Тадбиркорликнинг мустаҳкам ҳуқуқий асоси
  • 26 Ноябрь 2015

Тадбиркорликнинг мустаҳкам ҳуқуқий асоси

Ўзбекистон мустақилликка эришгач, эркин бозор иқтисодиёти ва кучли ижтимоий ҳимоя тизимига асосланган демократик ҳуқуқий давлат, адолатли фуқаролик жамиятини барпо этиш йўлидан дадил бормоқда.

Бу мақсадларни рўёбга чиқаришда мамлакатимиз Конституцияси ва унинг асосида қабул қилинган қонун ҳужжатлари ҳуқуқий пойдевор бўлаётир.
Асосий Қонунимизнинг 36-моддасида ҳар бир шахс мулкдор бўлишга ҳақли эканлиги, 53-моддасида эса бозор муносабатларини ривожлантиришга қаратилган Ўзбекистон иқтисодиётининг негизини хилма-хил шакллардаги мулк ташкил этиши, иқтисодий фаолият, тадбиркорлик ҳамда меҳнат қилиш эркинлиги, барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилиги, қонуний жиҳатдан баравар муҳофаза этилиши кафолатланган бўлиб, ўтган даврда бу борада улкан ютуқ ва натижалар қўлга киритилди. Мустақиллик йилларида юртимиз иқтисодиёти 5,5 баробардан ортиқ ўсгани, аҳолининг реал даромадлари 9 марта ошгани бунинг яққол тасдиғидир. Сўнгги ўн бир йил давомида эса ялпи ички маҳсулотимизнинг ўсиш ҳажми 8 фоиздан юқори бўлиб келаётгани алоҳида эътиборга молик.
Мазкур муваффақиятларимиз замирида, шубҳасиз, Президентимиз раҳнамолигида бозор иқтисодиётининг ҳаракатлантирувчи кучи — тадбиркорлар, хусусий мулк эгаларининг эркин ҳамда қонуний фаолият юритиши учун зарур ҳуқуқий шарт-шароитлар яратилгани мужассамдир. Натижада мамлакатимизда ўзига хос мулкдорлар синфи шаклланди. Бу эса бугунги кунда жамиятимиз иқтисодий ҳаётининг ривожи ва барқарорлигини таъминлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 2015 йил 15 майдаги “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш борасидаги ислоҳотларни янги босқичга кўтарди. Мазкур ҳужжатга мувофиқ, тадбиркорлик фаолиятига ноқонуний аралашиш, тўсқинлик қилиш, хусусий мулкдорлар ҳуқуқларини бузганлик учун давлат, ҳуқуқни муҳофаза этиш ва назорат қилувчи органларнинг мансабдор шахслари ҳаракати ёки ҳаракатсизлигини жиноий жавобгарликка қадар тортишга қаратилган алоҳида дастур ишлаб чиқилиб, ҳаётга татбиқ этилди.
Шунингдек, Фармонда белгиланган асосий ғояларни амалга ошириш мақсадида шу йилнинг 21 августидан эътиборан “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига хусусий мулкни, тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун кучга кирди. У тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқий ҳимоясини янада мустаҳкамлаш, уларнинг бузилган ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини муҳофаза этишда суд органларининг ролини оширишга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.
Хусусий сектор ривожига катта эътибор берилаётгани бежиз эмас. Маълумки, мустақилликнинг дастлабки йилларида юртимизда хусусий тадбиркорлик фаолияти деярли мавжуд эмас эди. Бугунги кунда барча хўжалик юритувчи субъектларнинг қарийб 90 фоизи кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлар ҳиссасига тўғри келмоқда. Айни чоғда ялпи ички маҳсулотнинг 56 фоиздан ортиғи, ишлаб чиқарилаётган саноат маҳсулотларининг 32 фоизи, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари эса тўлиқ кичик бизнес ҳамда хусусий тадбиркорлар томонидан етказиб берилаяпти.
Ушбу масаланинг хўжалик судларига боғлиқ жиҳати шундаки, Конституциямизнинг 111-моддасида мулкчиликнинг турли шаклларига асосланган корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, шунингдек, тадбиркорлар ўртасидаги, иқтисодиёт соҳасида, уни бошқариш жараёнида вужудга келадиган хўжалик низоларини ҳал этиш Олий хўжалик суди ва хўжалик судлари томонидан уларнинг ваколатлари доирасида амалга оширилиши белгиланган. Шундан келиб чиқиб, хўжалик судларига корхона, муассаса ҳамда ташкилотлар ва тадбиркорларнинг бузилган ёки низо жараёнидаги ҳуқуқларини, қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш, соҳадаги қонунчиликни мустаҳкамлаш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга кўмаклашиш каби вазифалар юклатилди.
Бугун хўжалик судлари жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини одил судлов асосида муҳофаза этиш йўли билан уларнинг ишончли кафолатига айланмоқда. Буни хўжалик судларида кўрилаётган ишлар сони йилдан-йилга кўпайиб бораётгани ҳам тасдиқлайди. Масалан, мазкур судлар томонидан 2000 йилда 33 мингта иш кўрилган бўлса, шу йилнинг ўн ойида бу рақам 255 мингтани ташкил қилди. Бундан аёнки, 2015 йилда кўрилган ишлар сони 2000 йилдагига нисбатан қарийб 7,7 баравар ўсган.
2001 йилда хўжалик судлари томонидан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари манфаати йўлида кўрилган ишлар қарийб 2,2 мингтани ташкил этган ва улар фойдасига 3,5 миллиард сўмга яқин маблағлар ундирилган. Жорий йилнинг ўтган даврида эса кўрилган шу тоифадаги ишлар сони 27 мингтадан ошгани ҳамда тадбиркорлар фойдасига ундирилган маблағ миқдори 575 миллиард сўмга етгани ҳам эътиборлидир.
Президентимизнинг 2005 йил 14 июндаги “Тадбиркорлик субъектларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида белгиланганидек, тадбиркорлик субъектларига нисбатан ҳуқуқий таъсир чораларининг қўлланилиши фақат суд томонидан амалга оширилаётгани бу борада муҳим омил бўлмоқда. Мазкур тартибнинг жорий этилиши натижасида мамлакатимизда назорат қилувчи давлат органлари, уларнинг мансабдор шахслари томонидан тадбиркорлик субъектларига нисбатан етарли асоссиз таъсир чоралари қўлланилишининг олди олинмоқда ва бундай тоифадаги низолар судларда ошкора ҳамда тарафларнинг тенг ҳуқуқлилиги асосида ҳал этилаётир.
Буни шу йилнинг ўтган даврида хўжалик судларига назорат қилувчи органлардан тадбиркорлик субъектларига нисбатан таъсир чораларини қўллаш ҳақида 17017 та ариза тушгани, шундан 3348 таси рад этилгани ёки кўрилмасдан қолдирилгани мисолида ҳам айтиш мумкин.
Таъкидлаш жоизки, хўжалик судларида низоларни ҳал қилишда одил судловнинг ошкоралиги ва очиқлиги муҳим аҳамиятга эга. Бунинг замирида, аввало, ҳар қандай шахснинг судга мурожаат этиш ҳамда унда қатнашиш имкониятининг тўлиқ таъминланиши ётади.
Судда очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, одил судловнинг сифати ҳамда самарадорлигини ошириш, фуқаролар ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ҳамда манфаатларини ҳимоя қилиш учун кенг имкониятлар яратиш мақсадида хўжалик судлари фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологиялари тизимли равишда татбиқ этиб келинмоқда. Дастлаб 2005 йилдан эътиборан хўжалик судларида ички электрон маълумотлар базаси ишга туширилди. Ўз навбатида, бу суд ҳисоботларини тузишни автоматлаштириш билан бирга, тегишли суд ҳужжатларини ишлаб чиқилган намуналар асосида тайёрлаш имконини ҳам бераяпти.
Хўжалик судларидаги ушбу электрон базалар модернизация қилиниб, 2014 йилнинг январидан эътиборан “Е-Hujjat” онлайн электрон ҳужжат айланиш тизими фаолияти йўлга қўйилди. Бу билан хўжалик судларида электрон иш юритиш ягона корпоратив тармоққа бирлаштирилиб, марказлаштирилган электрон маълумотлар базаси орқали олиб борилиши амалиёти йўлга қўйилди.
Эндиликда ушбу электрон база воситасида хўжалик судлари фаолияти Олий хўжалик суди томонидан доимий мониторинг қилиб борилаётир. Бу орқали хўжалик судига келиб тушган даъво аризалари ва мурожаатлар, тайинланган ишлар рўйхати, судьялар иш ҳажми, иш туркумларини онлайн режимда кўриш ҳамда таҳлил қилиш имконияти кенгайди. Мазкур таҳлиллар асосида тегишли масалалар бўйича суд амалиётининг умумлаштирилаётгани, ўз навбатида, ягона суд амалиётини шакллантиришда қўл келаяпти.
Электрон маълумотлар базасида Олий хўжалик суди томонидан қуйи хўжалик суди судьяларининг ишларни кўриш, суд ҳужжатларини тарафларга юбориш, мурожаатларни ҳал этишда муддатларга риоя қилиниши ва бошқа процессуал ҳаракатларга доир маълумотлар бериб борилаяпти.
Давлатимиз раҳбарининг “Ишбилармонлик муҳитини янада тубдан яхшилаш ва тадбиркорликка янада кенг эркинлик бериш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига асосан, 2013 йилдан хўжалик судларида даъво аризалари ҳамда илтимосномаларни электрон шаклда қабул қилиш, шунингдек, суд муҳокамаси иштирокчилари ёки мурожаат муаллифларига турли хат-хабарлар ва суд ҳужжатларини суд томонидан электрон шаклда жўнатиш тартиби амалиётга татбиқ этилди. Бунинг учун хўжалик судлари судьялари электрон рақамли имзо билан таъминланди. Суд ҳужжатининг ҳақиқийлиги мазкур электрон рақамли имзо билан тасдиқланади.
Тадбиркорлик субъектлари Олий хўжалик судининг “oxs.uz” расмий веб-сайти орқали республиканинг исталган хўжалик судига нафақат даъво аризалари ва илтимосномаларни, балки апелляция ҳамда кассация шикоятларини, назорат тартибида протест келтириш тўғрисидаги аризаларни электрон шаклда тақдим этишмоқда. Тизим ишга туширилганидан буён тадбиркорлик субъектларидан хўжалик судларига келган электрон даъво аризалари ва мурожаатлар сони 87 минг 816 тани ташкил қилгани эса, айниқса, эътиборлидир.
Қолаверса, суд муҳокамаси иштирокчиларига қарийб 96 минг 783 та суд ҳужжати судлар томонидан маълумотлар алмашинувининг электрон воситалари орқали юборилганини уларга яратилган қулайликнинг яна бир ёрқин ифодаси, дейиш мумкин.
Тадбиркорлик субъектлари ва барча суд процесси иштирокчиларига қулайликлар жорий этиш мақсадида 2014 йил 1 сентябрдан хўжалик судларида суд мажлисларини видеоконференцалоқа режимида ўтказиш тизими ҳам йўлга қўйилди. Бу эса соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологияларини татбиқ қилиш ишларини янада юқори босқичга кўтарди.
Ҳозирги вақтгача жами 5574 та суд процесси видеоконференцалоқа орқали амалга оширилди. 9995 нафар суд иштирокчиси ўзлари жойлашган ҳудуддан чиқмаган ҳолда, бошқа ҳудудда ўтказилган суд процессида қатнашди ва уларнинг 2,4 млрд. сўмга яқин маблағи тежаб қолинди. Бугун Олий хўжалик суди Пленуми ва Раёсат йиғилишлари, хўжалик судларининг конференция, йиғилиш ҳамда семинарлари мазкур тизим асосида ташкил этилаяпти. Олий хўжалик суди раҳбариятининг қабуллари ҳам бевосита видеоконференцалоқа тизими орқали амалга оширилаётир.
Олий хўжалик судининг расмий веб-сайти тубдан модернизация қилиниб, унда тадбиркорлик субъектлари фаолиятига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар жойлаштирилган “Электрон кутубхона” ташкил этилганини ҳам айтиш жоиз. Қолаверса, бу орқали Олий хўжалик суди Пленуми ва Раёсати қарорлари, суд амалиёти умумлашмалари, суд ҳужжатлари ҳамда уларнинг намуналари, Олий хўжалик суди Ахборотномаси, чет эл давлатларининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари ва бошқа кўплаб ҳуқуқий адабиётлар билан ҳам танишиш имконияти яратилган.
Мухтасар айтганда, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси суд-ҳуқуқ тизими ҳамда иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш, хусусан, хўжалик судлари фаолиятини такомиллаштириш орқали тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, пировардида аҳоли турмуш фаровонлиги ҳамда юртимиз нуфузини янада юксалтиришда мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Бахтиёр ИСОҚОВ,
Олий хўжалик суди раисининг биринчи ўринбосари.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn