Индонезия матбуоти: «Маҳалла институти — Ўзбекистон замонавий бошқарув тизимининг ноёб элементи»
  • 15 Декабрь 2015

Индонезия матбуоти: «Маҳалла институти — Ўзбекистон замонавий бошқарув тизимининг ноёб элементи»

Яқинда Индонезиянинг “UGnews” газетаси саҳифаларида “Маънавий-маърифий қадриятларни асраб-авайлаш ва мустаҳкамлашда маҳалла институтининг аҳамияти” сарлавҳали мақола босилиб чиқди.

Унда истиқлол йилларида Ўзбекистонда маҳаллалар мамлакатнинг ижтимоий-сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ҳаётида муҳим аҳамият касб этаётгани баробарида, ҳамжиҳатлик муҳитини ҳамда аҳоли ўртасида ўзаро ҳурмат ва дўстлик ришталарини мустаҳкамлашга улкан ҳисса қўшаётгани таъкидланган.
“Маҳалла институти Ўзбекистондаги замонавий бошқарув тизимининг муҳим таркибий қисми ҳисобланади, — деб ёзилади Индонезия нашрида. — У аҳолини давлат органлари билан боғловчи ўзига хос кўприк вазифасини бажармоқда. Маҳалла фуқароларни ўзлари яшаб турган ҳудудда кенг қамровли вазифаларни ҳал қилиш мақсадида бирлаштириш орқали жамият ишларини бошқаришда иштирок этиш бўйича  ҳуқуқларини амалга оширишга замин яратади”.
Мақолада жамият маданий тараққиёти даражасини юксалтириш, маънавий-маърифий қадриятларни авайлаб асраш ва мустаҳкамлашда маҳалла институтининг аҳамиятига юксак баҳо берилган.
Хусусан, маҳалла фуқаролар йиғинида диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчи лавозимининг жорий этилгани қаламга олинган. Маслаҳатчилар оила ва жамиятда тинчлик ҳамда осойишталикни мустаҳкамлаш, ёшларнинг соғлом ва баркамол ўсиб-улғайишлари учун хавф солаётган турли ёт қарашлар ҳамда одатлардан ҳимоя қилиш бўйича иш олиб боради. “Мазкур лавозимга ҳаётий тажрибага эга ва аҳолига, биринчи навбатда, ёшларга ижобий таъсир ўтказишга қодир бўлган энг фаол ҳамда обрўли фуқаролар тайинланади”, дея таъкидланади нашрда.
Шунингдек, “UGnews”да маҳаллаларда аёллар ва ўсиб келаётган ёш авлод билан ишлаш бўйича турли комиссиялар ташкил қилингани ҳам қайд этилган. Газетада болалар тарбияси масаласи ҳамда оилавий ришталарни мустаҳкамлашга кўмак берувчи “Ота-оналар университети” жамоатчилик тузилмаси тадқиқ этилиши лозим бўлган, эътиборга лойиқ тажриба сифатида қаламга олинган. Шунингдек, маҳаллаларда коллеж ва лицей ўқувчилари учун мунтазам равишда ўтказиладиган семинарлар ҳақида ҳам алоҳида фикр юритилиб, унда ёшлар ишга жойлашиш ва ўз шахсий бизнесларини йўлга қўйиш бўйича зарур маълумотларга эга бўлиши таъкидланади.
“Бугун Ўзбекистонда маҳалла ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари туфайли ҳаётга Ватан тақдири учун масъулиятни ўз зиммасига олиш билан бирга, келажакда сиёсий, иқтисодий, маънавий-маърифий соҳалардаги туб ислоҳотларни давом эттиришга тайёр бўлган, мустақил фикрлайдиган янги авлод кириб келмоқда”, дея ёзилади Индонезия газетасида.
Ўзбекистонда 2014 йил декабрь ойида ташкил этилган, ўз кўрсатувларини кечаю кундуз телетомошабинлар эътиборига ҳавола этаётган “Маҳалла”  маърифий телерадиоканали ҳақидаги маълумотлар ҳам мазкур мақолада ўз ифодасини топган. Унда ушбу каналнинг асосий вазифаси фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолияти, ижтимоий-иқтисодий масалаларнинг ҳал этилишида улар томонидан олиб борилаётган ишлар юзасидан кенг жамоатчиликни хабардор қилишдан иборат эканлиги алоҳида таъкидланган. “UGnews”да “Маҳалла” газетаси ҳам мунтазам ахборот олишнинг муҳим манбаи сифатида эътироф этилган. Бугунги кунда унинг саҳифаларида  ижтимоий-сиёсий ва маънавий-маърифий мавзудаги ранг-баранг мақолалар чоп этилаётгани индонезиялик ўқувчиларга маълум қилинган.

«Жаҳон» АА.
Жакарта

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn