«Ватаним тараққиётига менинг ҳиссам»
  • 11 Ноябрь 2015

«Ватаним тараққиётига менинг ҳиссам»

Мамлакатимизда ёшларнинг пухта билим олишини таъминлаш, уларнинг иқтидорини юзага чиқариш ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири саналади. Президентимизнинг 2014 йил 6 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишлар самарадорлигини янада кучайтиришга хизмат қилмоқда.

Тошкентдаги Ёшлар ижод саройида ташкил этилган анъанавий “Ватаним тараққиётига менинг ҳиссам” мавзуидаги кўргазма ҳам навқирон авлод вакилларининг ижодий салоҳиятини кенг намойиш қилиш ва рағбатлантиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Мазкур тадбир Тошкент шаҳар ҳокимлиги, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, Савдо-саноат палатаси ҳамда Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш ҳудудий бошқармаси ҳамкорлигида уюштирилди. Унда пойтахтимиздаги 150 нафардан ортиқ ёш тадбиркор, ҳунарманд, ёш олимлар ўзлари ишлаб чиқараётган маҳсулотлар, кўрсатаётган хизмат турлари, миллий ҳунармандчилик намуналари ҳамда инновацион ғоялари билан иштирок этмоқда.
Таъкидлаш лозимки, кейинги йилларда эртамиз эгаларини кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка жалб қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Яратилаётган кенг имконият ва имтиёзлар эса шижоатли ўғил-қизларимизнинг ўз бизнесини йўлга қўйиб, юртимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшишга ундаяпти. Албатта, бу борада “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракатининг ҳам тадбиркорликка оид бир қатор лойиҳалари ижобий самара бераётир. Хусусан, ҳар йили Ҳаракат томонидан ёшларда тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш, уларнинг фаолиятини кенг тарғиб қилиш, шунингдек, имтиёзли кредит олишларига кўмаклашиш мақсадида “Менинг бизнес ғоям”, “Ёш тадбиркор — юртга мададкор”, “Ёш тадбиркор — келажакка пойдевор” танловлари ўтказилмоқда. Мазкур лойиҳаларнинг республика босқичида ғолибликни қўлга киритганларнинг кредит фоиз тўловлари “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати томонидан қоплаб берилаяпти.
Кўргазмада қатнашаётган иқтидорли ёшлардан бири Тошкент давлат техника университети талабаси Фазлиддин Исмоиловдир. У устозлари билан биргаликда иккиламчи маҳсулотни қайта ишлаш қурилмасини яратди. Унинг ёрдамида ғўзапоядан саноат усулида газ ҳамда аҳолининг кундалик эҳтиёжи учун ёқилғи брикетларини олиш мумкин. Айни пайтда мазкур лойиҳа патентлаштириш учун тақдим қилинган.
— Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ҳузуридаги академик лицейни тамомладим, — дейди ёш тадбиркор Дилноза Қамбарова. — Ҳозир пойтахтимизнинг Чилонзор туманидаги ўқув марказида ҳунар ўрганаяпман. Айниқса, карвинг санъатини катта иштиёқ билан ўзлаштириб, секин-аста ўзим ҳам турли тадбирларда иқтидоримни намойиш этаяпман. Бундан ташқари, мазкур ўқув марказида ёш қизларни катта ҳаётга тайёрлашга, соғлом турмуш тарзига риоя қилишга доир қимматли маслаҳатлар берилиб, маҳорат сабоқлари ўтказиб борилади.
Дарвоқе, “Ватаним тараққиётига менинг ҳиссам” кўргазмасида қатнашаётган ёшларнинг ютуқлари касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари томонидан катта қизиқиш билан ўрганилмоқда. Мутахассисларнинг маслаҳат ва тавсиялари эса интилувчан ёшлар сафининг кенгайишида муҳим аҳамиятга эга.

Дилмурод СОДИҚОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn