Энг намунали бошланғич ташкилотлар тақдирланди
  • 15 Декабрь 2015

Энг намунали бошланғич ташкилотлар тақдирланди

Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан “Энг намунали бошланғич ташкилот” республика кўрик-танлови якуний босқичи ғолибларини тақдирлашга бағишланган тадбир ўтказилди.

Унда қатор вазирлик ва идоралар мутасаддилари, ҳамкор ташкилотлар ва ижтимоий шериклар, иш берувчилар ҳамда бошланғич касаба уюшма ташкилотлари вакиллари иштирок этди.
Таъкидланганидек, юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга муносиб тарзда касаба уюшмалари, хусусан, бошланғич касаба уюшма ташкилотларининг фаоллигини янада ошириш, уларнинг ишчи ва ходимлар ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ҳамда меҳнат соҳасидаги ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтириш йўналишидаги ишларини янада ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айниқса, кейинги йилларда корхона, ташкилот ва муассасаларда фаолият олиб бораётган бошланғич ташкилотлар фаолиятини кучайтиришга қаратилган тизимли саъй-ҳаракатлар амалга оширилди. Бунинг натижасида салмоқли ютуқлар қўлга киритилаяпти.
Жорий йилнинг 9 ойида касаба уюшмалари ва иш берувчилар ўртасида имзоланган жамоа шартномалари ҳамда келишувлари орқали ходимлар ва уларнинг оила аъзоларига қарийб 79,2 миллиард сўмлик ижтимоий кўмак берилишига эришилгани бунга яққол мисолдир.
Хусусан, 1 минг 774 та ёш оилага мамлакатимизда ишлаб чиқарилган, узоқ муддат фойдаланиладиган товарлар харид қилиш ва уй-жой қурилиши учун 33,2 миллиард, 721 нафар ходимга сафарбарлик чақируви резервидаги ҳарбий хизматга чақирилиши муносабати билан 2 миллиард 787 миллион сўмдан зиёд фоизсиз ссудалар берилди.
Шунингдек, корхона ва ташкилотларда ходимларнинг меҳнатини муҳофаза қилиш йўналишида ижобий кўрсаткичларга эришилмоқда. Бевосита бошланғич касаба уюшма ташкилотлари иштирокида корхоналарда уч босқичли маъмурий-жамоатчилик назорати йўлга қўйилди. Шунга мос равишда кичик бизнес ҳамда хусусий тадбиркорлик субъектлари касаба уюшмаси хизмати билан янада кенгроқ қамраб олинаётир. Пировардида уларда меҳнат қилаётган ходимлар жамоа шартномаларида назарда тутилган имтиёз ва кафолатлардан тўлиқ фойдаланмоқда.
Ҳар икки йилда ўтказиб келинаётган “Энг намунали бошланғич ташкилот” кўрик-танлови муайян натижаларга эришган бошланғич касаба уюшма ташкилотларини аниқлаш, уларнинг илғор иш тажрибаларини кенг оммалаштиришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Тўрт босқичда ташкил этилган жорий йилги танловнинг қуйи босқичларида  19,5 мингдан ортиқ бошланғич ташкилотлар қатнашди. Улар орасидан саралаб олинган 24 таси республика босқичида иштирок этди.
Қатнашчилар фаолияти махсус комиссия томонидан чуқур таҳлил қилиб чиқилди. Хусусан, ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари, меҳнат соҳасидаги ҳуқуқлари ҳимояси, меҳнат муҳофазаси, маданий-маърифий, спорт-соғломлаштириш ва ташкилий масалалар ҳамда тарғибот-ташвиқот йўналишидаги ишлари атрофлича ўрганилди. Бунда, айниқса, меҳнат жамоаларининг ижтимоий масалаларни ҳал этиш борасидаги натижалари, ишчи ва ходимлар учун яратилган меҳнат шароитлари, янги иш ўринлари очишдаги иштироки ҳамда жамоа шартномасига риоя қилиниши асосий мезон ҳисобланди. Ходимлар ҳуқуқий маданиятини ошириш борасидаги ишларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди.   
Танлов низомидан келиб чиққан ҳолда, саноат ва ишлаб чиқариш ҳамда ижтимоий соҳа йўналишлари бўйича ғолиблар аниқланиб, улар диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Тадбир доирасида намунали бошланғич касаба уюшма ташкилотларининг фаолияти ҳақида ҳикоя қилувчи кўргазма ҳам ташкил этилди.

Зокир ХУДОЙШУКУРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn