Олий суднинг янги веб-сайти
  • 24 Ноябрь 2015

Олий суднинг янги веб-сайти

Ўзбекистон Республикаси Олий судида “Жиноят ишлари бўйича суд ҳужжатлари” китоби ҳамда Олий суд янги веб-сайтининг тақдимоти бўлиб ўтди.

Тадбирда мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, хусусан, суд ҳокимияти мустақиллигини мустаҳкамлаш, соҳага оид қонунчиликни либераллаштириш, тизимни бугунги кун талаблари даражасида демократлаштириш ҳамда судлар фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини татбиқ этиш ва пировардида инсон ҳуқуқ ҳамда манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш борасида рўёбга чиқарилаётган ишлар юқори самара бераётганлиги алоҳида таъкидланди. Шуларга мос равишда суд ҳужжатларини тузиш ва расмийлаштиришнинг муайян қоидалари яратилди. Соҳа ислоҳотларининг ҳозирги босқичида суд ҳужжатларини тўғри чиқариш ҳамда расмийлаштириш, суд ҳужжатлари матнини имло қоидаларига риоя қилган ҳолда ифода этиш, чиқарилаётган суд ҳужжатларини амалдаги қонунчиликка мувофиқлаштириш, процессуал норма ва қоидаларга риоя қилиш муҳим ҳисобланади. “Жиноят ишлари бўйича суд ҳужжатлари” қўлланмаси ана шу мақсадларга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.
— Мазкур амалий-услубий қўлланма бугунги кун талабларидан келиб чиққан ҳолда тайёрланди, — дейди  Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьяси М. Назаров. — Унда жиноят ишлари бўйича суд ҳужжатлари тушунчаси ҳамда турлари, уларнинг мазмуни, ҳуқуқий асоси, суд ажримлари турлари, уларнинг мазмуни ва чиқариш тартиби, судга қадар иш юритиш босқичида ҳамда биринчи ва юқори инстанция судлари иш юритиш босқичларида чиқариладиган суд ҳужжатлари, хусусий ажримлари, уларни чиқариш ҳамда расмийлаштириш тартиблари амалдаги қонунлар, Олий суд Пленумининг қарорлари асосида атрофлича ёритилган. Шунингдек, суд ҳужжати намуналарига ҳам кенг ўрин берилганки, бу нафақат судьялар, айни чоғда соҳа олимлари ва тадқиқотчилар ҳамда фуқаролар учун фойдалидир.
— Бугунги замон ахборот-коммуникация технологияларидан янада самарали фойдаланишни талаб этмоқда, — дейди “Ўзбекистонда қонун устуворлиги йўлида ҳамкорлик” қўшма лойиҳаси вакили А. Назаров. — Фойдаланувчиларга ахборот ҳамда маълумотларни тез ва қулай тақдим этишда электрон оммавий ахборот воситаси сифатида веб-сайтларнинг ўрни ҳамда аҳамияти ортиб бораяпти. Шу талаблар асосида Олий суднинг янги веб-сайти яратилди. Унда қатор афзалликлар мавжуд. Интернет-қабулхона, электрон кутубхона, умумий юрисдикция судларининг интерактив харитаси, бўш лавозимга ҳужжатлар топшириш ва бошқа хизматлар ана шулар жумласидандир.

Зокир ХУДОЙШУКУРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn