Қонуний асосда меҳнат қилиш чет элда ишловчилар ҳуқуқларини кафолатлашнинг муҳим шартидир
Версия для печати
  • 10 Февраль 2016

Қонуний асосда меҳнат қилиш чет элда ишловчилар ҳуқуқларини кафолатлашнинг муҳим шартидир

Илмий-техникавий тараққиётнинг жадаллашуви билан шаҳарлар, мамлакатлар ва қитъалар тобора яқинлашиб, курраи замин бўйлаб ҳаракатланиш бутунлай осонлашди.

Авваллари ойлар давомида машаққатли сафар эвазига босиб ўтилган масофа бугунги кунда бир неча соатларда қулай авиапарвоз ёрдамида эгалланмоқда. Бундай воқеликлар, ўз навбатида, меҳнат бозори интеграциясига кенг йўл очди.
Экспертлар ишчи кучи халқаро миграциясининг глобал иқтисодий муносабатларга сезиларли даражада таъсирини қайд этган ҳолда, ушбу жараён меҳнат ресурсларини қабул қилаётган ва унинг экспортини амалга ошираётган мамлакатлар учун ҳам фойдали эканлигини таъкидлашмоқда. Аввало, ишлаб чиқариш рағбатлантирилади, ички меҳнат бозорида соғлом рақобат яратилади. Қолаверса, валюта тушумларининг қўшимча манбалари пайдо бўлади. Бундан ташқари, фуқаролар хорижда ишлаш асносида янги касбларни ўзлаштиришади, тажриба ва билимларини ошириб, ўз Ватанига қайтганида, уларни ҳаётга самарали татбиқ этишади. Албатта, ушбу ижобий ютуқларга меҳнат миграциясининг ҳуқуқий жиҳатларига амал қилингандагина эришиш мумкин.
Ўзбекистон халқаро меҳнат бозорининг тўлақонли аъзоси сифатида ушбу глобал жараёнлардан четда қолгани йўқ. Конституциямизда меҳнат ҳуқуқи, ҳаракатланиш эркинлиги мустаҳкамлаб қўйилган. Шу сабабли фуқароларимиз хорижга ишлаш, тажриба орттириш учун чиқишга ҳақлидирлар.
Ушбу масалалар Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги томонидан тартибга солинади. Хорижда ишлашни хоҳловчиларга қандай ёрдам кўрсатилаётгани, шунингдек, ушбу идора фаолиятининг бошқа жиҳатларига оид саволларимизга мазкур агентлик юристи Азиз ИНАКОВ жавоб берди.

— Айтингчи, агентлик томонидан фуқароларнинг хорижда ишга жойлашишига қандай кўмак берилаяпти ҳамда қайси йўналишларда қонуний меҳнат миграцияси амалга оширилмоқда?
— Ҳуқуқий нормаларга мувофиқ, меҳнат миграцияси соҳасидаги халқаро ҳамкорлик лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, фуқароларни чет элларда ишга жойлаштириш учун квоталар ажратиш ва рухсатномалар бериш масалалари бўйича хорижий давлатларнинг ваколатли органлари билан ҳамкорлик қилиш, уни мувофиқлаштириш, шунингдек, рўёбга чиқаришга рухсатномалар бериш ҳамда бошқалар Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлигининг вазифалари ҳисобланади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 12 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг чет эллардаги меҳнат фаолиятини ташкил этишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, фуқароларимиз Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳукуматлараро, идоралараро шартномалар ва битимлар асосида фақат Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги ҳамда Тошкент, Фарғона, Қарши ва Нукус шаҳарларида жойлашган Фуқароларни чет элларда ишга жойлаштириш бўйича хўжалик ҳисобидаги минтақавий бюроларнинг кўмагида Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги томонидан белгиланадиган тартибда меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун чет элга чиқиш ҳуқуқига эгадирлар.
Юқорида қайд этилган қарор ижроси доирасида амалга оширилаётган меҳнат миграцияси йўналишларидан иккитасини шартли равишда кўрсатиб ўтиш мумкин. Биринчиси — бу агентлик томонидан берилган рухсатнома бўйича хусусий меҳнат шартномаси асосида фуқароларнинг хорижга чиқиши ҳисобланади. Бунда ҳамюртларимиз чет элда иш берувчини мустақил топадилар.
Фуқаролар агентликка ариза, хорижий фирмадан (иш берувчидан) олинган давлат тилига таржима қилинган, барча ижтимоий кафолатлар ва тиббий суғурта кўрсатилган, шунингдек, меҳнат визаси билан таъминлаш борасида иш берувчининг мажбурияти назарда тутилган ҳолда нотариал тасдиқланган контракт нусхаси, иш берувчи тўғрисидаги қисқа маълумотлар, маълумотнома, тиббий суғурта топширади, давлат божини тўлайди. Агентлик ҳужжатларни идоралараро комиссияга киритади. Агар комиссия ижобий қарор қабул қиладиган бўлса, фуқарога чет элда меҳнат фаолиятини амалга оширишга рухсатнома берилади. Сўнгги икки йил давомида Чехия, Швейцария, Франция, БАА, Ҳиндистон ва бошқа мамлакатларда ишлаш учун шундай рухсатномалар берилган.
Меҳнат миграциясининг иккинчи йўналиши агентлик орқали амалга оширилади. Бундан жуда кўпчилик фойдаланади. “Эркин ёллаш”, деб номланган ушбу тизим Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ҳамда Корея Республикаси Меҳнат вазирлиги ўртасида ишчиларни ушбу мамлакатга юбориш тўғрисида 2006 йилда имзоланган Англашув меморандумига мувофиқ амалга оширилади.

— “Эркин ёллаш” тизимининг ўзига хос жиҳатлари нимада? Кимлар ушбу дастурда иштирок этишлари мумкин?
— Корея Республикасида ишлашнинг асосий талабларидан бири корейс тилини билиш ҳисобланади. Номзод 18 ёшдан 39 ёшгача бўлиши, судланмаган, ушбу давлатдан депортация қилинмаган ҳамда мамлакатимизда хорижга чиқиши чегараланмаган бўлиши зарур. Мазкур талабларга жавоб берадиганлар корейс тили бўйича тест синовида қатнашиши мумкин. Шуни айтиш жоизки, корейс тилидан тест синови учун рўйхатдан ўтиш ҳамда унда иштирок этиш оммавий ахборот воситаларида ҳамда агентликнинг www.migration.uz сайтида аввалроқ эълон қилинадиган жой ва муддатда ўтказилади.
Номзод корейс тили бўйича тест синовидан муваффақиятли ўтгач, белгиланган тиббиёт муассасасида тиббий кўрикдан ўтади. Шунингдек, паспорт, унинг иккита нусхасини, давлат божи тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим қилади ҳамда агентликда ариза тўлдиради. Шундан сўнг, анкета маълумотлари Корея Республикасининг Инсон ресурсларини ривожлантириш хизматига топширилади ва номзодларни саралаб олишнинг барча жараёни ушбу давлат томонидан амалга оширилади.
Ҳар бир иш изловчи ҳақидаги маълумот Инсон ресурсларини ривожлантириш хизмати маълумотлар базасида икки йил сақланади ва мазкур муддат тугагач, компьютердан автоматик тарзда ўчирилади. Ушбу идора орқали Жанубий кореялик иш берувчи меҳнат шартномасини тузади. Корея Республикаси Адлия вазирлиги эса мамлакатга жалб қилинаётган барча ишчи рўйхатини тасдиқлайди ҳамда ўша асосида иммиграция хизмати виза беради.
Ҳамма жараён бўйича қарор қабул қилингач, агентлигимиз ҳамма зарур ҳужжатларни расмийлаштиришни якунлаб, ўзбекистонлик ишчиларнинг Корея Республикаси тарафи билан келишилган жадвал асосида авиачипталарни харид қилиши ҳамда мамлакатдан чиқиб кетишига кўмаклашади. Ишга жойлашиш бўйича харажатларни иш изловчининг ўзи қоплайди.
Санаб ўтилган жараён жуда ҳам осон ва тез амалга ошадигандек кўринмаслиги мумкин. Аммо айнан мамлакатдан чиқиб кетишдан олдин сифатли ўқиш ва мослашиш, тиббий билимларнинг оширилишига оид тизим Ўзбекистон ва Жанубий Корея манфаатларига хизмат қилади. 2007 йилдан бери 22,5 минг нафардан ортиқ ҳамюртларимиз Корея Республикаси корхоналарида иш билан таъминлангани, ҳозирги кунда 15,1 минг нафардан зиёд ўзбекистонликлар ушбу мамлакатда меҳнат қилаётгани ҳам унинг самарадорлигидан далолатдир.

— Фуқаро хорижда қонуний асосда ишламоқда. Ўзга давлатда унинг ҳуқуқлари таъминланишига кафолат борми?
— Ҳа, шубҳасиз. Тасдиқланган жадвалга мувофиқ, Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги ҳар чоракда Корея Республикасида фуқароларимизнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясини таъминлашнинг мониторингини олиб боради. Ушбу жараённи Инсон ресурсларини ривожлантириш хизмати раҳбарияти ва масъул ходимлари, Ўзбекистон элчихонаси вакиллари билан ҳамкорликда амалга оширамиз. Бу саъй-ҳаракатлар юзага келган муаммоларни ўз вақтида аниқлаш ҳамда уни бартараф этиш имконини бермоқда.
Жанубий Кореяда ҳамюртларимиз, асосан, ишлаб чиқариш соҳасида фаолият юритишади. Шу сабабли агентлигимиз вакиллари турли шаҳарлардаги корхоналарга ташриф буюриб, улар санитария-гигиена нормаларига мувофиқ шарт-шароитларда ишлаётгани, махсус кийим-кечак билан таъминлангани, иш вақти Корея Республикасида қабул қилинган стандартларга биноан чегараланиши, корхоналарда дам олиш хоналари борлиги, маоши ўз вақтида тўланаётганини ўрганиб чиқишади ва  ишонч ҳосил қилишади. Бундан ташқари, улар иш берувчи тиббий ва бошқа суғурталар билан таъминлаганини текширишади. Барча камчиликлар Корея Республикасида Инсон ресурсларини ривожлантириш хизмати билан ҳамкорликда ҳал қилинади. Бу ёзма шаклда, телефон ёки интернет, хусусан, агентлик сайтининг махсус бўлими орқали келиб тушган шикоятларни кўриб чиқишга ҳам тааллуқлидир.
Шуни айтиб ўтиш керакки, ўтган давр мобайнида қонуний асосда ишлаётган ҳамюртларимизнинг манфаатлари қўпол равишда бузилган ҳолатлар қайд этилмаган. Жанубий кореялик иш берувчилар юртдошларимизнинг меҳнатсеварлигига, касб-ҳунар коллежларида олган билим ва малакаларига, ишлаб чиқаришдаги ихтисослигига юқори баҳо бериб, бошқача айтганда, уларга хайрихоҳлик билан муносабатда бўлишади. Шунинг учун ҳам Корея Республикаси ўз корхоналарига дунёнинг 16 мамлакатидан, жумладан, Ўзбекистондан ходимларни жалб қилади.

— Юртимиз аҳолиси учун яна қайси мамлакатларда янги иш ўринлари очилиши мумкин?
— Ҳозирги кунда бир неча йўналишда иш олиб борилмоқда. Хусусан, Япония билан ҳамкорликни кенгайтириш доирасида Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ҳамда Япониянинг таълим соҳасидаги ҳамкорлик бўйича халқаро ташкилоти (JITCO) ўртасида ўзаро Англашув меморандуми имзоланган. Агентлигимиз ушбу ҳужжатга мувофиқ, Ўзбекистон фуқароларини “Кунчиқар юрт”га техник стажировкага юборишни таъминлайдиган ваколатли орган сифатида белгиланган. Бугунги кунга қадар япониялик шериклар билан бир қатор учрашув ва музокаралар ўтказилди. Натижада “Чуо Сангьё Шинко” ассоциацияси билан битим имзоланди. Унга мувофиқ, республикамизнинг япон тилини биладиган ва тегишли ихтисосликка эга фуқаролари ушбу мамлакатда стажировка ўташлари мумкин.
Чет элларга кетаётган фуқароларни олдиндан кўниктириш ва ўқитиш марказининг “Уно” корпорацияси билан ҳамкорлик алоқалари натижасида ишчилар чет элга боришдан олдин малакаларини янада мустаҳкамлаш учун махсус бўлим ташкил қилиш режалаштирилган. Шунингдек, Япония корпорацияси бош офисида Ўзбекистон — Япония ахборот маркази ишга туширилади.
Россия Федерацияси билан меҳнат мигрантлари ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид ҳукуматлараро битимни амалга ошириш доирасида қўшма ишчи гуруҳининг бир қатор учрашувлари ўтказилиб, уларда ишчиларни МДҲга аъзо давлатларга ташкиллаштирилган ҳолда жалб қилиш механизмлари муҳокама этилди. Республикамиз фуқароларининг Россия Федерацияси ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириши учун уларни ишга ёллашни ташкиллаштириш тўғрисида битим лойиҳаси кўриб чиқилиш босқичида турибди.
Шунингдек, чет эл мамлакатлари билан алоқаларни мустаҳкамлаш мақсадида Польша, Ўмон Султонлиги ва бошқа давлатлар билан меҳнат миграцияси соҳасида ҳамкорлик ўрнатилмоқда. Музокараларда мамлакатимиз вакиллари фуқароларимизга барча ижтимоий, ҳуқуқий ва бошқа кафолатларни тақдим қилиш зарурлигини таъкидлашаётир.

Руслан КЕНЖАЕВ
суҳбатлашди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn