Мурожаатлар — доимий эътиборда
  • 26 Ноябрь 2015

Мурожаатлар — доимий эътиборда

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги академиясида “Ички ишлар органларида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни такомиллаштириш” мавзуида илмий-амалий конференция ташкил этилди.

Унда Бош прокуратура, Олий хўжалик суди, Ички ишлар ҳамда Адлия вазирликлари вакиллари, олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.
Конференцияда алоҳида таъкидланганидек, мамлакатимизда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаат қилиш ҳуқуқини таъминлаш тегишли қонун ҳужжатлари билан тартибга солинган бўлиб, бу борада кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, Конституциямизда ҳар бир шахс бевосита ўзи ва бошқалар билан биргаликда ваколатли давлат органлари, муассасалари ёки халқ вакилларига ариза, таклиф ҳамда шикоятлар билан мурожаат этиш ҳуқуқига эга эканлиги белгилаб қўйилган. 2014 йил 3 декабрдаги “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонунда ана шу конституциявий талаблардан келиб чиққан ҳолда, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаат қилиш ҳуқуқларини таъминлаш, уларнинг эркинлик ҳамда қонуний манфаатларини кафолатлашга доир нормалар назарда тутилган. Умуман, истиқлол даврида юртимизда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан боғлиқ ижтимоий муносабатларни тартибга соладиган демократик талаб ҳамда стандартларга мос келадиган мустаҳкам қонунчилик базаси яратилди, муҳими, у бугунги кун талаблари асосида такомиллаштириб борилмоқда.
Тадбирда соҳага доир қонун ҳужжатларининг ижросини самарали таъминлаш механизмини янада такомиллаштириш, мазкур жараёнга илғор технологиялар ва миллий ҳамда жаҳон тажрибасини кенг татбиқ этиш долзарб эканлигига алоҳида аҳамият қаратилди. Шундан келиб чиққан ҳолда, ички ишлар органлари томонидан жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаат қилиш ҳуқуқини таъминлаш, унинг асосий йўналишлари ва хусусиятлари, бу борада миллий ҳамда хорижий тажриба мавзуларида маърузалар тингланди.
Якунда соҳага оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш, тизимга замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг татбиқ этиш ҳамда электрон ҳужжат айланишини йўлга қўйиш масалалари юзасидан тегишли тавсиялар берилди.

Зокир ХУДОЙШУКУРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn