Улуғ неъмат
  • 02 Февраль 2016

Улуғ неъмат

Ўтган йили Ўзбекистон БМТ ҳомийлигида мустақил ташкилотлар гуруҳи ва халқаро экспертлар иштирокида ўтказилган “Дунёнинг энг бахтли мамлакатлари” деган тадқиқот якунларига кўра, 44-ўринни эгаллаганидан барчамиз хабардормиз.

Ваҳолонки, 2013 йилда мазкур рейтингда 60-поғонани банд этганимизни ҳисобга олсак, қисқа даврда юртимизда салмоқли ютуқлар қўлга киритилгани, халқимиз ҳаёт даражаси тобора яхшиланиб бораётгани кўнглимизда ғурур ва ифтихор уйғотади.
Президентимизнинг мамлакатимизни 2015 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2016 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги маърузаси билан танишиб, бунга яна бир карра ишонч ҳосил қилдик.
Дарҳақиқат, тинч-осойишта юртда фаровон ҳаёт кечириш — катта саодат. Муҳими, инсон манфаатлари йўлидаги изчил ислоҳотлар республикамиздаги ҳар бир оила, ҳар бир хонадонни қамраб олаётир. Хусусан, тадбиркорлик ривожи, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасининг жадал равнақи туфайли турмушимиз файзга тўлаяпти.
Қаранг, биргина Бухоро вилоятида ўтган йили хизмат кўрсатиш ва сервис йўналишида 650 та лойиҳа ҳаётга татбиқ этилибди. Кўрсатилган хизматлар ҳажми эса воҳа аҳолиси жон бошига ҳисоблаганда, 2 миллион 689 минг сўмдан ошмоқда. Бу юртимизда тадбиркорлар учун яратилган қулай ишбилармонлик муҳити, соҳа вакилларига берилаётган имтиёзлар самарасидир.
Биз ҳам шу имкониятлардан оқилона фойдаланиб, ўз бизнесимизни йўлга қўйганмиз. Оилавий корхонамизда тикувчилик цехи, пойабзал таъмирлаш устахонаси, “Гўзаллик салони” фаолият кўрсатаяпти. Истиқболли лойиҳамиз молия муассасаси томонидан қўллаб-қувватлангани мақсадларимиз рўёбига кенг йўл очди. Бизга ҳавас қилиб, бир гуруҳ ёшлар ҳам тадбиркорлик этагидан тутди. Улардан ўз маслаҳат ва кўмагимизни аямаяпмиз.
Мана, иш бошлаганимизга икки йилдан ошди. Эндиликда фаолиятимизни янада кенгайтириш ниятидамиз. Шу мақсадда касб-ҳунар коллежлари битирувчиларидан бир гуруҳини “Устоз — шогирд” анъанаси асосида ишга қабул қилдик.
Қисқа қилиб айтганда, Юртбошимизнинг юқоридаги маърузасини телевизор орқали тинглаб, мақсадимиз янада қатъийлашди. Зотан, бугунги замон шиддати юксак. Тараққиёт суръатлари йилдан-йилга ўсиб бораётир. Муҳими, давлатимиз биз, ишбилармонларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, рағбатлантириш чораларини кўраётир. Албатта, бундай шароитда, дориламон кунларда ғайрат-шижоат, ташаббус, фидойилик кўрсатиб ишлаш ҳар биримизнинг бурчимиздир. Шундан келиб чиқиб, келгусида аҳолига хизмат кўрсатиш қамровини кенгайтириш, ёшлар учун янги иш ўринлари барпо этиш орқали мамлакатимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшишни устувор вазифа сифатида белгилаб олдик.

Зебо ОСТОНОВА,
Ромитан туманидаги «Зебунисо Юлдузхон» оилавий корхонаси раҳбари.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn