Ибрат мактаби
  • 20 Ноябрь 2015

Ибрат мактаби

Навоий шаҳрида “Кексалар ҳаёти ёшлар учун намуна” шиори остида республика илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтди. Вилоят ҳокимлиги, Маънавият тарғибот маркази ва “Нуроний” жамғармасининг ҳудудий бўлимлари, “Камолот” ЁИҲ вилоят Кенгаши ҳамда бошқа мутасадди ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда ёшлар маънавиятини юксалтиришда таълим масканларининг ўрни, глобаллашув жараёнининг навқирон авлод онгига таъсири каби мавзуларда маърузалар тингланди.

— Бугун ахборот-коммуникация технологиялари кундалик ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланиб улгурди, — дейди Маънавият тарғибот марказининг вилоят бўлими раҳбари У. Сафаров. — Бироқ улар оғиримизни енгил қилиш баробарида, фарзандлар камолотига салбий таъсир кўрсатаётганидан ҳам кўз юмиб бўлмайди. Бу эса ёш авлод таълим-тарбиясига жиддий ва оқилона ёндашиш, уларда кучли маънавий иммунитетни шакллантиришни тақозо этади. Мазкур жараёнда нафақат тегишли ташкилот ва муассасалар, балки кенг жамоатчилик вакиллари ҳам фаоллик, фидойилик кўрсатишса, кўзланган натижаларга эришиш мумкин.
Ҳақиқатан ҳам, бир болага етти маҳалла ота-она, деб бежиз айтишмайди. Хусусан, бунда хонадонларимиз файзи, фариштаси бўлган нуронийларимизнинг ҳиссаси беқиёс. Шу боис “Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастурида миллий қадриятларни асраб-авайлаш ва мустаҳкамлаш орқали менталитетимизга ёт бўлган турли зарарли таъсирларнинг олдини олиш борасида қатор чора-тадбирлар белгиланган. Улар ижросида эса ёши улуғ инсонларнинг бой тажрибаси, ҳаётий ўгитларидан фойдаланиш ўз самарасини бераяпти. Анжуманда ана шу хусусда атрофлича сўз юритилди.
Тадбир якунида “ХХI аср фитнаси” номли видеоролик намойиш этилди.


Азамат ЗАРИПОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn