Испания матбуоти: «Тошкентда бўлиб ўтадиган нуфузли анжуман янги имкониятлар эшигини очиб беради»
  • 05 Ноябрь 2015

Испания матбуоти: «Тошкентда бўлиб ўтадиган нуфузли анжуман янги имкониятлар эшигини очиб беради»

Жорий йилнинг 5-6 ноябрь кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган Халқаро инвестициявий форум арафасида Испаниянинг “Sercobe” саноат ускуналари ишлаб чиқарувчилари уюшмаси веб-саҳифасида мазкур тадбирга бағишланган мақола эълон қилинди.

Унда таъкидланишича, ушбу нуфузли анжуман давомида хорижлик меҳмонлар юртимизнинг давлат хусусийлаштириш дастурига киритилган етакчи корхоналари фаолияти билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўладилар. Шунингдек, йирик хорижий сармоядорлар мамлакатимизда бизнес юритиш бўйича ўз тажрибалари билан ўртоқлашадилар.
Қайд этилишича, мазкур форум Ўзбекистоннинг тез суръатлар билан ўсиб бораётган иқтисодиёти учун янги имкониятлар эшигини очиб беради.
Ўз навбатида, Испаниянинг энг йирик нашрларидан бири — “Intereconomia” веб-порталида юртимиз сармоявий салоҳиятига бағишланган материал эълон қилинди.
Унда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш бўйича олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар миллий иқтисодиётга хорижий капитални жалб этиш кўрсаткичлари ўсишига замин яратаётгани алоҳида таъкидланган. “Ўзбекистондаги ишбилармонлик муҳити жаҳон ҳамжамияти томонидан юқори баҳоланаяпти. Чет эллик ҳамкорлар иштирокида ташқи бозор талабларига жавоб берадиган ва рақобатдош маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи юқори технологияли корхоналарни ташкил қилиш бўйича кўплаб лойиҳалар амалга оширилмоқда”, дейилади мақолада.
Қолаверса, унда республикамиздаги сиёсий ҳамда макроиқтисодий барқарорлик, энергия мустақиллиги, қулай жуғрофий жойлашув ва йирик бозорларга яқинлик Ўзбекистоннинг сармоявий жозибадорлигини ташкил этувчи асосий омиллар сифатида санаб ўтилган. Сўнгги омил ҳақида сўз юритгани ҳолда, Испания нашри юртимизда тараққий этган транспорт инфратузилмаси мавжудлиги туфайли ўарбий ҳамда Шарқий Осиё ва Европанинг йирик ҳамда тез суръатларда ривожланаётган бозорларига чиқиш имкониятига эга эканлигини эътироф этади.
Ўзбекистон, шунингдек, ўзининг салоҳиятли кадрлари, ишончли банк тизими, махсус индустриал зоналарида яратилган кўплаб имтиёз ва афзалликлари билан хорижлик инвесторларни ўзига жалб қилмоқда, дея ёзилади мазкур интернет порталида.

«Жаҳон» АА.
Мадрид

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn