«Хабеас корпус» институти ва инсонпарварлик тамойиллари
  • 10 Ноябрь 2015

«Хабеас корпус» институти ва инсонпарварлик тамойиллари

Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан “Хабеас корпус” институти — инсон ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилишнинг ишончли кафолати” мавзуида матбуот анжумани ташкил этилди.

Таъкидланганидек, истиқлол йилларида суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш, жиноий жазони либераллаштириш, суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлаш, суд қарорлари ижросини такомиллаштиришга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, 2001 йил 29 августда “Жиноий жазоларнинг либераллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Жиноят, Жиноят-процессуал кодекслари ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонун қабул қилинди. Шу саъй-ҳаракатлар натижасида суд жараёнига халқимиз менталитети, бағрикенглигига мос келадиган ярашув институти татбиқ этилди. 
Миллий қонунчилигимиздан мустаҳкам ўрин эгаллаган “Хабеас корпус” институти туб замирида ҳам инсонпарварлик тамойиллари ўз ифодасини топган. Дастлабки тергов босқичида суд назоратини кучайтириш ва мазкур соҳада суд фаолиятини либераллаштириш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар кўрилиб, мазкур институт амалиётга татбиқ этилди. Давлатимиз раҳбарининг 2005 йил 8 августдаги Фармонига мувофиқ,  2008 йил 1 январдан эътиборан қамоққа олишга санкция бериш ҳуқуқи судларга ўтказилди. 2007 йил 11 июлдаги “Қамоққа олишга санкция бериш ҳуқуқи судларга ўтказилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ, қамоққа олишга санкция бериш ҳуқуқи судлар томонидан амалга оширилишига оид қонунчилик асослари яратилди.
— Бугунги кунда суриштирув, дастлабки тергов ва суд жараёнида “Хабеас корпус” институти самарали қўлланилиб, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари таъминлаб келинмоқда, — дейди Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьяси Неъматжон Акбаров. — Бу борада Президентимизнинг тегишли фармонлари, қонунлар ҳамда Олий суднинг “Судга қадар иш юритиш босқичида қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасининг судлар томонидан қўлланилиши тўғрисида”ги қарори дастуриламал бўлаётир. Муҳими, соҳа қонунчилиги изчиллик билан такомиллаштирилмоқда.
Тадбир иштирокчилари Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси “Хабеас корпус” институти қўлланилиши доирасини кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этаётганини алоҳида таъкидлашди. Ушбу Концепция асосида 2012 йил 18 сентябрда қабул қилинган “Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонунга кўра, судгача иш юритув босқичида шахсни лавозимидан четлаштириш, тиббий муассасага жойлаштириш каби процессуал мажбурлов чораларини фақат судья санкцияси асосида амалга ошириш тартиби жорий этилди. Бу фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари дахлсизлиги, улардан суд қарорисиз маҳрум этишга ёки уларни чеклаб қўйишга ҳеч ким ҳақли эмаслиги ҳақидаги конституциявий нормаларнинг таъминлашида муҳим роль ўйнамоқда.
Анжуманда, шунингдек, 2014 йил 4 сентябрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ, “Хабеас корпус” институтини қўллаш доираси янада кенгайтирилганига ҳам эътибор қаратилди. Яъни уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чораси жорий этилиб, шахсга нисбатан уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш ва унинг муддатини узайтириш судлар ваколатига киритилди. Бу билан, аввало, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ҳамда эркинликларини одил суд орқали муҳофаза қилиш имконияти янада кучайди ва қўшимча кафолатлар белгиланди. Айни чоғда суд мустақиллиги ҳамда суд ҳокимиятининг таъсирчанлиги ошди.


Зокир ХУДОЙШУКУРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn