Тадбиркор маҳсулотини экспорт қилди
  • 10 Ноябрь 2015

Тадбиркор маҳсулотини экспорт қилди

Оқолтин туманидаги “Сардоба текстиль” масъулияти чекланган жамиятида тикув ва тўқув цехи баробар фаолият кўрсатаётгани маҳсулот таннархини арзонлаштириш имконини бермоқда.

Бу ерда тайёрланаётган бир неча турдаги трикотаж буюмлар бежиримлиги билан ажралиб туради. Қолаверса, шунинг ҳисобидан корхона эҳтиёжи тўлиқ таъминланаяпти.
— Тез кунда яна бир тўқув цехини ишга туширамиз, — дейди жамият раҳбари Толиб Раҳимов. — Бу орқали келгусида бошқа корхоналарга ҳам газламалар сотишни йўлга қўямиз. Шунингдек, айни пайтда бичув цехини автоматлаштирилган электрон дастгоҳлар билан жиҳозлаш ҳамда эркаклар кўйлакларини ишлаб чиқаришга ҳозирлик кўраяпмиз. Ушбу лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилгач, яна 25 та қўшимча иш ўрни яратилади.
Айтиш лозимки, “Ташаббус — 2015” кўрик-танловининг республика босқичида “Энг яхши тадбиркор” номинацияси бўйича учинчи ўринни эгаллаган мазкур корхонада жорий йилнинг тўққиз ойида 622 минг АҚШ долларидан зиёд маҳсулот экспорт қилинди. Бошқача айтганда, тайёрланган жами кийим-кечакларнинг 80 фоизи хорижий ҳамкорларга етказиб берилди.
Умуман, вилоятда шу йилнинг январь — сентябрь ойларида маҳаллий экспортчи корхоналар томонидан 60,4 миллион АҚШ долларилик товарлар ташқи бозорда сотилди. Шундан 20,2 миллион АҚШ доллари енгил саноат ва чарм маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган тадбиркорлик тузилмалари ҳиссасига тўғри келди.


Аҳмадали ШЕРНАЗАРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn