Юксак интеллектуал салоҳият ва истиқбол
  • 13 Ноябрь 2015

Юксак интеллектуал салоҳият ва истиқбол

Ёшлар — эртанги кунимизнинг ишончи ва таянчи. Шу боис Истиқлолнинг илк  йиллариданоқ Президентимиз раҳнамолигида ёшларнинг таълим-тарбияси ва касб-ҳунар эгаллаши учун зарур шарт-шароит яратиш ҳамда иқтидорини юзага чиқариш мақсадида эзгу чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда.

Айниқса, ўғил-қизларимизнинг замонавий билимларни пухта эгаллашлари, ахборот-коммуникация технологияларидан унумли фойдаланишларини таъминлаш, энг муҳими, уларни маънавий баркамол инсон сифатида вояга етказишга қаратилган эътибор ва ғамхўрликнинг ўрни ҳамда аҳамияти юксакдир.
Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Infolib — 2015”  IV Миллий ахборот-кутубхона ҳафталиги доирасида ўтказилаётган кўплаб маданий-маърифий, илмий тадбирлар ҳам бу борадаги эзгу ишларнинг мантиқий давоми, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.
Фарзандларимиз иқтидорини юзага чиқариш,  муҳими, уларни бугунги глобаллашув даврида халқимизнинг кўп асрлик миллий урф-одат ва анъаналарига содиқ этиб тарбиялаш энг эзгу вазифалардан саналади. Шу билан бирга, тезкор замон ўғил-қизларимиздан илғор ахборот-коммуникация технологияларидан унумли фойдаланиш, хорижий тилларни мукаммал ўрганишни талаб этмоқда. Бу борада ҳаётга татбиқ этилган қатор ҳужжатлар, хусусан, давлатимиз раҳбарининг 2012 йил 10 декабрдаги “Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори муҳим аҳамият касб этаётир.
Мазкур ҳужжатга кўра, 2013/2014 ўқув йилидан бошлаб барча умумтаълим мактабларида чет тилларини чуқур ўқитиш йўлга қўйилди. Шу мақсадда янги давлат таълим стандартлари, ўқув қўлланмалар, дарслик мажмуалари яратилди. Мавжуд чет тили кабинетлари учун қўшимча адабиётлар, луғатлар давлат бюджети ҳисобидан етказиб берилди. Хорижий тилларни ўргатишга оид ранг-баранг электрон ахборот-таълим ресурслари, видеоқўлланмалар, интерфаол ўйинлар каби 50 дан ортиқ маърифий ресурслар яратилди.
Ҳафталикнинг “Хорижий тиллар куни” доирасида ташкил этилган тадбирларда ёшларимиз чет тилларини қанчалик ўзлаштирганликларини намоён этишди. Уларнинг юксак билими, кутубхонада яратилган замонавий шарт-шароитлардан унумли фойдаланаётгани йиғилганларда, жумладан, хорижлик мутахассисларда ҳавас уйғотди.
Тадбирлар  давомида  Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби, рассом Алишер Алиқулов билан уюштирилган ижодий учрашув ҳам ёш санъатсеварларда илиқ таассурот қолдирди. Унинг “Улоқ”, “Кураш”, “Пойга”, “Найза улоқтириш”, “Тош кўтариш” ва бошқа асарларида миллий ўйинларимизнинг ранг-баранглиги, ижодкор хаёлотининг қамровлари акс эттирилган. Бу эса ёшларимизни спорт билан мунтазам шуғулланишга, соғлом турмуш тарзига амал қилишга ундайди.
— Ижодкорнинг ўзига хос услуби, миллий анъана ва ўйинларимизга бўлган муҳаббати менда катта қизиқиш уйғотди, — дейди Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти талабаси Хуршид Шерматов. — Бу эса ҳар бир кишини тарихимизни чуқур билишга, ундан фахрланишга чорлайди.
Шунингдек, “Ижод куни” доирасидаги “Биз китобни севамиз” номли болалар расмлар танлови ҳам кўпчиликнинг эътиборини жалб этди. Пойтахтимиздаги умумтаълим мактабларининг 3 ва 4-синф ўқувчилари томонидан чизилган мазкур ижод намуналарида китобга бўлган меҳр, уни ўқиш ва ардоқлашдек олижаноб туйғулар ўзига хос тарзда тасвирланган.
Ҳафталик доирасида “Ахборот-кутубхона муассасасининг энг яхши мутахассиси” танлови ҳам ўтказилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг ахборот-кутубхона марказлари, Олий ва ўрта махсус таълим, Халқ таълими вазирликлари, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими марказининг ахборот-ресурс марказлари мутахассислари иштирок этди.
Танлов якунида Фарғона вилояти кутубхона иши мутахассислари фаолияти алоҳида эътироф этилди.

Дилмурод СОДИҚОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn