Қадри улуғ
  • 24 Ноябрь 2015

Қадри улуғ

Хонадонларимиз файзи ва устуни ҳисобланган нуронийларга иззат-икром кўрсатиш, хайрли ишларни уларнинг дуоси билан бошлаш маънавий ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланган. Зотан, ёши улуғ одамларга бўлган эътибор ҳамда ғамхўрлик жамиятнинг маданий даражасини белгиловчи омиллардан биридир.

Мустақиллик йилларида барча соҳада олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар инсон ва унинг манфаатлари учун йўналтирилган бўлиб, пировардида аҳолининг турли қатламлари, шу жумладан, кекса авлод вакиллари ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда. Мамлакатимиз Конституциясида ҳам ҳар ким қариганда, меҳнат лаёқатини йўқотганда, шунингдек, боқувчисидан маҳрум бўлганда ва қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда ижтимоий таъминот олиш ҳуқуқига эга экани қайд этилган.
Эътиборлиси, Кексаларни эъзозлаш йилида уларни манзилли ижтимоий ҳимоя қилиш, фахрийларга, эҳтиёжманд фуқароларга кўрсатиладиган тиббий ва ижтимоий хизматларнинг сифатини яхшилаш каби эзгу мақсадларга йўналтирилган ишлар яна бир поғона кўтарилди. Президентимизнинг 2015 йил 18 февралдаги “Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастури тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифаларни рўёбга чиқаришда жамиятимизнинг барча аъзоси ташаббус кўрсатаётгани қувонарлидир.
Халқ депутатлари Сурхондарё вилояти Кенгашининг доимий комиссиялари, умуман, ҳар бир депутат кексаларга эътибор ва ғамхўрликни кучайтиришга қаратилган меъёрий-ҳуқуқий базани такомиллаштириш, пенсия таъминоти ҳамда ижтимоий қўллаб-қувватлаш самарадорлигини ошириш, “Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастурининг ҳудудда бажарилишига кўмаклашиш ва назорат қилиб бориш жараёнларида фаол иштирок этмоқда.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, давлатимиз раҳбарининг жорий йилда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси фуқаролари — 1941 — 1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийларини “Иккинчи жаҳон урушидаги ўалабанинг 70 йиллиги” эсдалик юбилей медали билан мукофотлаш тўғрисида”ги, “1941 — 1945 йиллардаги уруш қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги ҳамда “Кексаларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва моддий қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонлари кекса авлод вакилларига кўрсатилаётган улкан ғамхўрликнинг яна бир амалий ифодаси бўлди. Шунга кўра, вилоятимизда 247 нафар уруш ва меҳнат фронти фахрийси эсдалик юбилей медали билан тақдирланди. 195 нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчисининг ҳар бирига 700 минг сўмдан пул мукофотлари топширилди. Шунингдек, уруш ва меҳнат фахрийларининг 158 нафари юртимизда ишлаб чиқарилган телевизор, 200 нафарга яқини мобиль телефон аппаратлари билан таъминланди.
Қарияларга тиббий ва ижтимоий хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, уларни тизимли асосда соғломлаштиришни ташкил этиш, ёрдамчи ҳамда техник реабилитация воситаларини етказиб бериш билан боғлиқ муҳим чора-тадбирлар ҳам изчиллик касб этмоқда. Чунончи, вилоятдаги нуронийларнинг барчаси тўлиқ тиббий кўрикдан ўтказилди. “Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин!” шиори остидаги саломатлик ҳафталиклари ҳудудларимизда юқори савияда ташкил қилинди. Икки минг юз нафардан зиёд ёлғиз кексалар, пенсионер ва ногиронлар санаторий-соғломлаштириш муассасаларида саломатлигини тиклади. Шу билан бирга, уруш ва меҳнат фахрийларига дори-дармонлар, 300 нафардан ортиқ фуқарога реабилитация техник воситалари ҳамда протез-ортопедия маҳсулотлари берилди.
Дастур доирасида ёши улуғ инсонларнинг турмуш шароитини яхшилашга, уларга кўрсатилаётган маиший хизмат сифатини оширишга ҳам устувор аҳамият қаратилаётир. Ўтган даврда бир минг 700 нафардан зиёд кексалар мебель ва уй-рўзғор буюмлари, иссиқ кийим-кечаклар билан таъминлангани бунинг далилидир.
Кексаларнинг мароқли ва мазмунли дам олиши учун шаҳар ҳамда туманлардаги 17 та маданият ва истироҳат боғида ҳордиқ масканлари ташкил қилинди. Мазкур масканларда қарияларимизга шахмат, шашка ҳамда стол тенниси билан шуғулланиш имконияти яратилди.
Депутатлар томонидан кекса отахону онахонлар учун тиббиётчилар, психологлар, ижтимоий таъминот тизими ходимлари, ҳуқуқшунослар иштирокида учрашувлар ўтказиб келинаётгани ҳам айни муддао бўлмоқда. Бу тадбирларда соғлом турмуш тарзи, руҳий баркамоллик ва жисмоний фаоллик, юртимизда барча соҳада амалга оширилаётган янгиланишлар ҳақида батафсил маълумотлар берилаяпти.
Шуниси аёнки, ҳар бир давлатнинг салоҳияти наинки иқтисодий юксалиш ва мудофаа қобилияти билан, балки унда ҳукм сураётган тинчлик-осойишталик, ижтимоий-маънавий муҳит, ўсиб келаётган авлодни қўллаб-қувватлаш баробарида, кексаларга эътибор ҳамда ғамхўрлик кўрсатиш соҳасидаги ислоҳотлар қамрови билан ҳам ўлчанади. Бугун бири-бирига уланиб кетаётган хайрли ишлардан мамнун бўлиб яшаётган нуронийларимиз тимсолида юртимизда инсон ҳуқуқ ва манфаатлари нечоғли устувор эканлиги ёрқин намоён бўлмоқда.

Шоҳида ОРИПОВА,
Халқ депутатлари Сурхондарё вилояти
Кенгашининг Регламент ва депутатлик одоби
масалалари бўйича доимий комиссияси раиси.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn