Тараққиётнинг муҳим мезони
  • 04 Ноябрь 2015

Тараққиётнинг муҳим мезони

Иқтисодиёт ривожи — мамлакат салоҳиятини белгиловчи муҳим мезон. Ушбу соҳадаги барқарор ўсиш суръатлари, ўз навбатида, бошқа жабҳалар равнақига ҳам кенг йўл очади. Шу боис тараққиётнинг “ўзбек модели”даги машҳур беш тамойилдан бирида иқтисодиётнинг сиёсатдан устунлиги белгилаб берилган. Бунинг амалий самараси эса бугунги фаровон ҳаётимиз мисолида яққол намоён бўлмоқда. Айниқса, давлатимиз томонидан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига кенг имтиёзлар тақдим этилаётгани уларнинг ташқи савдо муносабатларидаги иштироки тобора кенгайишига хизмат қилаётир.

Хусусан, ўтган йили Жиззах вилоятидаги саноат тузилмалари томонидан 45 миллион 641,2 минг АҚШ долларига тенг маҳсулотлар ва хизматлар экспорт қилинди. Жорий йилда эса ушбу кўрсаткични 85 миллион АҚШ долларига етказиш кўзда тутилмоқда.
Бунда ўаллаорол туманида иш бошлаган “Наргиза текс” масъулияти чекланган жамияти жамоасининг ҳам муносиб ҳиссаси бор.
— Маҳсулотларимиз тўлиқ ташқи бозор учун мўлжалланган, — дейди корхона бўлим бошлиғи Сардор Эгамқулов. — Айни пайтда 117 минг АҚШ долларилик экспорт шартномаларини амалга ошираяпмиз. Айтиш жоизки, соғлом рақобат муҳитида буюртмачилар ишончини қозониш, уларнинг дидига мос либослар тикиш катта масъулият талаб қилади. Қолаверса, мода ва дизайн оламида урфлар тез-тез янгиланиб туриши барчага яхши маълум. Шу боис жамоамиз доимий изланишда. Цехларимизга ўрнатилган 126 та замонавий дастгоҳ ёрдамида сифатли трикотаж маҳсулотлари тайёрлашга ҳаракат қилаяпмиз. Япониядан келтирилган ушбу ускуналарни бошқариш жараёнида ёш мутахассисларнинг кўмаги катта бўлмоқда. Яъни касб-ҳунар коллежларини тамомлаган 50 нафар йигит-қизни жамоамиз сафига қабул қилганимиз туфайли ишимиз енгил кўчаяпти.
Дарвоқе, “Наргиза текс”да жорий йил бошидан ишлаб чиқариш жараёнига киришилган бўлса-да, корхона мутахассислари болалар ва катталар учун тикилаётган маҳсулотлар турини 15 тага етказишга эришишди. Ўз навбатида, либосларга бежирим нақш солиш ўзлаштирилди. Масалан, “TAJIMA” русумли илғор технологик ускуна Дилдора Эгамбердиева бошлиқ чеварлар ихтиёрига берилган. Бу дастгоҳ ёрдамида 3-4 дақиқада 15 донагача кийимга чиройли безаклар тушириш мумкин.
— Харидорлар ранглар уйғунлигига алоҳида эътибор беради, — дейди дизайнер Сарвиноз Эштемирова. — Биз табиатдаги асосий ранг компонентларидан замонавий ускуналар ёрдамида 250 миллион кўринишдаги ишланмаларни яратиш имкониятига эгамиз. Бу эса маҳсулотларимизга ажойиб жозиба, жило, ёрқинлик бағишламоқда.
“Наргиза текс” ёрлиғи туширилган кийим-кечаклар шу пайтгача, асосан, Ҳамдўстлик давлатларига экспорт қилинаётган эди. Эндиликда корхона раҳбарияти италиялик ҳамкорлар билан умумий  қиймати 4 миллион 140 минг АҚШ долларига тенг маҳсулот етказиб бериш юзасидан музокаралар олиб бораяпти. Бу, албатта, Ўзбекистоннинг саноат салоҳиятига бўлган катта қизиқиш ифодасидир.
Айни пайтда жамиятда иш қизғин. Бу ерда бир навбатда 3 минг донагача трикотаж буюмлари тайёрланаяпти. Жорий йил якунигача хориждан 41 замонавий тикув дастгоҳи келтирилиши билан ушбу кўрсаткич янада ошади.
Пухта бизнес-режа муваффақият калитидир. Буни яхши англаган “Наргиза текс” жамоаси янгиликка интилишда давом этмоқда. Чунончи, ҳадемай, бу ерда спорт либослари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш чоралари кўрилаяпти. Муҳими, бунинг учун уларда имконият ҳам, салоҳият ҳам етарли.


Тожиддин ҚАМАРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn