Ватанга содиқлик қасамёди
  • 19 Ноябрь 2015

Ватанга содиқлик қасамёди

Мустақиллигимизнинг дастлабки йиллариданоқ мамлакатимиз ички ишлар идораларида кенг кўламли ислоҳотлар изчил амалга оширилмоқда. Хусусан, жиноят-қидирув, терроризмга қарши кураш, тергов, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, патруль-пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш, ёнғин хавфсизлиги, йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматлари фаолияти замон талаблари даражасида такомиллаштирилди.

Пировардида юртимиз тинчлиги ҳамда осойишталиги, аҳолининг ҳуқуқ ва манфаатлари тўла таъминлаб келинаётир. Бунда, шубҳасиз, соҳани малакали, юксак салоҳиятга эга кадрлар билан тўлдиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани муҳим омил бўлмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги академиясининг Сержантлар таркибини тайёрлаш олий курси курсантларининг қасамёд қабул қилишига бағишлаб ўтказилган тадбирда ана шулар хусусида атрофлича сўз юритилди.
Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан ИИВ Академиясида Сержантлар таркибини тайёрлаш олий курси ташкил этилиши тизимдаги ислоҳотларни янги босқичга кўтарди. Ҳозир мазкур курсда криминалистика маркази, ўқув-дала машқ майдони, компьютер ва лингафон хоналари мавжуд бўлиб, уларнинг барчаси зарур ўқув жиҳозлари ҳамда замонавий ахборот-коммуникация технологиялари билан тўлиқ таъминланган. Бу ерда курсантлар жазони ижро этиш, ёнғин хавфсизлиги, йўл-патруль, патруль-пост хизмати, хорижга чиқиш, келиш ва фуқароликни расмийлаштириш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, қўриқлаш йўналишлари бўйича билим ҳамда малака ошираяпти. Ўтган даврда мазкур курсларни битирган сержантлар айни чоғда мамлакатимиз тинчлиги, осойишталигини таъминлашга муносиб ҳисса қўшмоқдалар.
Тадбирда курсантлар Ватанимиз, халқимиз ва Президентимизга садоқат билан хизмат қилишга тантанали равишда қасамёд қилишди.
— Бу ерда мутахассислик сирларини пухта эгаллашимиз учун барча шарт-шароит ҳамда қулайлик яратилган, — дейди курсант А. Чориев. — Зеро, мамлакатимизнинг янада равнақ топишини таъминлаш борасидаги юксак вазифаларни муваффақиятли адо этишимизда чуқур билим ва матонат қўл келади, албатта. Қасамёд қабул қиларканман, аввало, шулар ҳақида ўйладим.
Тантанали маросимда Ички ишлар вазирлиги ходимлари ва фахрийлари, академия профессор-ўқитувчилари, курсантларнинг ота-оналари, давлат ҳамда жамоат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Зокир ХУДОЙШУКУРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn