Оила — жамият таянчи
  • 11 Ноябрь 2015

Оила — жамият таянчи

“Оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга.

Никоҳ томонларнинг ихтиёрий розилиги ва тенг ҳуқуқлилигига асосланади”.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 63-моддаси.

Халқларнинг буюклиги унинг маънавий даражасига боғлиқ, деган фикр мавжуд. Ахлоқий ва маданий фазилатлар, дунёқараш ҳамда тафаккур эса болалар тарбия оладиган  оилада, яқинлари яшайдиган муҳитда шаклланади, куртак ёзади.
Бугунги дунёдаги глобал ўзгаришлар қачонлардир муқаддас саналган “оила” тушунчасига ҳам таъсир ўтказмоқда. Қаердадир у кам эъзозланади, бошқа бир жойда эса шунчаки геометрик шаклга айланиб қолган. Бироқ Ўзбекистонда меҳр-муҳаббат, ўзаро тушуниш, анъаналарга ҳурмат каби эзгу туйғулар айнан оилада пайдо бўлади. Бизда у эркак ва аёлнинг мустаҳкам иттифоқи, жамиятнинг аҳил бўғини, унинг маънавий таянчи, авлодларнинг муносиб давомчилари камол топадиган даргоҳ ҳисобланади.
“Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан ўтказилган навбатдаги тадқиқотда респондентларнинг мутлақ катта қисми ҳам юртимизда оилавий қадриятлар энг улуғ тушунчалар қаторига киришини алоҳида таъкидладилар. “Оила ва жамият: маънавий ва ахлоқий дунё” мавзуидаги сўров фуқароларнинг оила, никоҳ, фарзанд тарбиясига нисбатан муносабатлари тенденциясини ўрганиш мақсадида ташкил қилинди. Унда шаҳару қишлоқлардан турли ёшдаги эркак ва аёллар, миллат ҳамда эътиқод вакиллари қатнашди.
Ҳамюртларимизнинг эътироф этишича, Ўзбекистондаги оилаларда қарор топган тинчлик ва хотиржамлик, моддий-маънавий фаровонлик Президентимиз ташаббуси билан жамиятда ушбу муҳим ижтимоий институт ролини мустаҳкамлаш бўйича олиб борилаётган сиёсат самарасидир. Зеро, бу саъй-ҳаракатлар биз яшаётган давр талаблари, реалликлари ҳамда суръатини инобатга олган ҳолда ҳаётга татбиқ этилаётир.
Тадқиқотдан маълум бўлдики, фуқароларнинг аксарият қисми никоҳга тайёргарлик кўришга янада катта аҳамият қаратмоқда. Қарийб 84 фоиз респондент бу мустаҳкам ва бахтли оила қуришнинг муҳим шарти, деб билади. Иштирокчилар мустаҳкам ва дўстона оилавий муносабатларда ота-оналар фарзандларга ўрнак бўлиши, ўз ўрнида, фарзандлар уларнинг маслаҳатларига суяниши лозим, деб ҳисоблайди.
Турли ёш ва элат вакиллари ота-онанинг оқ фотиҳаси оилавий саодат ҳамда фаровонлик кафолати, деб билади. Айни чоғда кенг жамоатчиликда фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органлари — ФҲДЁда никоҳни расмийлаштириш керак, деган фикр мустаҳкамланган бўлиб, сўровда қатнашганларнинг кўпчилиги учун бу оиланинг ҳуқуқий асосидир.
Социологик тадқиқот давомида бошқа жиҳатлар ҳам аниқланди. Мустақиллик йилларида никоҳга киришнинг шартли ёш чегараси шаклланди. Хусусан, бу эркаклар учун 24, қизлар учун 21 ёшни ташкил этади. Бундай ёндашувни бугун нафақат шаҳар, балки қишлоқ аҳолиси ҳам қўллаб-қувватлаяпти. Муносабатларда сезиларли даражада демократлашув пайдо бўлди: кўплаб юртдошларимиз эркак ва аёл, ота ва она мажбуриятларини қайта тақсимлаш, оиладаги муҳим масалаларни биргаликда ҳал этишга алоҳида урғу бераяпти.  
Оила кодекси ва бошқа қонунчилик ҳужжатларида никоҳдан олдин мажбурий тиббий кўрикдан ўтиш белгилаб қўйилгани истиқлол йилларидаги янгиликлардан бири бўлди. Сўровга кўра, мамлакатимиз аҳолисининг 97,5 фоизи обод турмуш барпо этиш, соғлом бола туғилишида ушбу омилнинг муҳимлигини англаб етган. Зеро, бу баркамол авлодни дунёга келтириш ва ижтимоий фаровонликнинг муҳим шартидир.
Шунингдек, оила вакилларининг кўнгил хотиржамлиги ва бир-бирини тушунишига нисбатан ёндашуви ўзгариб бораётгани маълум бўлди. Буни фуқароларнинг ёшлар бир-бирига қай даражада мослигини аниқловчи махсус психологик тестларга нисбатан муносабатига оид жавоблари яққол тасдиқлаб берди. Бундай тестни муҳим деб билувчилар кўпаймоқда. Респондентларнинг ярми эса ундан ўтишни бўлажак турмуш ўртоқлари келажаги учун зарур, деб билади.
Қолаверса, сўров натижасига кўра, ўзбекистонликларнинг аксарияти оилавий муҳит фарзандлардаги шахсий хусусиятлар пайдо бўлишига кучли таъсир ўтказишига ишонади. Ота-оналар болаларида энг муҳим ахлоқий-маънавий сифатларни ривожлантиришга интилишлари керак. Иштирокчилар фарзандларимизга яхши таълим-тарбия бериш ёши катталарнинг бурчи, деб ҳисоблайди. Сўнгги йилларда дилбандлари олий ўқув юртларида ўқишини истовчи, бунинг учун маблағ тўлаш, шу асосда келажакка сармоя киритишга тайёр фуқаролар сони кўпайиб бормоқда.
Респондентларнинг 72 фоизи ўз фарзандларини яхши тушунади, ўзаро муносабатлар эса ишончга асосланган. Иштирокчилар ҳозирги замонда уларни турли қарашлар ва қадриятлар ажратиб туради, деган фикрга қўшилмайди. Умуман, ўзбекистонликлар оиласида умуминсоний қадриятларни мерос қолдириш, ёши катта ва кичикларнинг дунёқараши энг муҳим масалаларда бир-бирига мос келиши кузатилмоқда.
Тадқиқотда қатнашганларнинг 91 фоизи фарзанд тарбияси ота-онанинг биринчи галдаги вазифаси, деб ҳисоблайди. Шулар қаторида ўқув муассасалари ва давлатнинг бу жараёнда муҳим роль ўйнаши алоҳида қайд этилди. Зеро, уларнинг жисмонан соғлом, маънан етук авлод тарбияси учун шарт-шароит яратиш, кам таъминланган ва ёш оилаларнинг ижтимоий муҳофазасини таъминлаш, кўмакка муҳтож оилалар фарзандларини мақсадли ҳамда манзилли қўллаб-қувватлаш йўлидаги фаолияти беқиёсдир. Тадқиқот давомида маҳалла иштироки ҳам бу борада муҳим эканлиги таъкидланди. Фуқаролар миллий қадриятларни кўз қорачиғидек асраб-авайлаб келаётган ёши улуғларнинг анъаналари ва қоидаларига асосланган ҳолда ҳаракат қилиш, ўзини тутиш, ҳаёт тарзини олиб бориш керак, деган фикрга қўшилади.
Сўровдаги жавоблар таҳлили аҳоли онгида ёш авлодни никоҳга тайёрлаш, уларнинг психологик жиҳатдан бир-бирига мослигини аниқлаш муҳимлигига оид қарашларда ижобий ўзгариш рўй бераётганини кўрсатди. Зеро, респондентларнинг 90 фоизи оилаларини бахтли, деб билади.

«Ижтимоий фикр» жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази материаллари асосида
С. МАХСУМОВ тайёрлади.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn