Масъулият ва маҳорат — самарали фаолият кафолати
  • 24 Ноябрь 2015

Масъулият ва маҳорат — самарали фаолият кафолати

Нодавлат нотижорат ташкилотлари эркин ва ҳар томонлама самарали фаолият юритишининг ташкилий-ҳуқуқий асослари шакллантирилгани фуқаролик жамиятининг ушбу институти жадал тараққий этишига, фуқаролар фаоллигининг ўсишига, аҳолини қўллаб-қувватлаш ҳамда бу борадаги ишончни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Айни пайтда республикамизда 8 мингдан зиёд нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолият юритаётир. Улар эҳтиёжманд қатлам вакилларини манзилли ижтимоий ҳимоялаш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, ўсиб келаётган авлодни етук қилиб тарбиялаш, жамиятда аёлларнинг мавқеини янада юксалтириш, фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини ошириш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш каби долзарб йўналишлар бўйича лойиҳаларни самарали рўёбга чиқармоқда. Нодавлат нотижорат ташкилотлари демократик қадриятларни, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини кафолатлашда муҳим омил бўлаяпти, улар инсонларга ўз салоҳиятини намоён этишларида, жамиятда манфаатлар мувозанатини сақлашда кўмаклашмоқда.
Давлат органлари фаолияти очиқлиги тамойилининг қонунчилик билан мустаҳкамланиши, ахборот олиш эркинлиги таъминланиши, ижтимоий шериклик механизмларининг жорий этилиши ҳамда жамоатчилик назоратининг кучайтирилиши нодавлат нотижорат ташкилотларининг жамият ҳаётидаги нуфузини, иш сифатини сезиларли даражада оширди. Шунга монанд равишда қонунчиликка амал қилиш, очиқликни таъминлашда жамоат ташкилотларига бўлган талаб ҳам ортди.
Пойтахтимизда нодавлат нотижорат ташкилотлари раҳбарлари ҳамда ходимларининг молиявий-хўжалик фаолиятини юритиш бўйича профессионал билим ва кўникмаларини ошириш мақсадида ўқув курслари ташкил этилди. Тадбир Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси томонидан “Norma” малака ошириш маркази, Давлат солиқ қўмитаси, Адлия вазирлиги, Ўзбекистон экологик ҳаракати, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти, Бухгалтерлар ва аудиторлар ассоциацияси, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши билан ҳамкорликда ўтказилди.
Семинар машғулотларида пойтахтимиз ва Тошкент вилоятидаги
нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари қатнашди. Мутахассислар тингловчиларга иш юритишнинг ўзига хос томонлари, бухгалтерия ҳисоби, аудит, солиқ тўлаш ва ҳисобот топшириш тартиби, ННТ молиявий фаолиятининг тижорат ташкилотларидан фарқли жиҳатлари хусусида атрофлича маълумот бердилар.
— Мамлакатимизда нодавлат нотижорат ташкилотларига нафақат молиявий, балки услубий, ахборот-ташкилий жиҳатдан кўмаклашиш ҳамда қўллаб-қувватлашнинг яхлит тизими яратилган, — дейди ЎзННТМА ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди директори О. Ҳусанов. — ННТ жойларда ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳаларни амалиётга татбиқ этиш учун ташкилот ва корхоналар маблағларини жалб қилишда фаоллик кўрсатмоқда, грант танловларида иштирок этиб, давлат буюртмаларини амалга оширмоқда, ҳомийларни хайрли ишларга ундаяпти. Бу, ўз навбатида, жамоат ташкилотлари ходимларидан мавжуд маблағлардан мақсадли фойдаланиш, ҳамкорлар билан баҳамжиҳат иш олиб бориб, ўз вақтида ҳисоботларни тақдим қилиш каби вазифаларга масъулият билан ёндашишни талаб этади. Бунинг учун улар ўз фаолиятида очиқликни таъминлаши зарур. Бинобарин, молиявий-хўжалик ишларини тўғри юритиш фуқаролар томонидан ННТга бўлган ишончнинг ҳамда давлат органлари билан ижтимоий шерикликни кенгайтириш борасидаги манфаатдорлигининг муҳим мезонларидан бири саналади.
2007 йилда “Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонуннинг қабул қилиниши давлат субсидиялари, ижтимоий буюртмалар ва грантлар шаклида ушбу институтнинг давлат томонидан қўллаб-қувватланиш механизмларини мустаҳкамлади. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди ҳамда Фонд маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссиясининг таъсис этилиши мазкур тизимнинг фаолият қамрови ортиши ва изчил ривожланишига туртки берди. “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ, фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш тизимининг янада такомиллашуви ҳудудларда давлат органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг ижтимоий шерикликда истиқболли лойиҳаларни амалга оширишида ҳал қилувчи аҳамият касб этмоқда. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар Кенгашлари ҳузурида ижтимоий шериклик бўйича жамоат комиссиялари шакллантирилди.
—“Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида”ги Қонунга кўра, ННТ ўз фаолияти натижалари ҳисобини юритиши ва белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказиши, статистика ва солиқ органларига ҳисобот бериб бориши керак, — дейди “Norma” малака ошириш маркази ўқитувчиси Л. Хисматова. — Семинарда иштирокчиларни қонунчилик, хусусан, “Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида”ги Қонун талаблари билан таништирдик. Ўтказилган машғулотлар ННТ вакилларининг молиявий саводхонлигини, мустақил равишда молиявий ҳисоб юритиш, очиқликни таъминлаш борасидаги кўникмаларини юксалтиришга хизмат қилади.
— Ҳамкорлар билан тенг ишлашимиз учун қонунчилик талабларига риоя этишимиз, молиявий-хўжалик фаолиятига дахлдор барча жиҳатларни билишимиз даркор, — дейди Тошкент вилоятидаги “Умид нурлари” ННТ директори Н. Мажидов. — Беш кун давом этган семинар машғулотларида кенг кўламдаги фойдали маълумотларга эга бўлдик. Мутахассислар номоддий активлар ва товар-моддий захираларининг ҳисобини юритиш, иш ҳақини, сафар харажатларини қандай ҳисоблаш, ҳамкорлар билан ҳисоб-китоб қилиш, ташкилотнинг кирим-чиқимларини белгилаш тартибини батафсил тушунтирдилар.
Назарий ва амалий машғулотлар якунида тингловчилар олган билим ҳамда кўникмаларини мустаҳкамлаши учун тест синовлари ўтказилди. Очиқ ва амалий руҳдаги мулоқотлар ўзаро фикр ва тажриба алмашиш имконини берди.
Тадбирда тингловчиларга сертификат ҳамда бухгалтерия ҳисоби, аудит, солиқ тўлаш ва ҳисобот топшириш фаолиятини ташкил этиш ҳамда юритиш услубларига доир дисклар топширилди. Ташкилотчилар томонидан нодавлат нотижорат ташкилотларини ахборот-услубий, консультатив, ташкилий-молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш юзасидан тегишли таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

Фарида МАҲКАМОВА,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn