Обод юрт истиқболи
  • 15 Декабрь 2015

Обод юрт истиқболи

“Юракдан чиққан, самимий айтилган гап юракка етиб боради”, дейишади. Президентимизнинг ҳар бир чиқишида илгари суриладиган фикр-мулоҳазалар халқимиз қалбидан чуқур жой олишининг боиси шунда, деб ўйлайман.

Хусусан, давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон Республикаси  Конституцияси қабул қилинганининг 23 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасини ҳам катта ҳаяжон билан тингладик. Рост-да, бугун дунёнинг кўплаб минтақаларида сиёсий қарама-қаршиликлар юз бермоқда. Минглаб оилалар бошига мусибат тушаяпти, гўдаклар қони тўкилаётир. Жаҳон молиявий инқирози манаман деган мамлакатлар иқтисодиётини издан чиқариб, танг аҳволга солмоқда. Ана шундай вазиятда юртимиздаги тинчлик ва осойишталик, ободлик ҳамда фаровонликнинг қадрини англамаслик, бу билан фахрланмаслик мумкинми?!
Таълим тизими вакили бўлганим учун, кези келганда, шу соҳада эришилаётган оламшумул ютуқларимиз ҳақида ҳам тўхталгим келади. Мамлакатимизда ўқитиш сифатини бундай юксак даражага кўтараётган омиллар кўп, лекин уларнинг энг асосийси Президентимиз маърузасида яққол ифодасини топган. Дарҳақиқат, бундан 18 йил олдин Кадрлар тайёрлаш, Мактаб таълимини ривожлантириш умуммиллий дастурларини қабул қилганимиз, таълим-тарбия соҳасида эски қолип ва асоратлардан холи бўлган, бугун ўзгаларнинг ҳавасини келтираётган янги тизимни ҳаётга татбиқ этганимиз, ҳақиқатан ҳам, тарихий воқеа бўлганини бугун барчамиз кўриб, ҳис қилиб турибмиз.
Масалан, кўп йиллик педагоглик фаолиятимдан келиб чиқиб айтишим мумкинки, ҳеч қачон ёшлар камолотига, ўқитувчи меҳнатига бугунгидек эътибор қаратилмаган. Янги қурилаётган таълим муассасалари ва уларда фарзандларимизнинг чет тилларни ўрганиши, замонавий ахборот-коммуникация технологияларини ўзлаштириши, спорт билан шуғулланишлари учун яратилаётган шароитлар ёки ўқитувчилар меҳнатига ҳақ тўлаш тизимидаги ўзгаришлар —  буларнинг барчаси навқирон авлод вакилларига кўрсатилаётган беқиёс ғамхўрлик намунасидир. Бинобарин, бугун Ўзбекистон таълим тизимига бутун дунё катта қизиқиш билан қарамоқда.
Ёшларимиз илм-фан чўққиларини ўзлаштириш баробарида, касб-ҳунар сирларини ҳам пухта эгаллашаяпти. Мустақил ва янгича фикрлайдиган, замон талабига жавоб берадиган, Ватанимизнинг эртанги кунини, тақдирини ўз қўлига олишга қодир бўлган фарзандларимиз камол топмоқда. Шунинг ўзи эртанги кунимизнинг энг мустаҳкам пойдевори эмасми, дея ҳаммамизнинг кўнглимиздаги гапни айтдилар Юртбошимиз.
Президентимиз таклифига биноан, 2016 йил мамлакатимизда “Соғлом она ва бола йили” деб эълон қилинди. Бу таклифни юртдошларимиз қатори, умрини ёш авлод тарбиясига бағишлаган биз, ўқитувчи ва мураббийлар ҳам беҳад мамнуният билан қарши олдик. Зеро, халқимизда таркиб топган анъанага мувофиқ, бола саломатлиги учун у ҳали туғилмасидан анча аввалдан бошлаб қайғурилади. Ёшларни ҳаётга тайёрлаш, соғлом турмуш тарзини шакллантириш, эрта ва қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг олдини олишга қаратилган кўламли вазифалар, репродуктив саломатлик, фертиль ёшидаги аёлларга кўрсатилаётган ғамхўрликлар умуммиллий дастурларда алоҳида таъкидланган.
Инсон борки, орзу-мақсадларга талпиниб яшайди. Поёнига етиб бораётган йилда халқимиз ўз олдига қўйган жуда катта марраларга эришди, эришмоқда. Янги йилдан кутаётган орзу-умидларимиз эса янада юксак. Ана шу улуғвор мақсадлар рўёбига муносиб ҳисса қўшиш барчамизнинг муқаддас бурчимиздир.

Саломат АБДУҚОДИРОВА,
Оҳангарон туманидаги 8-умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчиси,
«Меҳнат шуҳрати» ордени соҳибаси.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn