Кўчмас мулк ва риэлторлик фаолияти
  • 04 Ноябрь 2015

Кўчмас мулк ва риэлторлик фаолияти

Бугун мамлакатимиз аҳолисининг турмуш сифати ва даражаси ошиб бораётгани, хусусий сектор вакиллари сафи тобора кенгайиб, иқтисодий салоҳияти ортаётгани кўчмас мулк бозори жадал суръатда ривожланишида муҳим омил бўлмоқда. Ижтимоий иншоот ҳамда объектларни давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш, янги уй-жойлар барпо этиш ишлари самарасида кўчмас мулк бозорида талаб ҳамда таклиф мутаносиблиги таъминланаяпти.

Бу эса пировард мақсад — халқимизнинг ҳаётини янада яхшилашга, ижтимоий-иқтисодий барқарорликка хизмат қилаётир. Айниқса, 2011 йилнинг 23 июнидан кучга кирган Ўзбекистон Республикасининг “Риэлторлик фаолияти тўғрисида”ги Қонуни  иқтисодиётимизнинг ушбу муҳим тармоғини тартибга солиб, кўчмас мулк бозори иштирокчиларининг манфаатларини кафолатлашда дастуриламал бўлмоқда.
Таъкидлаш ўринлики, мазкур ҳужжат қабул қилингунигача мамлакатимиз кўчмас мулк бозорида риэлторлик, яъни воситачилик фаолиятини мувофиқлаштириш ҳамда назорат қилишда ҳуқуқий бўшлиқ мавжуд эди. Бу касбий билим ва кўникмага эга бўлмаган шахсларнинг даромадли иш билан шуғулланишига, кўчмас мулк харидори ҳамда сотувчилари ўртасида воситачилик қилиш эвазига олган реал даромадини яшириб, давлат бюджетига солиқ тўламаслигига имкон берарди. Ўз фаолиятини ноқонуний амалга ошириб келган маклерлар кўплаб зиддиятли ҳолатларга сабабчи бўлар, кўчмас мулк бозоридаги операция ва кўрсатилаётган хизматлар нархини шакллантиришда суиистеъмолчиликларга йўл қўйилар эди. Риэлторларга нисбатан талаблар қонуний мустаҳкамланиши бу каби муаммоларни бартараф этишда айни муддао бўлди. Шу асосда мамлакатимизни иқтисодий ривожлантиришнинг асосий вазифа ва устувор йўналишларидан келиб чиққан ҳолда, риэлторлик фаолияти лицензиялаш йўли билан давлат томонидан тартибга солинди. Кўчмас мулк бозорида кўрсатиладиган хизматлар сифатини таъминлаш механизмлари ва уларни амалга оширишнинг ҳуқуқий нормалари, тегишли қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик белгиланди.
Бинобарин, “Риэлторлик фаолияти тўғрисида”ги Қонун ҳаётга татбиқ этилиши билан меҳнат бозорида риэлторлик касбининг ўрни ва мавқеи ошди. Эътиборлиси, ҳозирги кунда мазкур жабҳада бир ярим мингдан зиёд киши меҳнат қилаяпти.
Қонунга кўра, риэлторлик фаолиятини юридик ва жисмоний шахслар амалга ошириши мумкин. Бунда жисмоний шахс бўлган риэлторга лицензия кўчмас мулк бозорида фақат ахборот ва маслаҳат хизматлари кўрсатиш учун берилаётир. Риэлторлик ташкилоти эса ариза бериш орқали кўчмас мулк объекти ва унга бўлган ҳуқуқларга доир битимларни тузиш чоғида воситачилик қилиш, кўчмас мулк объектлари ҳамда уларга бўлган ҳуқуқларнинг савдосини ташкил этиш, кўчмас мулк объектларини ишончли бошқариш, кўчмас мулк бозорида ахборот ва маслаҳат хизматлари каби бир ёки бир неча турдаги хизматларни кўрсатмоқда.
Албатта, риэлторлик фаолиятини юритиш учун ихтисослаштирилган ўқув марказлари томонидан бериладиган малака сертификатига эга бўлиш лозим.
Тегишли қонунчиликка асосан, соҳада лицензиялаш ва сертификатлаш жараёнларининг очиқ ҳамда ошкоралиги таъминланаётгани, ушбу муҳим ижтимоий масъулиятли бизнеснинг қўллаб-қувватланаётгани ўз натижасини бермоқда. Бошқача айтганда, юртимизда қонуний фаолият юритаётган риэлторлар ва риэлторлик ташкилотлари сони мунтазам кўпаяётир.
Яна бир жиҳат шундаки, “Риэлторлик фаолияти тўғрисида”ги Қонун ижроси доирасида 2012 йилда Риэлторлик ташкилотлари уюшмаси ташкил этилди. Шу ўринда мазкур нодавлат нотижорат ташкилоти риэлторлик институтини ривожлантиришда алоҳида аҳамият касб этаётганини таъкидлаш жоиз. Бугун уюшма аъзолари таркибида олтмишга яқин риэлторлик ташкилотлари бирлашган ва уларнинг йигирматаси айнан вилоятларда хизмат кўрсатмоқда.
Риэлторлик ташкилотлари уюшмаси малакали риэлторлик хизматлари кўрсатиш тизимини такомиллаштириш, ушбу секторда соғлом рақобат муҳитини барқарорлаштириш, риэлторлик фаолияти субъектларининг давлат органлари ва истеъмолчилар билан ўзаро ҳамкорлигини ривожлантириш йўлида қатор ишларни олиб бораётир. Жумладан, ўз аъзоларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, риэлторлик фаолияти бўйича илғор миллий ва хорижий тажрибаларни ўрганиш, маълумотлар базасини яратиш, замонавий ахборот технологияларидан кенг фойдаланган ҳолда иш унумдорлигини оширишда сезиларли натижаларга эришилаяпти.
Шунингдек, Риэлторлик ташкилотлари уюшмаси вакиллари риэлторлик фаолиятини лицензиялаш ва бўлажак риэлторларни малака имтиҳонидан ўтказиш комиссиялари ишларида иштирок этмоқда. Бундан ташқари, улар риэлторлик хизмати миллий стандартлари лойиҳаларини тайёрлашда фаоллик кўрсатаяпти.
Кўчмас мулк бозори тобора ривожланиб, риэлторларга нисбатан ишонч ва уларнинг хизматларидан фойдаланишга бўлган интилиш  ортиб бораётганига қарамай, ҳамон ноқонуний воситачилик фаолияти билан шуғулланаётган маклерлар учраётгани сир эмас. Бундай шахсларга нисбатан белгиланган тартибда чоралар кўрилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, Давлат солиқ қўмитаси, Бош прокуратура ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши кураш департаменти вакилларидан иборат ишчи гуруҳи кўчмас мулк бозорида қонунчиликни бузаётганлар фаолиятига чек қўйишмоқда.
Мухтасар айтганда, юртимизда риэлторлик фаолиятини босқичма-босқич такомиллаштиришга қаратилаётган эътибор самарасида кўчмас мулк бозори изчил ривожланаяпти. Қонуний ҳуқуқ ва мажбуриятларини чуқур ҳис этган, касбий билим ҳамда кўникмаларга эга, малакали хизмат кўрсатувчи риэлтор ва риэлторлик ташкилотлари кўмагига таяниш кўчмас мулк савдоси ҳамда ундан кейинги жараёнларда турли  муаммолар келиб чиқишининг олдини олишга хизмат қилмоқда.


Абдумалик АЛИЕВ,
Риэлторлик ташкилотлари уюшмаси ижрочи директори.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn