Маҳорат ва истеъдод намойиши
  • 11 Ноябрь 2015

Маҳорат ва истеъдод намойиши

Пойтахтимизда жорий йил 16-22 ноябрь кунлари “Эртанги кун бизники, марра бизники!” шиори остида бўлиб ўтадиган “Ёшлар ҳафталиги” олдидан матбуот анжумани ташкил этилди.

Тадбирда мамлакатимизда жисмонан соғлом, маънан етук авлодни вояга етказиш, уларни она-Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялаш, истеъдодини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида тизимли ишлар амалга оширилаётгани таъкидланди. Айниқса, давлатимиз раҳбарининг 2014 йил 6 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишларни янги босқичга кўтарди.
“Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Марказий Кенгаши, Олий ва ўрта махсус таълим, Маданият ва спорт ишлари вазирликлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг истиқболли ёш педагоглар ва илмий кадрлар малакасини ошириш “Истеъдод” жамғармаси ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида уюштирилаётган “Ёшлар ҳафталиги” ҳам навқирон авлоднинг жамият ҳаётида янада фаол иштирок этишини таъминлаш, ўз билимларини мустаҳкамлашида муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
Ҳафталик доирасида кино, мода ва дизайн, театр, туризм, экология каби соҳаларда фаолият юритаётган билимли ёшлар ўз маҳоратини намойиш этади. Шунингдек, “Қувноқлар ва зукколар”, “Тафаккур синовлари” кўрик-танловларининг якуний босқичи, “XXI аср — интеллектуал авлод асри” шиори остидаги илмий-амалий конференция ва бошқа тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган.

Мавжуда ХОЛМАТОВА.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn