тўймуроджон ёшлигидан кураш тушиб катта бўлган, билаги кучга тўлган. Билимли. Барча тенгдошлари қатори муддатли ҳарбий хизматни аъло даражада ўтаб қайтишига ишонаман!  
— Армияга бориш ҳар бир йигитнинг орзуси, — дейди Тошкент шаҳар Учтепа туманидан чақирилган Муроджон Камолов. — Ана шу мақсадимга эришганимдан мамнунман. Бунда юртимизда таълим-тарбия олишимиз, жисмонан чиниқишимиз учун биз, ёшларга кўрсатилаётган чексиз ғамхўрлик жуда катта қанот, рағбат бўлди. Муддатли ҳарбий хизмат давомида соҳа сир-асрорларини пухта эгаллаб, мусаффо осмонимизни асраб-авайлашга ўз ҳиссамни қўшмоқчиман...
Йигитларни муддатли ҳарбий хизматга тантанали кузатиш маросимлари давом этаяпти.

Саиджон МАХСУМОВ,
Тожиддин ҚАМАРОВ,
Азамат ЗАРИПОВ,
«Халқ сўзи» мухбирлари.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn