Кичик бизнеснинг ёрқин истиқболи
  • 20 Ноябрь 2015

Кичик бизнеснинг ёрқин истиқболи

Қулай ишбилармонлик муҳити тадбиркорлик ривожида ҳал қилувчи омил ҳисобланади. Юртимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари фаолиятини қўллаб-қувватлашга давлатимиз томонидан алоҳида эътибор қаратилаётганининг боиси ҳам ана шунда.

Зеро, соҳа вакилларига берилаётган қатор имтиёзлар уларнинг истиқболли лойиҳалари рўёбга чиқишига, аҳолининг импорт ўрнини босувчи маҳсулотларга бўлган эҳтиёжи таъминланиб, жаҳон бозорига дадил кириб бораётган маҳаллий ишлаб чиқарувчилар сони кўпайишига хизмат қилаётир.
Бунда Президентимизнинг 2013 йил 8 августдаги “Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари экспортини қўллаб-қувватлаш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори беқиёс аҳамият касб этмоқда.
Хусусан, жорий йилнинг 9 ойи давомида биргина Андижон вилоятидаги саноат корхоналари томонидан 121,9 миллион АҚШ доллари қийматидаги маҳсулотлар экспорт қилинди. Натижада ўтган йилнинг шу давридагига нисбатан 2,3 баробар ўсишга эришилди. Эътиборлиси, маҳсулот ва хизматлар экспортида якка тартибдаги тадбиркорлар ҳам фаол қатнашаяпти. Жумладан, ишбилармон Жалолиддин Мадраҳимов хорижлик харидорларга кийим илгичлар етказиб бераётган бўлса, -Улуғбек Парпиев рангли полиэтилен ип, Носиржон Гайбердиев эса қайта ишланган мармар тошларни ташқи бозорга жўнатмоқда.
Яна бир диққатга молик далил: жорий йилнинг учинчи чорагида Андижон вилоятида илгари экспорт фаолиятига жалб этилмаган 24 та салоҳиятли корхона танлаб олиниб, улар томонидан таклиф қилинаётган 2 миллион АҚШ долларилик маҳсулотларни чет элга сотиш бўйича махсус режалар ишлаб чиқилди. Чунончи, айни кунгача шундай ишлаб чиқариш субъектларидан 10 таси хорижлик харидорларнинг 1,5 миллион АҚШ долларилик буюртмаларини адо этди. Бинобарин, янгидан ташкил этилган 60 та корхона ва кичик бизнес субъекти томонидан 13,5 миллион долларлик ташқи савдо амалиёти бажарилди. Андижон туманидаги “Классика шоес”, Қўрғонтепа туманидаги “Анд пахта текс” ва “Ю-фидо”, Марҳамат туманидаги “Осиё тулпор омади” масъулияти чекланган жамиятлари ана шулар жумласидан.
Қўрғонтепа туманидаги “Соҳиб омад баракаси” масъулияти чекланган жамияти ҳам 2012 йилда амалга оширилган кенг кўламли модернизациялаш ишларидан сўнг ишлаб чиқариш қувватини ошириш, маҳсулот сифатини яхшилаш ҳамда энергия сарфини тежашга эришди. Шу тариқа жамоа ташқи бозорга дадил қадам қўйди. Ҳозир жамиятда ойига 200-250 тонна юқори сифатли калава ип ишлаб чиқарилаётир.
— Маҳсулотимизнинг 80-90 фоизи Хитой ва Жанубий Кореяга экспорт қилинаяпти, — дейди МЧЖ раҳбари Эркинбой Норалиев. — Келгусида мато тайёрлашни ҳам йўлга қўймоқчимиз. Шу мақсадда туманимиз ҳокимлиги қарори асосида бизга “ноль” қийматида қўшимча бино ажратилиб, бир миллиард 400 миллион сўмлик инвестиция киритиш ҳамда 230 та қўшимча иш ўрни яратиш мажбурияти юклатилди. Айни кунларда бу борада пухта бизнес-режа тузилиб, уни рўёбга чиқариш чоралари кўрилаяпти.


Саидаҳмад ШУКУРОВ.
СУРАТЛАРДА: “Соҳиб омад баракаси” масъулияти чекланган жамияти фаолиятидан лавҳалар.
Хурсандбек АРАББОЕВ олган суратлар.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Ибрат мактаби Жасурлик, ғайрат, шижоат »