Ёрқин таассуротлар олами
  • 18 Ноябрь 2015

Ёрқин таассуротлар олами

Пойтахтимизда бўлиб ўтаётган “Эртанги кун бизники, марра бизники!” шиори остидаги Ёшлар ҳафталиги, чин маънода, байрамона тадбирга айланди. Унда қатор касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари, олий таълим муассасалари талабалари, давлат мукофотлари совриндорлари қатнашмоқда.

Ҳафталик доирасида Ўзбекистон Бадиий академияси Марказий кўргазмалар залида ташкил этилган “Батик жозибаси” деб номланган кўргазмада машҳур рассомлар билан биргаликда, ёш мусаввирларнинг асарлари, дизайнерларнинг либослари ҳам намойиш этилаяпти. Улар томошабинларда катта қизиқиш уйғотаётир.
Маълумот ўрнида айтиш жоизки, батик — ўзига хос тасвирий санъат тури бўлиб, қадимдан Шарқ халқлари орасида кенг ривож топган. У оппоқ ҳарир матога гул, умуман, нафис чизгиларни тасвирлаш деганидир. Ўтган давр мобайнида батик техникаси асосида яратилган асарларнинг бир нечта тури вужудга келди. Мазкур кўргазмада уларнинг намуналари тақдим қилинаяпти.
Шунингдек, Ёшлар ижод саройида Мода ва дизайн фестивали давом этаётир. Унинг доирасида ўзбекистонлик ҳамда хорижлик мода соҳаси вакиллари иштирокида маҳорат сабоқлари ўтказилди. Мутахассислар мамлакатимиздаги мусиқа ва санъатга ихтисослаштирилган касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари, олий таълим муассасалари талабаларига миллий либосларимизнинг ўзига хослиги, уларни тикиш услублари, шу билан бирга, жаҳон мода олами ҳақида ҳам маълумотлар беришди.
— Халқимизга хос миллий либослар билан иштирок этаяпман, — дейди Республика рассомлик коллежи ўқувчиси Малоҳат Мирсоатова. — Ушбу либосларга оддий нақшлар битилган, аммо жуда жозибадор. Ўз навбатида, мазкур ҳафталик биз учун ўзига хос тажриба мактаби вазифасини ҳам ўтамоқда.
Ана шундай ёрқин таассуротларга бой ҳафталикда навқирон авлод вакилларининг беғуборлик даври илҳомларини кузатиш ва ундан чексиз фахрланиш мумкин.

Дилмурод СОДИҚОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn