Ўзбекистон бозори барқарор ва истиқболли
  • 04 Ноябрь 2015

Ўзбекистон бозори барқарор ва истиқболли

Президентимиз Ислом Каримов фармойишига мувофиқ, жорий йилнинг 5-6 ноябрь кунлари пойтахтимизда Халқаро инвестициявий форум бўлиб ўтади. Мазкур нуфузли анжуманда 250 дан ортиқ хорижий компаниялар, халқаро иқтисодий ва молиявий тузилмаларнинг раҳбар ҳамда вакиллари, олимлар ва экспертлар иштирок этади. ЎзА мухбирлари анжуман қатнашчилари билан суҳбатда бўлди.

Эдгар КЛОЗЕ, Бранденбург Технологиялар ва инновацияларни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш институти бошқаруви раиси, профессор (Германия):
— Ушбу нуфузли форумга таклиф этилганимдан бахтиёрман. Президент Ислом Каримов томонидан пухта ва ғоят тўғри ишлаб чиқилган, машҳур беш тамойилга асосланган тараққиётнинг “ўзбек модели” асосида Ўзбекистон барча соҳада юксак натижаларга эришмоқда. Юртингизда амалга оширилаётган ислоҳотлар замирида инсон манфаатларини таъминлаш, халқ фаровонлигини ошириш, аҳоли турмуш тарзини юксалтириш, баркамол авлодни тарбиялаш каби хайрли мақсадлар мужассам экани диққатга сазовор.
Халқаро инвестициявий форум Ўзбекистон иқтисодиётининг янада равнақ топишига хизмат қилиши шубҳасиз. Хорижий ишбилармонлар, жумладан, Германия бизнесменлари Ўзбекистон билан савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни янада ривожлантиришдан манфаатдор. Зеро, Ўзбекистон бозори Марказий Осиёдаги энг йирик ва истиқболли бозордир.

Тай Хён ЧИ, “D&H International” компанияси бош ижрочи директори (Жанубий Корея):
— Ўзбекистон иқтисодиёти юксак суръатларда ривожланмоқда. Глобал молиявий-иқтисодий инқироз даврида ҳам мамлакатингизда ялпи ички маҳсулот ўсиши 8 фоиздан зиёдни ташкил этаётир. Бу мамлакатингиз иқтисодиётига инвестиция киритишга катта ишонч бағишлайди.
Ўзбекистонда саноатнинг барча тармоғига юқори технологиялар, ноу-хаулар жорий этилмоқда ва бу орқали ишлаб чиқаришда катта натижаларга эришилаяпти.
Жанубий Корея бу борада Ўзбекистон билан фаол ҳамкорлик қилаётир. Биз мамлакатингиздаги сармоявий муҳит ҳақида тўлиқ маълумотга эгамиз. Халқаро анжуман доирасида Ўзбекистон компаниялари билан музокара ўтказишни, ҳамкорлик учун муайян бизнес йўналишини танлашни режалаштирганмиз.

Луижи ИПЕРТИ, “Италия — Ўзбекистон” қўшма савдо палатаси президенти, “Techint Industrial Corporation Spa” компанияси вице-президенти ва ижрочи директори (Италия):
— Ўзбекистонда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, иқтисодиётнинг барча тармоғига хориж сармоясини жалб этишга алоҳида эътибор қаратилаётир. Бу соҳада қабул қилинаётган ҳуқуқий ҳужжатлар ва амалга оширилаётган чора-тадбирлар хорижий сармоядорларнинг Ўзбекистон билан ҳамкорликни мустаҳкамлашга қизиқишини оширмоқда.
Ўзбекистон билан Италия ўртасидаги алоқалар саноат, қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик ва мода каби кўплаб соҳаларда изчил тараққий этмоқда. Хусусан, ташкилотимиз 15 йилдан зиёд вақт мобайнида мамлакатингиз билан савдо ҳамда сармоявий соҳаларда ҳамкорлик қилиб келмоқда. Бу муносабатларни янада мустаҳкамлаш, Ўзбекистонда янги юқори технологик ишлаб чиқаришларни барпо этиш, тўқимачилик саноатини ривожлантиришда фаол қатнашиш ниятидамиз. Бу борада Тошкентда ўтказиладиган Халқаро инвестициявий форумнинг аҳамиятга катта. Ушбу халқаро анжуман мамлакатингизда бизнес юритишнинг истиқболли йўналишлари билан яқиндан танишиш, ўзаро фикр ва тажриба алмашиш, янги қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш юзасидан музокара олиб бориш имконини беради.

Хуан Рамон ДУРАН, “SERCOBE” саноат жиҳозлари ишлаб чиқарувчилар уюшмаси бош директори (Испания):
— Уюшмамиз таркибидаги 350 дан зиёд компания нефть-газ, тўқимачилик, машинасозлик, энергетика каби соҳаларда иш юритади.
Халқаро инвестициявий форум ишбилармонлар учун жуда фойдали бўлишига ишонаман. Хусусан, уюшмамиз таркибидаги компанияларга мамлакатингизда сармоявий лойиҳаларни амалга ошириш, қўшма корхоналарни ташкил этиш имконини беради. Юртингиздаги турли корхоналар билан танишиш, талаб ва таклифларни ўрганиш, самарали келишувларга эришиш учун замин яратади.


ЎзА мухбирлари
Ирода УМАРОВА,
Нодира МАНЗУРОВА ёзиб олди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn