Соғлом турмуш тарзи
  • 13 Ноябрь 2015

Соғлом турмуш тарзи

2006 йил 20 декабрда қандли диабет муаммосига бағишланган БМТ резолюцияси қабул қилиниб, унда ушбу хасталикнинг жамиятга салбий таъсири тан олинди ва “14 ноябрь — Халқаро қандли диабетга қарши кураш куни” сифатида белгиланди. Мамлакатимизда эса мазкур сана муносабати билан 1 ноябрдан 1 декабрга қадар қандли диабетга қарши кураш ойлиги ўтказилади.

Мазкур ойлик доирасида Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази томонидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ҳамкорлигида қандли диабет касаллиги муаммосига жамоатчилик эътиборини қаратиш мақсадида бир қатор тадбирлар уюштирилмоқда. Шунингдек, хасталикнинг олдини олиш, ўз вақтида ва малакали ташхислаш, даволаш борасида давра суҳбатлари ташкил этилаётир.
Хасталикка учраган беморларда қувватсизлик,  оғиз қуриши, вазн камайиши, кўз хиралашиши каби аломатлар пайдо бўла бошлайди. Бунда бемор ўз вақтида шифокорга мурожаат қилиши, қондаги қанд миқдорини текширтириб, керакли муолажани олиши  ва махсус парҳезга амал қилиши талаб этилади.
Ойлик муносабати билан пойтахтимизда кексаларда диабет келиб чиқишининг олдини олишга бағишлаб ташкиллаштирилган илмий-амалий анжуманда ҳам ана шу йўналишдаги долзарб масалалар хусусида сўз юритилди.
Тадбирда Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида аҳоли, жумладан, кексаларга кўрсатилаётган тиббий-профилактика ёрдами сифати ва самарадорлигини мунтазам такомиллаштириб боришга қаратилаётган доимий эътибор халқимизнинг саломатлигини мустаҳкамлаш, узоқ умр кўриш кўрсаткичини узайтиришда муҳим омил бўлаётгани таъкидланди.
“Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастури доирасида бу борадаги ишлар кўлами янада кенгаймоқда. Нуронийларда диабет касаллиги келиб чиқишининг олдини олиш мақсадида ташкил этилаётган анжуманларда тиббиётнинг бирламчи бўғинида ишлайдиган шифокорлар жалб қилиниб, тиббий-профилактика ишларини амалга ошириш, ташхис ва даволашда қўлланилаётган янги йўналишлар бўйича тажрибалар оммалаштирилмоқда.
Бинобарин, қандли диабетга қарши кураш ойлигида тиббий-профилактика ишларини янада кенгайтириш, аҳолининг бу борадаги билимини бойитишга алоҳида эътибор қаратилади. Хусусан, 14 ноябрь куни Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт марказида, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар эндокринология диспансерларида “Очиқ эшиклар куни” ташкил этилади. Бунда барча хоҳловчилар қандли диабетга алоқадор зарур маслаҳат ва ташхис ёрдамини олишлари мумкин.
Шунингдек, Тошкент шаҳар Юнусобод туманидаги 52-оилавий поликлиникада, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасида, таълим муассасаларида скрининг кунлари ташкил этилиб, аҳоли марказ мутахассислари томонидан тиббий кўрикдан ўтказилади. 19 ноябрда эса “Эндокрин касалликларнинг долзарб масалалари” мавзуида республика анжумани ташкиллаштирилиши кўзда тутилган. Унда ёш олимлар эндокринология соҳасидаги илмий тадқиқот натижалари бўйича маърузалари билан иштирок этадилар.
Мазкур анжуман эндокринолог мутахассислар, қандли диабетни даволаш ва олдини олиш билан шуғулланувчи диабетологлар билим ҳамда малакасини оширишга, қолаверса, кўрсатилаётган тиббий муолажалар сифатининг янада яхшиланишига хизмат қилиши, шубҳасиз.
26 ноябрь куни диабет ойлиги якунларига бағишлаб марказ ходимлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Хотин-қизлар қўмитаси билан ҳамкорликда қандли диабет ва унинг олдини олиш масалалари ҳамда ўтказилган тадбир натижаларига бағишланган анжуман уюштирилади. Айни пайтда эса “Диабет мактаблари”, кўргазмали-тарқатма воситалар, махсус журналнинг чоп этилаётгани  ҳам ушбу хасталик ҳақида аҳолини кенгроқ хабардор қилиш имконини бераяпти.
Айтиш жоизки, бу галги “Диабет ойлиги”га ҳозирлик  мамлакатимизда ўтган ойдан, яъни қандли диабетни ўрганиш бўйича Европа ассоциациясининг ўқиш курслари ташкил этилишидан бошланди. Унда Буюк Британия, Испания, Дания, Польша каби давлатлардан олимлар қатнашиб, хасталик асоратларининг олдини олиш ва даволаш борасида энг сўнгги янгиликлар, самарали технологиялар ҳақида сўз юритилди.
Халқимизда “Касалликни даволагандан кўра, унинг олдини олган афзал”, деган ҳикмат бор. Демак, қандли диабет муаммоси ҳар бир фуқарони  эътиборсиз қолдирмаслиги керак. Зеро, соғлом турмуш тарзи, аҳолининг ўз саломатлигига нисбатан эътиборли бўлиши узоқ умр кафолатидир. Ойлик давомида ташкил этилаётган чора-тадбирлар ҳам ана шундай эзгу мақсадларга қаратилганлиги билан алоҳида аҳамиятга эга.

Саид  ИСМОИЛОВ,
Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази директори.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn