Спорт ва болалар дунёси
  • 19 Ноябрь 2015

Спорт ва болалар дунёси

Тошкентда “Sport World Uzbekistan — 2015” ва “Болалик дунёси — 2015” халқаро кўргазмалари иш бошлади.

Мазкур тадбирлар Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари, Халқ таълими, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирликлари, Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси, Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси кўмагида “Ўзэкспомарказ” миллий кўргазмалар мажмуи томонидан ташкил этилди.
Юртимизда жисмонан соғлом, маънан етук, ҳеч кимдан кам бўлмаган авлодни вояга етказиш масаласига давлат сиёсатининг энг муҳим устувор йўналишларидан бири сифатида эътибор қаратиб келинаяпти. Бунинг учун мустаҳкам ташкилий-ҳуқуқий асослар яратилган. Шунга мувофиқ, таълим-тарбия тизими, унинг ажралмас қисми ҳисобланган спорт инфратузилмасини замон талаблари даражасида ривожлантириш, жумладан, шаҳару қишлоқларда кўркам спорт мажмуалари, стадионлар, сузиш ҳавзалари барпо этиш, уларни зарур ускуна ҳамда инвентарлар билан жиҳозлаш, ушбу иншоотлардан самарали фойдаланиш борасида кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бунда Президентимизнинг 2002 йил 24 октябрдаги “Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармасини тузиш тўғрисида”ги ва 2004 йил 29 августдаги “Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонлари, яқинда янги таҳрирда кучга кирган “Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида”ги Қонун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилаётир.
Маълумотларга кўра, айни пайтда юртимиз халқ таълими тизимидаги спорт объектлари сони 8000 дан ошиб кетди. Бунда Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан жами 1700 дан ортиқ турли спорт иншооти, Мактаб таълимини ривожлантириш жамғармаси томонидан мактаб спорт заллари капитал таъмирлангани ва янгидан қурилиб, ёшлар ихтиёрига берилгани катта роль ўйнади. Бу борадаги бунёдкорлик ишлари изчил давом эттирилаётганини алоҳида таъкидлаш лозим.
Янгидан барпо этилаётган спорт мажмуаларини, асосан, ўзимизда ишлаб чиқарилаётган спорт жиҳозлари билан таъминлашга алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Давлатимиз томонидан тадбиркорлик ҳаракати кенг қўллаб-қувватланаётгани, хусусан, улар равнақи йўлида қатор имтиёз ва преференциялар жорий этилаётгани бунда муҳим омил бўлаяпти. Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилган дастлабки йилда маҳаллий корхоналаримиз томонидан болалар спорти объектлари учун зарур бўлган 120 турдаги инвентардан 73 тури тайёрланган бўлса, бугунги кунда 116 турдаги спорт анжомлари ва ускуналари ишлаб чиқарилаётгани ислоҳотларнинг ҳаётий ифодасига яққол тасдиқдир. Мазкур эзгу саъй-ҳаракатларга “Ўзавтосаноат” акциядорлик компанияси тизимидаги корхоналар, “Стеклопластик”, “Хўжаобод”, “Mini teks”, “Qalb me’mori nuri”, “Фурқат-Сардор”, “Sport Jihoz Lyuks”, “Тянь-Шань спорт жиҳозлари”, “Beshariq savdo lyuks” каби ишлаб чиқариш субъектлари муносиб ҳисса қўшаяпти.
“Sport World Uzbekistan — 2015” халқаро кўргазмасида турли тренажёрлар, футбол, баскетбол, волейбол, қўл тўпи, теннис, стол тенниси, бадминтон, гимнастика, бокс, кураш, енгил атлетика, велоспорт, шахмат ва бошқа спорт турлари бўйича барча зарур воситалар намойишга қўйилган. Улар “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” ёрлиғи остида тақдим этилаётгани, албатта, кўнгилларга алоҳида ғурур бағишлайди.
Шунингдек, тадбир асносида “Aniz” масъулияти чекланган жамиятининг очиқ-ёпиқ спорт майдонларини таъмирлаш ва реконструкция қилишга мўлжалланган маҳсулотлари, “Шаҳбоз-Шаҳром” хусусий фирмасининг пол қопламалари билан ҳам танишиш мумкин.
Анъанавий тадбирда илк бор қатнашаётган корхоналар орасида эса “Alpha-sport technology”нинг тренажёр жиҳозлари, “Sport Production and trade”нинг спорт инвентарлари, “Novatio Farm”нинг спорт озуқалари ҳамда биологик фаол қўшимчалари кўпчиликда катта қизиқиш уйғотмоқда.
“Болалик дунёси — 2015” кўргазмасида болалар ва ўсмирлар учун турли товарлар — болалар адабиёти, ўйинчоқлар, ақлни чархлайдиган ўйинлар, мебеллар, санитария-гигиена воситалари, кийим ва пойабзал маҳсулотлари ташриф буюрувчилар эътиборига ҳавола қилинмоқда.
“Совпластитал” қўшма корхонаси тақдимотидан эса Янги йил учун кўплаб маҳсулотларни топиш мумкин.
Қолаверса, ушбу тадбирда биринчи марта қатнашаётган “Polimer Plastik”, “Kinder Brush”, “Rosti Rasti Baraka” каби ишлаб чиқарувчилар болалар ўйинчоқлари ва уларда фикрлашни ривожлантирувчи ўйинлар, “Sales-Tex Glory” МЧЖ фарзандларимиз учун кийим-кечаклар, “Tashkent Manufacture” корхонаси эса болалар шампунларини намойиш этаяпти.
Айни чоғда “Кўнгил очадиган тадбирлар” бўлимида шоу дастурлар ўтказиш бўйича хизматлар кўрсатадиган “Bayram Navo” ва “Tomat Group”, болалар тадбирлари учун бадиий безак жиҳозлари ҳамда конструкциялар етказиб берадиган “Derbi”, байрамона костюмлар тайёрлайдиган “Positive influence garment”    масъулияти чекланган жамиятлари ҳақида ҳам батафсил маълумотлар берилаяпти.
Мухтасар айтганда, бу каби халқаро кўргазмалар ишбилармонларга ўз маҳсулотлари ҳамда хизматларини кенг намойиш этиш, янги ҳамкорлар топиш, хорижнинг етакчи компаниялари вакиллари билан тажриба алмашиш имконини яратади.

Саиджон МАХСУМОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn