Ижодий учрашувлар, унутилмас лаҳзалар
  • 20 Ноябрь 2015

Ижодий учрашувлар, унутилмас лаҳзалар

Пойтахтимизда “Эртанги кун бизники, марра бизники!” шиори остидаги Ёшлар ҳафталиги кўтаринки руҳда давом этмоқда. Тадбир доирасида мамлакатимиздаги олий таълим муассасалари жамоалари ўртасидаги “Қувноқлар ва зукколар” республика кўрик-танловининг якуний босқичи бўлиб ўтди.

Унда Алишер Навоий номидаги Самарқанд давлат университетининг “Илҳом”, Нукус давлат педагогика институтининг “Турон”, Андижон қишлоқ хўжалиги институтининг “Оғалар”, Тошкент автомобиль-йўллар институтининг “Осмондаги болалар”, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг “Шоввозлар” ва Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг “Дув-дув гап” жамоалари ўзаро беллашди.
Кўрик-танлов талабаларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш, уларнинг ҳаётида учраб турадиган турли ҳолатларни ҳажв орқали қувноқлик ва зукколик билан намойиш қилишга қаратилган.
Нукус давлат педагогика институтининг “Турон” жамоаси ўзига хос саҳна кўринишига эгалиги, жамоа иштирокчиларининг актёрлик маҳорати юқорилиги билан ажралиб турди. Улар ғолибликка эришиб, кўрик-танловнинг махсус кубоги билан тақдирланишди.
Шунингдек, ҳафталик доирасида ўтказилаётган мода ва дизайн фестивали юртимиз ёшларининг ушбу соҳада ҳам ҳеч кимдан кам эмасликларини исботламоқда. Жумладан, Ёшлар ижод саройи ҳамда Ўзбекистон Бадиий академиясида “Шарқ либослари” дизайн маркази, “Осиё рамзи” Ўзбекистон дизайнерлар ва модельерлар уюшмаси ҳамда бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган кўргазмаларда намойиш қилинган, миллий ва замонавий услублар моҳирона уйғунлаштирилган турли либослар, халқ амалий санъати намуналарини кўриб, бунга тўла ишонч ҳосил қилиш мумкин.
Кўргазмаларда Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат, Тошкент архитектура-қурилиш, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтлари, Республика рассомлик коллежининг мутахассислик йўналишларида таҳсил олаётган йигит-қизларнинг ижодий ишлари йиғилганларда катта таассурот қолдирди.
Ёшлар ижод саройида уюштирилган “Замонавий моданинг долзарб йўналишлари” мавзуидаги семинар-тренинг, “Модадаги сиймолар” кўргазмаси, япон кимоноси санъати бўйича мастер-класс, “Дебют” либос моделлари намойиши ҳам ёшларимизни соҳадаги янгиликлардан хабардор этиш, мода ва дизайн оламидаги янги йўналишлар билан таништиришга хизмат қилди.
— Замонавий либосларни яратишда момоларимиз тиккан сўзаналарга эътибор қаратаман, — дейди ёш дизайнер Саида Амир. — Боиси улар вақт ўтса-да, жозибасини йўқотмайди. Шунинг учун бўлса керак, сўзаналар нафақат юртдошларимиз, балки жаҳон аҳлини ўзига ром қилиб келаяпти.
Кеча ҳафталик доирасида “XXI аср — интеллектуал авлод асри” шиори остида ёш олим ва талабаларнинг илмий-амалий конференцияси ўз ишини бошлади. Мазкур анжуман Ўзбекистон Республикаси Президентининг истиқболли ёш педагоглар ва илмий кадрлар малакасини ошириш “Истеъдод” жамғармаси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Фанлар академияси, Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитаси, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати томонидан ташкил этилди. Унда ёш олимлар ҳамда талабаларнинг илмий маърузалари муҳокама қилинди.
Талабалар театр студиялари фестивалида намойиш этилаётган ранг-баранг саҳна кўринишлари ва маҳорат дарслари ҳам эртамиз эгаларининг ижодий фаолиятида ўзига хос мактаб вазифасини ўташи, шубҳасиз. Мазкур фестивалда Қорақалпоқ давлат университети, Қарши давлат университети, Тошкент педиатрия тиббиёт институти, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти талабаларининг театр жамоалари чиқишлари барчада катта қизиқиш уйғотди.
Фестиваль якунида бўлиб ўтган тадбирда “Энг яхши спектакль” номинацияси бўйича ғолибликни қўлга киритган Қорақалпоқ давлат университетининг “Тебранмас юраклар” спектакли Ўзбек Миллий академик драма театри саҳнасида намойиш этилди.


Дилмурод СОДИҚОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn