Инсонга наф келтириш — олий бахт
  • 19 Декабрь 2015

Инсонга наф келтириш — олий бахт

Пойтахтимизда Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан журналистика соҳасида ташкил этилган “Инсонга наф келтириш — олий бахт” республика танлови ғолибларини тақдирлашга бағишланган тадбир ўтказилди.

Эътироф этилганидек, истиқлол йилларида мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар бугун ўз самарасини бермоқда ва пировардида аҳоли турмуш фаровонлиги тобора юксалишига эришилаяпти. Албатта, бу борадаги эзгу саъй-ҳаракатлар ҳамда уларнинг амалий натижалари билан халқимизни таништириб боришда оммавий ахборот воситалари муҳим ўрин тутади. Анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Инсонга наф келтириш — олий бахт” танлови ушбу йўналишда фаоллик кўрсатиб келаётган журналистларни муносиб рағбатлантириш ва уларнинг илғор тажрибасини кенг оммалаштиришга қаратилган.
— Танлов нуфузи ва кўлами йилдан-йилга ошмоқда, — дейди Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши матбуот хизмати раҳбари Муҳаббат Ўрмонбекова. — Ёритилаётган мавзулар мазмун жиҳатидан кенгайиб бораётгани ҳам эътиборга молик. Бу йил 100 нафардан ортиқ журналистнинг ижодий ишлари қабул қилинди. Уларда мамлакатимизда ҳуқуқий демократик давлат ва эркин фуқаролик жамиятини ривожлантириш, тинчлик-осойишталикни таъминлаш, аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтириш, кучли ижтимоий ҳимоя сиёсатини изчил давом эттириш, баркамол авлодни тарбиялаш йўналишларидаги ислоҳотлар моҳияти ҳамда уларнинг ҳаётимизда тутган ўрни чуқур таҳлил қилинган.
Босма ва электрон оммавий ахборот воситалари йўналишлари бўйича ғолиблар ҳамда совриндорлар аниқланиб, диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Зокир ХУДОЙШУКУРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Мутолаа завқи Замонавий маданият маркази »