Ёшлар учун «Камолот» уйлари
  • 06 Ноябрь 2015

Ёшлар учун «Камолот» уйлари

Юртимизда эртамиз эгаларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор берилмоқда. Президентимизнинг 2014 йил 6 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишларни янги босқичга олиб чиқди.

Ушбу муҳим ҳужжатга мувофиқ, Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 8 сентябрдаги “Мамлакатнинг ижтимоий ҳаётида фаол қатнашаётган ёш оилаларни уй-жой билан таъминлашни янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан мамлакатимизнинг турли ҳудудларида “Камолот” уйлари бунёд этилиб, ёшларга имтиёзли кредитлар асосида берилмоқда.
Марғилон шаҳрида ҳам ана шундай тураржой биноси барпо қилинди. Бунёдкорлик ишларига 3 миллиард сўмдан зиёд маблағ йўналтирилди. 46 хонадонга мўлжалланган мазкур “Камолот” уйининг фойдаланишга топширилиши муносабати билан ташкил этилган тантанали маросимда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари қатнашди. Унда сўз олганлар юртимизда янги авлод вакилларининг жамиятда муносиб ўрин эгаллашлари йўлида Юртбошимиз раҳнамолигида кенг қамровли ишлар амалга оширилаётганини таъкидладилар.
— Турмуш ўртоғим билан шинам уйимиз бўлишини орзу қилардик, — дейди “Ўзтелеком” Марғилон филиали ходими, спортчи Дилмурод Абдураҳмонов. — Энди икки хонали хонадонга эгамиз. Давлатимиз биз, ёшларга ғамхўрлик кўрсатиб, шундай қулай имкониятлар яратиб бераётган экан, бунга жавобан бор кучимиз ва билимимизни ишга солиб, юртимиз равнақига ўз ҳиссамизни қўшиш бурчимиздир.

Маъмур  МУСУЛМОНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn