Ўзбекистон ёшлари: Келажак бизники, марра бизники!
  • 02 Февраль 2016

Ўзбекистон ёшлари: Келажак бизники, марра бизники!

Мамлакатимизда Президентимиз раҳнамолигида истиқлолнинг дастлабки йиллариданоқ ёш авлодни ҳар томонлама етук қилиб тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ёшлар масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, уларни юксак маънавиятли, зукко, билимдон, юрт тақдирини ўз зиммасига олишга қодир авлод сифатида вояга етказиш учун зарур шарт-шароитлар муҳайё қилинди.
Бундан оқилона фойдаланаётган эртамиз эгалари ўз истеъдод ва салоҳиятини тўла намоён этиб, ҳамма соҳада юксак натижаларни қўлга киритишмоқда.
Бинобарин, мустақилликка эришиш остонасида Юртбошимиз янги давлат ва жамиятни барпо этиш билан боғлиқ кун тартибидаги энг муҳим масалалардан бири сифатида ёшларга оид сиёсат ҳамда уни амалга ошириш механизмини ишлаб чиқиш вазифасини қўйгани бежиз эмас. Ўша пайтда бунга объектив эҳтиёж ва зарурат бор эди. Ўтган асрнинг — 90-йилларида 20 миллиондан ортиқ Ўзбекистон халқининг қарийб 43 фоизини болалар ташкил қилган. Бугунги кунда эса мамлакатимиз аҳолисининг 60 фоиздан зиёди ёшлардан иборат.
Ёшлар бунёдкорлик салоҳиятига эга бебаҳо ресурсдир. Аммо мазкур салмоқли қатлам юрт тақдири ва келажагини ҳал қилувчи катта кучга айланиши учун давлат, даставвал, уларни ижтимоий, маънавий ва моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаши, ўз ҳуқуқ ҳамда мажбуриятларини эркин рўёбга чиқариши, жамиятда муносиб ўрнини топишига қулай шароит яратиши керак эди. 1991 йилнинг бошларидаёқ (Эътибор беринг, ҳали мустақиллик эълон қилинмасдан!) Президентимизнинг бевосита ташаббуси билан “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқила бошланди ва у 1991 йил 20 ноябрда қабул қилинди. Мазкур Қонунни Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатининг миллий концепцияси ҳамда айнан эртамиз эгалари манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган дастлабки ҳуқуқий ҳужжат, дейиш мумкин. Унда ёшлар бўйича давлат сиёсатининг мақсад ва тамойилларигина эмас, балки бугунги кун нуқтаи назаридан улар билан боғлиқ ўта принципиал масалалар ўз аксини топган. Иқтидорли ўғил-қизларни рағбатлантириш, ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, улар учун зарур ижтимоий хизматлар тизимини яратиш, ёш оилаларга ижтимоий ёрдам кўрсатиш, вояга етмаганлар, шунингдек, ёшлар қатламининг айрим тоифалари (ногиронлар, уй бекалари, Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари, ўқувчилар, талабалар, ҳарбий хизматни ўтаб қайтган ёшлар)ни ижтимоий муҳофаза қилиш ана шулар жумласидандир.
Алоҳида таъкидлаш керакки, мазкур Қонунда илк бор ёшлар ҳаётига оид сиёсат ва дастурларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда келажагимиз ворисларининг бевосита иштирок этиши асосий вазифалардан бири сифатида қайд этилди. Энг муҳим жиҳати, юртимизда ёшларга оид давлат сиёсатининг субъектлари сифатида нафақат давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, балки нодавлат тузилмалари биргаликда фаолият олиб бориши белгилаб қўйилди.
Ёшларнинг ижтимоий ҳамда маънавий камол топиши учун шарт-шароит яратиб беришга қаратилган сиёсатнинг асосий моҳияти, шубҳасиз, Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ўз ифодасини топган. Асосий Қонунимиз қабул қилинган куннинг эртасига — 1992 йил 9 декабрда Ўзбекистон Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенцияни ратификация қилди.
Истиқлол йилларида ёшларнинг ҳар томонлама етук, баркамол вояга етиши учун мустаҳкам қонунчилик базаси яратилди. Хусусан, 22 та қонун, Президентимизнинг 26 та Фармон ва қарори, Вазирлар Маҳкамасининг 41 қарори, 30 дан ортиқ меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниб, ҳаётга изчил татбиқ этилмоқда.
Бундан ташқари, йилларга ном беришда ҳам ёшларнинг манфаатлари алоҳида эътиборга олинаётир. Хусусан, 2000 йил “Соғлом авлод йили”, 2001 йил “Оналар ва болалар йили”, 2008 йил “Ёшлар йили”, 2010 йил “Баркамол авлод йили”, 2014 йил “Соғлом бола йили”, 2016 йил “Соғлом она ва бола йили”, деб эълон қилиниб, яхлит чора-тадбирлар дастурлари амалга оширилаётгани фикримиз тасдиғидир.
Ўзбекистон халқининг бош мақсадига айланган ҳеч кимдан кам бўлмайдиган баркамол авлодни вояга етказиш орзусини рўёбга чиқариш мақсадида мустақилликнинг илк кунлариданоқ юртимизда таълим тизимини тубдан ислоҳ этишга устувор аҳамият қаратилди. 1997 йилда ёшларга оид давлат сиёсати доирасида бир йўла иккита муҳим ҳужжат: “Таълим тўғрисида”ги Қонун ҳамда Кадрлар тайёрлаш миллий дастури қабул қилинди. Ўшандаёқ Юртбошимизнинг “вақти келиб мазкур дастур ижобий маънодаги “портлаш эффекти”га сабаб бўлади”, дея билдирган ишончи бугун ўзини тўла оқламоқда.
Айни пайтда таълим соҳасига йўналтирилаётган йиллик харажатлар ялпи ички маҳсулотнинг 10-12 фоизини ташкил этаётир. Бинобарин, жаҳон тажрибасида бу кўрсаткич ўртача 6-7 фоизга тенг. Яна бир таъкид шуки, Ўзбекистон давлат бюджетининг қарийб 60 фоизи ижтимоий соҳага йўналтирадиган дунёдаги саноқли мамлакатлар сирасига киради. Асосийси, ушбу улкан сармоя ҳисобига юртимизда ҳар йили юзлаб таълим муассасалари — мактаб, коллеж ва лицейлар, олий ўқув юртлари қайта таъмирланиб, замонавий моддий-техника базасига эга бўлаяпти.

Куч — билим ва тафаккурда
Республикамизда интеллектуал ривожланган авлодни вояга етказиш учун барча шароит яратилган. Хўш, бундай юксак эътиборга ёшларнинг жавоби қандай? Буни мустақиллик фарзандлари нуфузли халқаро мусобақаларда кетма-кет эришаётган муваффақиятлар мисолида ҳам кўриш мумкин. Биргина мисол: охирги уч йил мобайнида улар халқаро фан олимпиадаларида 110 та медални қўлга киритди. Совриндор бўлган ёшларнинг 44 нафари қизлар экани янада қувонарлидир. Ваҳолонки, мустақилликнинг дастлабки йилларида дунёдаги нуфузли фан беллашувларида мамлакатимиздан бирорта ҳам ўқувчи иштирок этмаган.
Ўзбекистон ёшлари маданият ва санъат соҳасида ҳам салмоқли ютуқларни қўлга киритиб, ўзининг кимлиги ҳамда қандай буюк зотларнинг авлоди эканини намоён этаётганини фахр билан тилга оламиз. Агар мустақилликка қадар халқаро ижодий танловларда ҳар йили ёшларнинг бор-йўғи 3-4 нафар вакили қатнашган бўлса, охирги уч йилнинг ўзида Франция, Италия, Германия, Буюк Британия, Жанубий Корея, Голландия, Польша каби давлатларда ўтказилган танлов ва фестивалларда 530 нафар истеъдодли фарзандларимиз (уларнинг 240 нафарга яқини қиз болалар) совриндор бўлиб қайтди. Бу эса янгитдан яратилган мусиқа ва санъат таълими тизими ҳамда уни такомиллаштиришга қаратилган дастурлар ўз мевасини бераётганидан далолатдир.
Мамлакатимизда тубдан ислоҳ этилган таълим тизимининг энг катта ва аҳамиятли ютуғи ҳар бир болага 12 йиллик бепул умумий таълим олиш ҳуқуқининг давлат томонидан кафолатланиши бўлди. Дунёнинг кўпгина мамлакатларида ота-оналар фарзандларининг таълим-тарбияси учун оила бюджетидан катта миқдорда маблағ сарфлашга мажбур бўлаётган бир пайтда, юртимизда 9+3 схемаси бўйича бепул таълим тизими жорий этилгани, ҳатто молиявий-иқтисодий инқироз шароитида ҳам мактаб ва коллежлар қурилиши изчил давом эттирилгани, албатта, ҳар биримизда чексиз фахр ва  ифтихор туйғусини уйғотади.
Олий таълимда эришилган натижалар ҳам оз эмас. Истиқлол даврида юртимизда олий таълим муассасалари сони 2 баробарга кўпайиб, бугунги кунда 80 тани ташкил этмоқда. Уларнинг еттитаси нуфузли хорижий олий таълим муассасалари филиалларидир. Қолаверса, ёшларимизнинг минглаб иқтидорли вакиллари Жанубий Корея, Япония, Германия, Хитой, Буюк Британия, АҚШ, Франция ва бошқа мамлакатларнинг етакчи университетларида таълим олаяпти, бу эса уларнинг билим ҳамда малакасини оширишда кенг имкониятлар очиб бераётир.
Иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш мақсадида республикамизда Зулфия номидаги Давлат мукофоти, “Ниҳол” мукофоти, “Ўзбекистон белгиси” кўкрак нишони, Ўзбекистон Республикаси Президенти стипендияси ҳамда Беруний, Ибн Сино, Навоий, Улуғбек, Имом ал-Бухорий номидаги қатор давлат стипендияларининг таъсис этилиши “Фарзандларимиз биздан кўра кучли, билимли, доно ва албатта, бахтли бўлишлари шарт!” деган эзгу ғоянинг ҳаётий рўёбини таъминлади. Бугун бу шиор ёшларимизни мазкур эзгу ташаббуснинг тарафдоригина эмас, балки фаол иштирокчилари бўлишга ундаётир.

Шижоати юксак, аҳди қатъий
Болалар спорти юртимизда узлуксиз таълим тизимининг ажралмас қисмига айланди. Ўрни келганда, ёшлар орасида спортни оммалаштириш масаласи давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири этиб белгиланганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Соҳага эътибор ҳам шунга яраша. Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилганидан буён 1 700 дан зиёд (мингдан ортиғи қишлоқ жойларда) янги спорт иншооти барпо этилди. Бунинг самараси ўлароқ, ҳозир юртимизда 2 миллион нафардан ортиқ ёшлар спортнинг 30 дан зиёд тури билан мунтазам шуғулланаяпти. Мазкур кўрсаткич 2003 йилдагига қараганда 1,5 баробар кўпдир.
Ўзбекистонда болалар спортини ривожлантириш ҳаракатининг асосий ташаббускори бўлган давлатимиз раҳбари ғояси асосида ўқувчи ва талаба-ёшлар ўртасида 2000 йилдан бошлаб дунёда ўхшаши бўлмаган уч босқичли — “Умид ниҳоллари”, “Баркамол авлод” ва Универсиада спорт мусобақаларини ўтказиш йўлга қўйилди.
Юртбошимизнинг “Маррани ҳамиша баланд олиб, билимга, изланиш ва ўрганишга интилиб яшанг, ҳеч қачон бўш келманг, азиз болаларим!” деган даъватидан куч олаётган ёшларимиз ушбу “кичик Олимпиада”лар туфайли спорт майдонларида ҳавас қилса арзигулик натижаларга эришишаётир. 2012 — 2015 йилларда салкам 2 минг нафар ёш спортчи нуфузли халқаро турнирларда Ватанимиз шаънини муносиб ҳимоя қилгани ортиқча изоҳга ўрин қолдирмайди.

Изланиш, ташаббус ва рағбат
Президентимизнинг 2014 йил 6 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори эртамиз эгаларининг жамиятда ўз ўрнини топишида навбатдаги муҳим қадам бўлди.
Айтиш керакки, давлат аҳамиятидаги бундай дастурларни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш тажрибасининг ўзига хослиги мазкур жараёнда давлат ва нодавлат ташкилотлари ўз ижтимоий ташаббус ва лойиҳалари орқали фаол иштирок этиши, яъни ижтимоий шериклик асосида ҳамкорлик қилишидадир.
Ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишда мамлакатимизда ёшлар масаласи билан шуғулланувчи энг йирик нодавлат нотижорат ташкилоти — “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракатининг ўз ўрни бор.
Ҳозирги кунда Ҳаракат ўз атрофида 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган 4 миллиондан ортиқ йигит-қизни бирлаштирган. Ташкилот тизимида “Камалак” болалар ташкилоти (10 ёшдан 14 ёшгача бўлган 2 миллион нафарга яқин аъзоси бор), шунингдек, таълим муассасалари ва меҳнат жамоаларида ташкил этилган 15 минг 600 дан ортиқ бошланғич ташкилот мавжуд.
“Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати демократик ҳуқуқий давлат қуриш ва фуқаролик жамиятини шакллантириш жараёнида ёшларнинг фаол иштирокини кучайтириш, мустақил фикрлайдиган, ўз ҳаётий позицияси ва мустаҳкам эътиқодга эга бўлган авлодни тарбиялаш, ёшлар ўртасида тадбиркорликни ривожлантириш ва уларнинг бандлигини таъминлаш, иқтидор соҳибларини қўллаб-қувватлаш, спортни ривожлантириш ва ўсиб келаётган ёш авлод ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш каби муҳим йўналишларда фаолият олиб бормоқда. Санаб ўтилган ушбу барча йўналишни жамласак, ёшларга оид давлат сиёсатининг яхлит концепцияси келиб чиқади.
Ҳаракат бир қатор давлат ва нодавлат ташкилотлар билан ижтимоий шерикликда ёшлар учун юзлаб керакли ҳамда қизиқарли лойиҳаларни амалга ошириб келаётир. Келинг, улардан айримларига тўхталиб ўтсак.
Охирги беш йил мобайнида Ҳаракатнинг биргина ижтимоий-ҳуқуқий соҳадаги лойиҳалари салмоғи 5, иштирокчилар сони 8, ижтимоий ҳамкорлари сони эса 2 баробарга кўпайди. Мактаб ўқувчилари ўртасидаги “Ҳуқуқ билимдонлари”, лицей ва коллеж ўқувчилари ўртасидаги “Сиз қонунни биласизми?” ҳамда талабаларнинг “Тафаккур синовлари” республика кўрик-танловлари доирасида бугунги Ўзбекистон ёшлари мамлакатни демократик янгилаш, қолаверса, ўз ҳаётига дахлдор қонун лойиҳалари муҳокамасида бевосита иштирок этиб, фикр ва мулоҳазаларини билдириш имкониятига эга эканликларини амалда намоён этишмоқда.
Бу борада Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати, парламентнинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман), Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ билан яқиндан ҳамкорлик алоқалари ўрнатилган. Шу кунгача ёшлар 10 га яқин қонун лойиҳаси муҳокамасига фаол жалб этилиб, улардан қарийб 500 дан зиёд конструктив таклифлар олинди.
Дунёнинг айрим давлатларида нотинчлик ҳукм сураётган, ижтимоий талафот, қарама-қаршиликлар давом этаётган ҳозирги таҳликали замонда ёшларда Ватанимиз хавфсизлигини таъминлаш учун масъулиятни кучайтириш, ватанпарварлик ҳисси ҳамда ҳарбий-ҳуқуқий билимларини мустаҳкамлашга қаратилган лойиҳаларимиз — “Ёш чегарачи”, “Шунқорлар”, “Ёш қутқарувчи” мусобақаларининг аҳамияти янада ортмоқда. Қувонарлиси, ўтган йиллар давомида “Шунқорлар” ҳарбий-спорт мусобақаларида иштирок этган 3,5 миллиондан ортиқ ёшларнинг бир қанчаси ҳозирги кунда ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари тизимида хизмат қилмоқда.
Ёшларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, тадбиркорлик фаолиятига жалб этиш бўйича ҳам бир қатор лойиҳалар самарали ўтказилмоқда. Хусусан, “Ёш тадбиркор — юртга мададкор” ҳамда “Менинг бизнес ғоям” танловлари орқали ҳар йили кўплаб йигит-қизлар ўз бизнесини бошлаш ёки кенгайтириш учун имтиёзли банк кредитларини олишга муяссар бўлаяпти. 2015 йилнинг ўзида “Менинг бизнес ғоям” лойиҳасида иштирок этган 156 минг нафар битирувчидан 488 нафарига умумий қиймати 4 миллиард сўм миқдорда имтиёзли кредит олиш ҳуқуқини берувчи тавсияномалар топширилди. Ёш тадбиркорлар ҳуқуқий ва ташкилий масалаларда малакали маслаҳат олишида кўмаклашиш мақсадида Ҳаракатнинг ҳудудий Кенгашлари қошида 76 та “Ёш тадбиркор” консультатив маркази фаолияти йўлга қўйилган.
2014 йилдан бошлаб республикамиз бўйлаб “Камолот” уйлари барпо этилиб, мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётида фаол иштирок этиб келаётган ёшлар оилаларига имтиёзли ипотека кредитлари эвазига берилаяпти. Жумладан, 2014 йилда фойдаланишга топширилган 57 та “Камолот” уйига 2 082 та ёш оила кўчиб кирди.
Мустақил ҳаётга қадам қўяётган ўғил-қизларга келгуси фаолиятида асқатадиган янги билим ва кўникмаларни олишга кўмаклашиш мақсадида Ҳаракатнинг маҳаллий кенгашлари қошида 96 та “Ёшлар ижтимоий хизматлари маркази” ташкил қилинди. Уларда фаолият кўрсатаётган 316 та тўгаракда ҳар йили олис туман, қишлоқ ва овуллардаги 80 минг нафар ўғил-қиз бепул ўқитилмоқда.
“Биз буюк юрт фарзандларимиз!” шиори остидаги ёшлар фестиваллари, “Юрт келажаги” иқтидорли ёшлар танлови, “Камалак юлдузлари” болалар ижодиёти фестивали, “Биз соғлом турмуш тарзи тарафдоримиз!” шиори остидаги саломатлик ҳаракати, “Kamolot-TUR” ёшлар веломарафони, бадиий гимнастика бўйича “Камолот” ғунчалари”, “Камолот” шахмат тахтаси” очиқ турнирлари каби тадбирлар доирасида йигит-қизларнинг истеъдодини кашф этиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилаётир.
Ёшлар томонидан катта қизиқиш билан кутиб олинган лойиҳалардан бири “Камолот” кутубхонаси”дир. Уларда китобхонлик маданиятини янада оширишга қаратилган мазкур лойиҳа доирасида ўзбек ва жаҳон адабиётининг 100 та энг сара намунаси Ҳаракат томонидан чоп этилаяпти. Бу асарлар ҳар бир ҳудудда ташкил этилган “Камолот” китоб дўконлари орқали ўқувчилар қўлига етиб бормоқда. Жорий йилда ушбу сара асарлар асосида онлайн викториналарнинг ўтказилиши ушбу лойиҳанинг янада оммалашишига хизмат қилади.

Буюк аждодларнинг муносиб ворислари
Буюк келажак сари дадил одимлаётган жамиятдаги ислоҳотлар ва янгиланишлар юксак интеллектуал салоҳиятга эга, ғайратли, фаол аҳоли қатламига таянади. Туб янгиланишлар жараёнини бошидан кечираётган мамлакатимизда ана шундай маънавий, ижтимоий воқелик қадриятга айланганини ва Ўзбекистон ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишда дунёга ибрат бўладиган тажриба тўплаганини халқаро ҳамжамият кўриб, кузатиб турибди.
Президентимиз 2014 йилда Самарқандда бўлиб ўтган “Ўрта асрлар Шарқ алломалари ва мутафаккирларининг тарихий мероси, унинг замонавий цивилизация ривожидаги роли ва аҳамияти” мавзуидаги халқаро конференциянинг очилиш маросимидаги нутқида “Мен ёшларимизга мурожаат қилар эканман, уларга доимо: “Биз буюк аждодларимиз билан фахрланишимиз, ғурурланишимиз керак”, деб айтаман. Айни вақтда “Фақат ғурурланишнинг ўзи етарли эмас, келинглар, ўзимиз ҳам, худди улар каби, мана шу бебаҳо меросга ўз ҳиссамизни қўшайлик!” деб такрорлайман”, дея таъкидлаган эди. Ана шу эзгу даъват Ўзбекистонимиздаги миллионлаб ёшларни доимо юксак марралар сари дадил қадам ташлашга ундайди. Уларда юрт равнақига дахлдорлик туйғуларини янада кучайтиради. Бу, ўз навбатида, мустақил Ватанимизни ҳар томонлама энг ривожланган мамлакатлар қаторидан жой эгаллашида муҳим асос бўлиб хизмат қилади.

Баҳодир ҒАНИЕВ,
«Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати Марказий кенгаши раиси.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn