Маҳалланинг «Ота-оналар университети» аҳолининг оилавий муносабатлар билан боғлиқ билимларини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда
  • 06 Ноябрь 2015

Маҳалланинг «Ота-оналар университети» аҳолининг оилавий муносабатлар билан боғлиқ билимларини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда

Мамлакатимизда баркамол авлодни тарбиялаш, улар ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш масаласига алоҳида эътибор қаратилаётгани бежиз эмас. Зеро, бугун оилаларда камолга етаётган, таълим муассасаларида пухта билим эгаллаётган, маҳалла аҳли кўз ўнгида улғаяётган ёшларимиз юртимизнинг эртанги тараққиёти учун масъул ҳисобланади.

Шу боисдан оила, маҳалла ва таълим муассасаси ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш чора-тадбирлари ишлаб чиқилиб, амалиётга татбиқ қилинмоқда.
Айни чоғда ушбу ҳамкорлик самарадорлигини оширишга қаратилган услубий асосларни яратиш, ота-оналарнинг фарзанд тарбиясидаги ролини кучайтириш, уларнинг ёшларни тарбиялаш бўйича ҳуқуқий, маънавий-ахлоқий ва физиологик билимларини янада бойитишга кўмаклашиш йўналишида ҳам кенг кўламли ишлар бажарилаяпти. Бу борада, шубҳасиз, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қошида ташкил этилган “Ота-оналар университети” ҳам муҳим ўрин тутади.
“Маҳалла” хайрия жамоат фонди республика бошқаруви маълумотига кўра, ушбу жамоатчилик тузилмалари томонидан биргина жорий йилнинг 9 ойи давомида ота-оналар ҳуқуқий билимларини ошириш бўйича 26 мингга яқин, маънавий-ахлоқий билимларини мустаҳкамлашга қаратилган 31 мингдан ортиқ, физиологик билимларини бойитиш юзасидан эса 21 мингдан зиёд тадбирлар ўтказилган. Жумладан, бугунги кунда “Ота-оналар университети”да оила ҳуқуқи, маънавияти ва иқтисодиёти, тиббий-биологик асослари, маънавий-ахлоқий тарбия, ушбу масканда соғлом турмуш тарзи каби йўналишларда машғулотлар олиб борилмоқда. Шу билан бирга, фуқаролар йиғинларидаги жамоатчилик комиссиялари, умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар билан ҳамкорликда қиз болаларни тарбиялаш, уларнинг замонавий билим ҳамда касб-ҳунарларни эгаллашига ёрдамлашиш, эрта никоҳлар ва оилавий низоларнинг олдини олиш, тўй ҳамда бошқа маросимларни ихчам ва тартибли ўтказишга йўналтирилган “Кенгашли тўй тарқамас”, “Келин ва қайнона муносабати”, “Мен бахтли она бўламан”, “Она бўлишга тайёрмисиз?”, “Оила ва никоҳ — муқаддас”, “Оилавий қадриятлар”, “Оилада келиннинг роли”, “Сиз оила бўсағасида”, “Оила ва саломатлик” каби мавзуларда тарғибот тадбирлари ўтказиб келинаётир.
Бухоро туманидаги “Дўстлик” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида 200 га яқин ёш оила истиқомат қилади. Уларнинг аксарияти маҳалла ҳузурида жамоатчилик асосида ташкил этилган “Ота-оналар университети”нинг фаол тингловчиларидир.
— Университет машғулотларига маҳалламизда истиқомат қилаётган ҳуқуқшунос, тиббиёт ходими, психолог, педагог ҳамда катта ҳаётий тажрибага эга зиёлиларни, шунингдек, ҳудуддаги ташкилотларнинг малакали ходимларини жалб этмоқдамиз, — дейди ушбу жамоатчилик тузилмаси раҳбари Самия Жўраева. — Тадбирларда ота-оналарнинг дунёқараши, ҳуқуқий ва физиологик билимларини оширишга эътибор қаратаяпмиз. Бу оилаларда соғлом муҳитни, ўқувчи-ёшлар давоматини ҳамда бандлигини таъминлашда, уларни спорт машғулотлари ва тўгаракларга йўналтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
— Маҳалламиз қошидаги “Ота-оналар университети”да обрў-эътиборга эга 9 киши фаолият юритаяпти, — дейди Нукус шаҳридаги “Шоирлар овули” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Муратбек Тажимуратов. — Ушбу тузилма томонидан ота-оналарни бола тарбияси ҳақидаги билимлардан воқиф қилиш, уларнинг ёш авлод тарбиясига оид ҳуқуқий, маънавий-ахлоқий, физиологик билимларини оширишга кўмаклашиш, оилаларда соғлом турмуш тарзини қарор топтиришга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Машғулотларда маҳаллада истиқомат қилаётган ёш келин-куёвлар, оила қуриш бўсағасида турган ўсмирлар, фарзанд тарбиясида, оилани бошқаришда муайян маслаҳатга муҳтож бўлган фуқаролар иштирок этаётир. Тадбирлар доирасида оиланинг ҳуқуқий, маънавий, иқтисодий, ахлоқий, тиббий-биологик асослари ва ушбу масканда соғлом турмуш тарзини қарор топтиришга йўналтирилган машғулотлар ташкил қилинаётгани улар учун манфаатли бўлмоқда.
— “Ота-оналар университети”нинг бир нечта машғулотларида иштирок этдим, — дейди Нукус юридик коллежи ўқувчиси Рамуза Палванова. — Айниқса, тўй ҳамда бошқа маросимларни ихчам, миллий урф-одат ва анъаналарга мос ҳолда ўтказиш, оила маънавияти билан боғлиқ аждодларимиз ўгитларининг мазмун-моҳиятига бағишланган тадбирлар менда катта таассурот қолдирди. Уларда сўзга чиққан маҳалладошларимнинг ёшлар тарбиясига оид ҳаётий мисоллари, жўяли фикрларидан тегишли хулосалар олдим.
Шўрчи туманидаги “Ёш ғайрат” маҳалла фуқаролар йиғинида салкам 3500 нафар аҳоли истиқомат қилади. Яқинда бу ерда намунавий лойиҳалар асосида 45 та уй-жой қурилиб, ҳудуд кўркига кўрк қўшилди. Янги массивда аҳоли учун барча шарт-шароит муҳайё қилинган.
Бундай ғамхўрликка жавобан маҳалла аъзолари ўзларини ҳар жабҳада намоён этмоқда. Фуқаролар йиғинида кейинги йилларда кичик бизнес ҳамда оилавий тадбиркорлик ривожланиб бораётгани эътиборлидир. Маҳалла фаоллари аҳолига томорқадан самарали фойдаланиш ва кам таъминланган оилаларга ҳовлисида қорамол ҳамда парранда боқиши учун шарт-шароит яратиб беришга кўмаклашмоқда.
— Бундай ютуқ ва натижаларда фаолларимиз, жумладан, “Ота-оналар университети” аъзоларининг салмоқли ҳиссаси бор, — дейди мазкур маҳалла фуқаролар йиғини раиси Ўрол Шерхонов. — Катта ҳаётий тажрибага эга, эл орасида обрў-эътибор қозонган 11 кишилик жамоа аъзолари ҳудудимиздаги ота-оналарга фарзанд тарбиясига доир билимларини юксалтиришга ёрдамлашиб келаяпти. Ана шу фидойи инсонлар саъй-ҳаракати билан оилавий ажрашиш ҳамда низоли ҳолатларнинг олди олинмоқда. Шуларга мос равишда жорий йилнинг ўтган даврида ҳудудимизда ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ҳамда жиноятчилик ҳолатлари умуман қайд этилмади.
— Маҳалламизда “Ота-оналар университети” фаолияти самарали йўлга қўйилган, — дейди Самарқанд шаҳридаги “Ўзбекистон” маҳалла фуқаролар йиғинининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси Кимё Абдурашидова. — Ҳудудимизда 630 та оила бўлиб, ота-оналарнинг ҳуқуқий ҳамда маънавий-ахлоқий билимларини ошириш бўйича муҳим режалар ишлаб чиқилган. “Ота-оналар университети” ўтказаётган йиғилишларда фарзанд тарбияси, оилани бошқариш ва унинг бюджетини шакллантириш, шунингдек, болани тўғри овқатлантириш каби масалалар муҳокама қилинаяпти. Ушбу машғулотларда ички ишлар, халқ таълими, тиббиёт муассасалари ходимлари, олий ўқув юртлари ўқитувчилари қатнашаётгани айни муддао бўлаётир. Масалан, шифокор Г. Элтазарованинг “Соғлом оила қандай шаклланади?” мавзуидаги чиқишидан кўпчилик аёллар ўзлари учун зарур тиббий билимларни олди.
Пойтахтимиздаги “Қушбеги” маҳалла фуқаролар йиғини фаолиятини самарали ташкил этишда ҳам “Ота-оналар университети”нинг аҳамияти катта. Унинг таркибига ибратли оилалар вакиллари, тажрибали муаллимлар, ижодкор ҳамда олимлар киритилган. Улар томонидан фарзанд тарбиясига оид масалаларда ота-оналарнинг малакасини оширишга қаратилган машғулотлар олиб борилмоқда.
— Мазкур тузилма аъзолари томонидан жорий йилнинг ўтган даврида кўплаб машғулотлар ўтказилди, — дейди ушбу фуқаролар йиғинининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси Доно Қорабоева. — Тадбирларга ижодкорлар, шифокорлар, ўқитувчилар жалб этилди. Натижа шунга яраша бўлаяпти, фуқароларнинг ҳуқуқий, физиологик ҳамда маънавий-ахлоқий билимлари бойиб, уларнинг оилага нисбатан масъулияти янада юксалмоқда.
Мухтасар айтганда, бугунги кунда маҳаллалар, улар ҳузуридаги турли жамоатчилик тузилмалари, хусусан, “Ота-оналар университети” оилаларни ҳар томонлама мустаҳкамлаш, ота-оналарнинг фарзанд тарбияси билан боғлиқ билимларини бойитишга кўмаклашишда, маҳаллалар ва оилаларда соғлом турмуш тарзини қарор топтиришда фаол қатнашмоқда.

«Халқ сўзи» мухбирлари
материаллари асосида тайёрланди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn