Ахборот ва сўз эркинлигини таъминлаш демократик жамият асосларини барпо этишнинг муҳим шартидир
  • 18 Ноябрь 2015

Ахборот ва сўз эркинлигини таъминлаш демократик жамият асосларини барпо этишнинг муҳим шартидир

Тошкентда Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди томонидан қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда “Ўзбекистон матбуоти” V Миллий форуми ташкил этилди. Унда парламент аъзолари, тегишли вазирлик ҳамда идоралар вакиллари, журналистлар қатнашди.

Таъкидланганидек, мамлакатимизда сўз ва ахборот эркинлигини таъминлашнинг ҳуқуқий асослари яратилган. Шунга мувофиқ, ўтган давр мобайнида оммавий ахборот воситаларини ривожлантириш, уларнинг демократик ислоҳотлар жараёнидаги ўрни ҳамда таъсирини янада юксалтириш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, техник ҳамда технологик қайта жиҳозлаш, соҳа мутахассисларининг касб салоҳияти ва малакасини кучайтириш, меҳнатини муносиб рағбатлантириш борасида қатор ишлар амалга оширилди.
Президентимиз томонидан илгари сурилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси асосида бу борадаги саъй-ҳаракатлар янги босқичга кўтарилди. Концепция асосида қатор ҳуқуқий ҳужжатлар, хусусан, “Дaвлaт ҳoкимияти вa бoшқaруви oргaнлaри фaoлиятининг oчиқлиги тўғрисидa”ги Қoнуннинг қабул қилиниши нафақат ахборот соҳасини либераллаштириш, балки юртимизда амалга оширилаётган ислоҳoтлaр, дaвлaтнинг ички ҳaмдa тaшқи сиёсaти oчиқлиги вa oшкoрaлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этаётир.
Форумда истиқлол йилларида Ўзбекистонда оммавий ахборот воситалари сони 3,6 баробар кўпайиб, ҳозирги вақтда 1,4 мингдан зиёдни ташкил қилаётгани алоҳида таъкидланди. Бугунги кунда босма нашрларнинг 60, телерадиоканалларнинг 67, интернет нашрларининг эса 95 фоизи нодавлат оммавий ахборот воситалари ҳисобланади. Улар фуқаролик жамиятини шакллантириш жараёнида фаол иштирок этаяпти.
Ўз навбатида, рақамли телевидение имкониятлари ҳам жадал суръатлар билан ошиб бормоқда.
Эътиборлиси, бу борада Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди томонидан ҳам қатор ишлар қилинаяпти. Фонд томонидан сўнгги икки йилда 230 дан зиёд турли тадбирлар, жумладан, халқаро конференциялар, семинар-тренинглар, давра суҳбатлари ва учрашувлар ташкил этилиб, уларда 7 минг нафарга яқин журналистлар, ОАВ ҳамда фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари вакиллари, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ахборот хизматлари раҳбарлари, экспертлар қатнашди.
Шунингдек, ўтказилган грант ҳамда танловларда юздан ортиқ соҳа ходимлари иштирок этиб, уларнинг ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳалари моддий жиҳатдан қўллаб-қувватланди.
Йиғилишда бугунги глобаллашув даврида жамият ҳаётига АКТни кенг жорий этиш, ахборот хавфсизлигини таъминлаш, турли маънавий таҳдидларнинг олдини олиш, миллий ахборот маконини янада такомиллаштириш долзарб эканлиги ҳақида фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Бинобарин, мустақил фикрга эга шахсни тарбиялаш, юрт мустақиллигини мустаҳкамлаш, фуқаролар, айниқса, эртамиз эгалари бўлган ёшларни Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялашда оммавий ахборот воситаларининг ўрни беқиёсдир. Шундай экан, ушбу вазифаларни самарали рўёбга чиқариш учун журналистдан ўз профессионал малакасини доимий ошириб бориш, сўз қадри ва унинг таъсирини чуқур тушуниш, кучли фуқаролик позициясига эга бўлиш, ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий, маънавий-ахлоқий масалаларни ёритишда холислик тамойилларига таяниш талаб этилади. Айни чоғда кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш масалалари ҳам долзарб аҳамиятга эга.
Форумда ана шундай мавзуларни қамраб олган қатор маърузалар тингланди ҳамда истиқболдаги вазифалар юзасидан атрофлича фикр алмашилди.

Саиджон МАХСУМОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Ёрқин таассуротлар олами Ноёб ҳунар қадри »