Ўзбекистон ёшлари ғайрат-шижоати, истеъдоди, юксак тафаккури билан жаҳонга танилмоқда
  • 10 Ноябрь 2015

Ўзбекистон ёшлари ғайрат-шижоати, истеъдоди, юксак тафаккури билан жаҳонга танилмоқда

Уларнинг қўлга киритаётган ютуқлари мамлакатимизнинг салоҳиятини, куч-қудратини ўзида яққол ифодалаб турибди. Бинобарин, Истиқлол авлодининг бахтли ҳаёт кечириши, истеъдодини ёрқин намоён этишида давлатимиз раҳбари томонидан бардавом, изчил, амалий тизим фаолияти йўлга қўйилгани муҳим аҳамият касб этмоқда.

Бугун юртимиз ёшлари нафақат республика, балки жаҳон миқёсидаги кўплаб фан олимпиадалари, нуфузли спорт мусобақалари, турли санъат анжуманларида муваффақиятли иштирок этишмоқда. Албатта, бунинг тамал тоши табаррук даргоҳ — мактабда қўйилгани кундек равшан.
Шу ўринда Юртбошимиз ташаббуси билан ҳаётга татбиқ қилинган “Таълим тўғрисида”ги Қонун, Кадрлар тайёрлаш миллий дастури ҳамда Мактаб таълимини ривожлантириш давлат умуммиллий дастурининг самараларига назар ташласак. Мамлакатимизда шу пайтгача минглаб замонавий мактаблар қад ростлади. Таълим соҳаси ўқув муассасаларини қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш ишлари йилдан-йилга кенг миқёс касб этмоқда.
Ўтган йили 380 та мактаб, 160 дан ортиқ касб-ҳунар коллежи ва академик лицей тубдан янгиланди. Мазкур мақсадлар учун қарийб 550 миллиард сўм сарфланди. Ушбу маблағларнинг 120 миллиард сўмдан ортиғи таълим муассасаларини ўқув, лаборатория ҳамда ишлаб чиқариш ускуналари, компьютер ва мультимедиа воситалари билан таъминлаш учун ажратилди.
Муҳими, ана шу таълим масканларида юзлаб истеъдод эгалари камол топаётганлиги юртимизда олиб борилаётган сиёсатнинг асл моҳияти — ислоҳот инсон учун, унинг манфаатларига хизмат қилаётганининг амалий тасдиғидир.
Мамлакатимизда таълим шахс, жамият ва давлатнинг иқтисодий, ижтимоий, илмий-техник ҳамда маданий эҳтиёжларини таъминлайдиган устувор соҳа, деб эълон қилинган. Мавжуд таълим муассасаларини давр талабларини ҳисобга олган ҳолда ислоҳ қилишдан ташқари, МДҲ давлатларида ўхшаши йўқ янги турдаги ўқув масканлари — касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейлар ташкил этилди. Шу тарзда иқтисодиёт ва ижтимоий соҳанинг барча тармоғи учун юқори малакали, рақобатдош кадрлар тайёрлашга, ёшларни маънавий-ахлоқий ҳамда ҳар томонлама ижодий ривожлантиришга йўналтирилган узлуксиз ўқув-илмий ишлаб чиқариш таълимининг ноёб яхлит тизими шакллантирилди.
Бугунги кунда, БМТ маълумотларига кўра, республикамизда таълимга йўналтирилаётган харажатлар давлат бюджетининг 35 фоиздан ортиғини ташкил қилмоқда. Бошқача айтганда, Ўзбекистон давлат бюджетидан ҳар йили 35 фоиз маблағ айнан таълим-тарбия соҳасига йўналтирилаяпти.
Жаҳон интеллектуал мулк ташкилоти ва етакчи халқаро бизнес-мактаблардан бири — “ИНСЕАД” томонидан 2012 йилда инсон капиталининг тараққиёт даражаси бўйича ўтказилган тадқиқот натижаларига кўра, Ўзбекистон 141 мамлакат орасида 53-ўринни, таълим тизимини ривожлантириш даражаси, жумладан, таълим мақсадлари учун ажратиладиган маблағлар бўйича эса дунёда бешинчи ўринни эгаллагани бежиз эмас, албатта.
Юртимизнинг жаҳон майдонидаги нуфузини ошириш кўп жиҳатдан ёшларнинг интеллектуал ва ижодий салоҳиятини юксалтиришга боғлиқ. Шу сабабли иқтидорли ёшларни аниқлаш ҳамда рағбатлантиришга, навқирон авлоднинг замонавий дунёқарашини, ижодий ва шахсий хусусиятларини умуминсоний қадриятлар асосида шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилаётир. Хусусан, Президентимиз ташаббуси билан Зулфия номидаги Давлат мукофоти таъсис этилган бўлиб, ўқишда, ижодий ва жамоат ишларида катта ютуқларга эришаётган қизлар унга муносиб кўрилади. Санъат соҳасидаги ютуқлари учун энг иқтидорли ёш раққосалар, мусиқачилар ва хонандаларга “Ниҳол” мукофоти берилади.
— Истиқлол йилларида камол топган ёшлар сафида эканлигимдан ҳамиша фахрланиб юраман, — дейди “Ниҳол” мукофоти соҳиби Машҳурбек Райимжонов. — Бугунги кунгача дунёнинг кўплаб мамлакатларида бўлиб ўтган нуфузли санъат анжуманларида қатнашдим. Хориждаги тенгдошларимиз бизга ҳавас қилишади. Биз эришган марралар ҳақида ҳайратланиб гапиришади.
Истеъдод соҳибларидан яна бири Моҳигул Раимқуловадир. У Жиззах давлат педагогика институти қошидаги 2-академик лицейнинг учинчи босқичида ўқийди. Насрий ва назмий йўналишда ижод қилаётган Моҳигулнинг яқинда “Сарафроз” деб номланган китоби чоп этилди.
— Имконият йўқлиги боис қанчадан-қанча истеъдод соҳиблари эрта сўнгани, бирор бир қулайлик бўлмаган мактабларда ўқиб, болалик орзулари ушалмай қолганидан устозларимиз кўп афсусланишади, — дейди Моҳигул. — Буларни эшитиб, биз, иқболимиз, бахтимизга шукроналар айтамиз. Бунинг қадри улуғлигини теран ҳис қиламиз.
Ёшлар сиёсатининг муҳим йўналишларидан яна бири иқтидорли ёшларни илм-фанга кенг жалб этишдир. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат стипендиясига ўқишда ва жамоат ишларида юқори натижаларга эришаётган ёшлар сазовор бўлмоқда. Бу борада бир қатор махсус стипендиялар ҳам таъсис этилган. Ёшлар салоҳиятини ривожлантиришга қаратилган бу каби эзгу саъй-ҳаракатлар ўз самараларини бераётир. Шунингдек, ўқув юртлари, авваламбор, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини иш билан таъминлаш масаласи алоҳида эътиборда. Мисол учун, ўтган йили мамлакатимиз таълим муассасаларининг 600 мингдан зиёд битирувчиси бандлиги таъминланди. Қувонарлиси, аксарият ёшларимиз ўз келажагини кичик бизнесда кўрмоқда.
Кейинги йилларда ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга бағишланган ишлар кенг қулоч ёзмоқда. Бу борада тиббиёт ходимлари билан бирга, Ўзбекистон “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, Хотин-қизлар қўмиталари, касаба уюшмалари ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари вакиллари фаол иштирок этаётгани алоҳида диққатга сазовор. Таъкидлаш керакки, репродуктив саломатликни таъминлаш бўйича ўзбек модели БМТ томонидан Шарқий Европа, Болтиқбўйи ва МДҲ давлатлари учун энг яхши ҳудудий дастур сифатида тавсия қилинган.
Умуман олганда, ёшларнинг ҳар томонлама ривожланиши учун янада қулай шарт-шароит ва имкониятлар изчил жорий этилмоқда. Хусусан, мустақил ҳаётга қадам қўяётган ёш оилаларга зарур ёрдам кўрсатиш, амалий рағбат ва барқарор даромад манбаларини шакллантириш механизмини яратиш, уларнинг тураржой ва маиший шарт-шароитларини яхшилаш мақсадида 2007 йил 18 майда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ёш оилаларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди. Ҳар бир ҳудудда янги иш ўринлари ташкил этиш, ёшларни кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка фаол жалб қилиш, ёш оилаларга ўз бизнесини ташкил этиши учун микрокредитлар ажратиш ишлари кучайди. Бугун Ўзбекистонда ёш оилаларга ипотека ва истеъмол кредитлари ажратиш орқали уй-жой сотиб олиш ёки қуришда, рўзғорини бутлашда ҳар томонлама ёрдам кўрсатилмоқда. Истеъдодли, жамиятда фаол ёшларга “Камолот” уйлари қуриб берилаяпти.
Навқирон авлоднинг эртанги куни бугунгидан-да ёрқин бўлишига хизмат қилаётган давлат миқёсидаги ғамхўрлик ва эътибор самаралари ўз эътирофини топмоқда. 2012 йил февраль ойида Тошкентда ўтказилган “Юксак билимли ва интеллектуал ривожланган авлодни тарбиялаш — мамлакатни барқарор тараққий эттириш ва модернизация қилишнинг энг муҳим шарти” мавзуидаги халқаро конференцияда 48 давлатдан, 8 та халқаро ташкилот ҳамда таълим жамғармаларидан 270 нафар вакил қатнашиб, Ўзбекистоннинг ёш авлод таълим-тарбияси борасида тўплаган тажрибаси ҳар томонлама андоза олишга арзигулик эканини юқори баҳолади. Хорижлик экспертлар, айниқса, Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган махсус жамғарма кўмагида болалар спортини ривожлантиришга устувор эътибор қаратилаётгани, “Умид ниҳоллари”, “Баркамол авлод”, Универсиада мусобақаларидан иборат уч босқичли бетакрор тизим яратилганини юксак эътироф этишди.
Хулоса ўрнида айтганда, Ўзбекистон ёшлари халқимизнинг ишончи ва таянчи бўлиб, янада гўзал ҳамда чароғон келажагимизни бунёд қилишга дадил интилмоқдалар. Бунинг учун уларга барча шарт-шароит муҳайё этилган, улкан имкониятлар эшиги кенг очиб берилган.


Мақсуд ЖОНИХОНОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn