Ғамхўрлик, саховат ва эҳтиром
  • 02 Ноябрь 2015

Ғамхўрлик, саховат ва эҳтиром

Ёши улуғларни эъзозлаш, ҳурматини жойига қўйиш — халқимизга хос фазилатлардан. Бинобарин, кексаси бор хонадон ҳамиша файзу фариштали бўлади. Маслаҳатли тўй тарқамас, деганларидек, ота-оналарнинг дуоси билан бошланган иш ҳам ижобий ечим топади.

Мустақилликнинг дастлабки йилларидан бошлаб асрлардан-асрларга ўтиб келаётган ана шундай анъана ва қадриятларимиз янгича мазмун-моҳият касб этди. Юрт равнақига муносиб ҳисса қўшиб, бугунги кунда кексалик гаштини сураётган отахону онахонлар учун бир қатор имтиёз ҳамда қулайликлар яратилди. Жорий йилнинг “Кексаларни эъзозлаш йили” деб номлангани ва шу асосда Давлат дастури қабул қилиниб, ижроси таъминланаётгани нуронийларга кўрсатилаётган эътибор ҳамда ғамхўрликнинг яна бир яққол ифодасидир.
Республика уруш ва меҳнат фахрийлари пансионатида истиқомат қилаётган қарияларнинг тақдири бир-бирига ўхшайди.  Уларнинг кўпчилиги фарзандларидан эрта айрилган ёки боқувчисини йўқотган. Айни пайтда бу ерда республикамизнинг турли ҳудудларидан келган 135 нафар қария истиқомат қилмоқда. Уларнинг ҳар бири учун алоҳида хоналар ажратилган, барча шарт-шароит яратилган.  Ҳар бир хонада телевизор, музлаткич, мебеллар мавжуд. Шунингдек, 3,2  гектарлик муассаса ҳудудида спорт майдончалари, волейбол, минифутбол, теннис майдонлари бор.
Махсус дастурга асосан, кексалар маданий-маърифий тадбирларда ҳам иштирок этишади. Хусусан, биргина жорий йилнинг ўзида пойтахтимиздаги бир қатор маданият марказлари, кино, театр, маданият ҳамда истироҳат боғлари, муқаддас қадамжолар, шунингдек,  Самарқанд, Бухоро шаҳарларига саёҳатлар ташкил этилди. Бундай хайрли тадбирларни амалга оширишда саховатпеша ҳомийлар кўмаги қўл келмоқда.
Пансионатда ҳаваскорлик дастаси ҳам ташкил қилинган бўлиб, мусиқа, қўшиқ ва рақс уларнинг ҳаётига мазмун киритса, санъаткорлар иштирокидаги байрам дастурлари кўнгилларга завқу шавқ улашади. Бу ерда истиқомат қилаётганларнинг аксарияти ўзгалар парваришига муҳтож бўлгани учун шифокорларнинг доимий назоратида бўлишади. Узоққа бормайлик, биргина шу йилнинг ўзида нуронийларимиз Тошкент тиббиёт академияси, Республика ихтисослаштирилган кардиология маркази, Тошкент стоматология институти мутахассислари томонидан текширувдан ўтказилди. Улардан 15 нафарига пойтахтимиздаги “Стелларис” хусусий клиникаси томонидан сунъий тиш қопламаси қўйиб берилган бўлса, Республика кўз касалликлари шифохонасининг малакали шифокорлари ўн нафар отахон ва онахонни жарроҳлик йўли билан даволадилар.
Анна Шербекованинг ёши тўқсонда. Яқинда у кўз жарроҳлиги муолажасини бошидан кечирди. Ҳозир онахон ўзини жуда яхши ҳис этаяпти, ҳатто, пайпоқ, жемперлар тўқияпти. Қисқаси, пансионатимизда истиқомат қилаётган нуронийлар кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрлик учун Президентимиздан миннатдор.
Айтиш жоизки, саховатпеша юртдошларимиз ҳам бундай савоб ишлардан четда қолишаётгани йўқ. Гап шундаки, ана шундай қўли очиқ кишилар қарияларимиз ҳолидан хабар олиб, улар учун совға-саломлар келтириб туришади.
Кексаларимизга кўрсатилаётган меҳр-оқибат улар қалбини тоғдек кўтаради. Зеро, мамлакатимизда нуронийлар моддий ва маънавий қўллаб-қувватланаётгани инсон омилига бўлган эътибор ифодасидир.

Турсунмурод ЭШИЕВ,
Республика уруш ва меҳнат фахрийлари пансионати директори.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn